Бирлашган Миллатлар Ташкилоти унга аъзо мамлакатларда электрон ҳукумат тадқиқотини ўтказиб, ҳар икки йилда электрон ҳукумат ривожланиши бўйича мамлакатлар рейтингини эълон қилиб боради.
Жорий йил 28 сентябрда эълон қилинган 2022 йилги БМТ Электрон ҳукумат ривожланиши рейтинги натижаларига кўра, Ўзбекистон 2020 йилги рейтингга нисбатан 18 поғонага юқорилаб, 193 та давлат ичида 69-ўринни эгаллади.
Ушбу семинар айнан БМТнинг Электрон ҳукумат тадқиқотини тайёрлашга масъул бўлган БМТ Иқтисодий ва ижтимоий ишлар департаменти (UN DESA) билан ҳамкорликда Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази томонидан ташкил этилди.
Тадбирда Корея, Эстония, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Арманистон, Озарбайжон ва Грузия давлатлари, шунингдек, халқаро ташкилотлардан жами 40 га яқин хорижий иштирокчилар қатнашди.
АКТ ҳафталиги тадбирларида иштирок этиш учун Самарқандга семинарнинг асосий спикери – БМТ Иқтисодий ва ижтимоий ишлар департаменти Электрон ҳукумат бўлими раҳбари Винченсо Акуаро ҳам ташриф буюрди.