2026 йил Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида (Италия) бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида

    Ҳужжатлар 2 июл 2022 5542

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ–60-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларининг навбатдаги ёзги ва қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиши учун тайёргарлик ишларини жадаллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–127-сон қарорига мувофиқ:

    1. 2026 йил Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида (Италия) бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига (кейинги ўринларда – қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинлари) қуйидагилар Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлашнинг устувор вазифалари этиб белгилансин:

    илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда ҳамда инновацион технологияларни кенг жорий қилиш орқали ҳудудларда зарур инфратузилмани яратиш;

    қишки спорт турлари бўйича нодавлат спорт-таълим муассасалари, клублар ва тўгараклар тармоғини кенгайтириш, уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш;

    мавжуд салоҳият ва имкониятлардан келиб чиқиб, ҳудудларни қишки олимпия ва паралимпия спорт турларига ихтисослаштириш, ушбу ҳудудларда қишки спорт турларини ривожлантириш;

    қишки спорт турлари бўйича миллий терма жамоа аъзоларини шакллантириш, шунингдек, нуфузли халқаро ва минтақавий мусобақаларда уларнинг иштирокини таъминлаш.

    2. Қуйидагилар:

    2026 йил Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида (Италия) бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 1-иловага мувофиқ;

    2026 йил Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида (Италия) бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш бўйича мақсадли кўрсаткичлар (кейинги ўринларда – Мақсадли кўрсаткичлар) 2-иловага мувофиқ;

    2026 йил Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида (Италия) бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўрувчи Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг контингенти 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    3. Қуйидагилар дастурни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

    спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасида назарда тутиладиган Давлат бюджети маблағлари;

    Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджети маблағлари;

    спорт федерация (ассоциация)лари, жамғармалари, клублари, шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари маблағлари;

    жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

    қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

    4. Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг 2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида:

    фигурали учиш, конькида учиш, шорт-трек, кёрлинг, хоккей, парахоккей ва паракёрлинг бўйича профессионал спортчи, малакали тренер ва бошқа мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳудудида замонавий муз саройи барпо этиш;

    Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Чимён қишлоғида фристайл, тоғ чанғиси, сноуборд, паратоғ чанғиси, парасноуборд, парахоккей, паракёрлинг каби спорт турларини ривожлантириш мақсадида спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактабига қарашли “Пахтакор” спорт базаси негизида қишки спорт турлари бўйича миллий терма жамоа аъзолари учун 60 ўринга мўлжалланган Олимпия тайёргарлик марказини ташкил этиш;

    Тошкент шаҳрида Қишки спорт турлари бўйича республика ихтисослаштирилган спорт мактабини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

    Спортни ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Қурилиш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда уч ой муддатда Қишки спорт турлари бўйича республика ихтисослаштирилган спорт мактаби фаолиятини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритсин.

    5. Белгилаб қўйилсинки:

    қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларига спортчиларни комплекс тайёрлаш ва уларнинг натижадорлигини ошириш мақсадида 2023 йилдан бошлаб ҳар йили спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режасида қишки Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари (республика спорт мусобақалари, халқаро спорт мусобақалари, ўқув-машғулот йиғинлари, Осиё ҳамда Жаҳон чемпионатлари ва кубоклари) учун 15 миллиард сўмгача маблағлар ажратиш назарда тутилади;

    қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларининг навбатдаги ёзги ва қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиши учун тайёргарлик ишларини жадаллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–127-сон қарорининг 1-бандида кўрсатилган миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

    6. Белгилансинки, Мақсадли кўрсаткичлар:

    қишки Олимпия ўйинлари бўйича 29 та дастурда иштирок этиш ҳамда 7 та спорт тури бўйича 8 та лицензияни қўлга киритиш, шу жумладан, 3 та истиқболли олимпия спорт тури (чанғида югуриш, фристайл ва кёрлинг) бўйича 10 та дастурда иштирок этишни;

    қишки Паралимпия ўйинлари бўйича 4 та дастурда иштирок этиш ҳамда паратоғ чанғиси бўйича 2 та лицензияни қўлга киритиш, шу жумладан, парахоккей бўйича дастурда иштирок этишни назарда тутади.

    Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси:

    Мақсадли кўрсаткичлардаги қишки спорт турлари бўйича дастурларда спортчиларнинг иштирокини таъминласин, бу борада спорт федерация (ассоциация)ларининг фаолиятини самарали ташкил этсин;

    спорт федерация (ассоциация)лари раҳбарлари билан биргаликда спортчиларнинг Мақсадли кўрсаткичлардаги дастурларда қатнашиши ва лицензияларни қўлга киритиши учун масъул эканлиги белгилансин.

    7. Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда қишки спорт турларини ривожлантириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин:

    Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрини фигурали учиш, хоккей, шорт-трек, кёрлинг, парахоккей, паракёрлинг спорт турларига ихтисослаштириш;

    Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг тоғли ҳудудларини тоғ чанғиси, сноуборд, фристайл, ski-альпинизм, паратоғ чанғиси, парасноуборд спорт турларига ихтисослаштириш;

    илғор ва инновацион технологияларни жалб қилган ҳолда салоҳиятли ҳудудларда зарур инфратузилмани яратиш, бу борада инвесторларни жалб этиш, уларга бўш ер майдонларини белгиланган тартибда ажратиш ва қурилиш ишларига рухсат бериш;

    тоғли ҳудудларда жойлашган спорт-таълим муассасаларида тоғ чанғиси ва ski-альпинизм бўйича бўлимлар ташкил этиш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

    муз саройлари мавжуд ҳудудларда фигурали учиш, конькида учиш, шорт-трек, кёрлинг, хоккей, парахоккей, паракёрлинг бўйича бўлимлар ташкил этиш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

    қишки спорт турлари бўйича нодавлат спорт-таълим муассасаларини ташкил қилиш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

    қишки спорт турлари бўйича ҳудудлар кесимида миллий терма жамоа аъзоларини шакллантириш ва 2023 йилдан бошлаб республика мусобақаларида уларнинг иштирокини тўлиқ молиялаштириш;

    мавжуд салоҳият ва имкониятдан келиб чиқиб, ҳудудларда қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларига спортчиларни тайёрлаш бўйича ҳомийларни бириктириш.

    8. 2026 йил Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида (Италия) бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаш мақсадида спорт федерация (ассоциация)ларига бириктирилган спорт базалари рўйхати 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан биргаликда спорт федерация (ассоциация)лари томонидан мазкур қарорга 4-иловага мувофиқ бириктирилаётган спорт базаларидан доимий равишда фойдаланилишини, зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминласин. Бунда, ушбу чора-тадбирлар ўз тизимида тегишли спорт базалари бўлган вазирлик ва идораларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

    9. Спортни ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси билан биргаликда:

    Дастур бажарилишини тизимли таҳлил ва мониторинг қилиш, масъул вазирлик, идора ва ташкилотларга кўмак бериш ва методик ёрдам кўрсатиш, кўрилаётган чоралар натижалари, миллий терма жамоаларнинг қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик ҳолати, Дастурга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича асосли таклифларни ишлаб чиқиш ва киритиб бориш;

    манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда спорт федерация (ассоциация)ларини жалб қилган ҳолда, спорт базаларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда уларни замонавий спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминлаш, шунингдек, миллий терма жамоаларни тайёрлаш учун қулай ижтимоий, маиший ва моддий шароитлар яратиш бўйича ишларни ўз вақтида ва сифатли ташкил этишни таъминласин.

    10. 2026 йил Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида (Италия) бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаш бўйича Республика комиссияси (кейинги ўринларда – Республика комиссияси) ташкил этилсин ҳамда унинг таркиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    11. Республика комиссияси (А.Н. Арипов):

    икки ой муддатда қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида спорт федерация (ассоциация)ларига зарур шарт-шароитлар яратиш учун уларни тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга бириктирсин, шунингдек, бу борада ушбу ташкилотларнинг аниқ вазифаларини белгиласин;

    қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш учун зарур бўладиган бюджет, бюджетдан ташқари маблағлар, шунингдек, ҳомийлик хайриялари миқдорини кўриб чиқсин ва белгиласин;

    Дастурда назарда тутилган ҳамда манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотларнинг зиммасига юклатилган вазифа ва топшириқлар ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатсин, Дастурга мувофиқ амалга оширилиши лозим бўлган ишларнинг ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиш ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриб борсин.

    12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси билан келишилган ҳолда икки ой муддатда миллий терма жамоа спортчиларининг қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларига сифатли тайёргарлик кўришини таъминлаш мақсадида ушбу қарорга 2-илова билан тасдиқланган Мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича ҳудудий дастурларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин. Бунда, қуйидагилар назарда тутилади:

    бюджетдан ташқари маблағлар ва ҳомийлик хайриялари ҳисобидан спорт базаларини қуриш, қайта қуриш, капитал таъмирлаш, шунингдек, улардан тўлиқ ва самарали фойдаланиш учун тегишли шарт-шароитлар яратиш, замонавий спорт анжомлари ва жиҳозлари, шу жумладан, автотранспорт воситалари билан таъминлаш;

    қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган миллий терма жамоа спортчилари, тренерлари ва бошқа мутахассисларни моддий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг маиший шароитларини яхшилаш;

    республика ва халқаро спорт тадбирлари ҳамда ўқув-машғулот йиғинларида қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган ҳудудий терма жамоа спортчилари, тренерлари ва бошқа спорт мутахассисларининг узлуксиз иштирокини таъминлаш;

    жойларда қишки олимпия ва паралимпия спорт турларини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш, услубий қўллаб-қувватлаш ва мониторинг қилиш мақсадида спорт федерация (ассоциация)ларининг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш, шунингдек, уларнинг молиявий ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш.

    13. Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти, қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон спортчилари тўғрисида қисқа метражли видеороликлар ҳамда махсус кўрсатувлар тайёрланишини ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

    14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 февралдаги ПҚ–4583-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистонда қишки спорт турларини 2020-2023 йилларда ривожлантириш дастурига 6-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

    15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб cпортни ривожлантириш вазири А.И.Икрамов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Р.С.Ирматов, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси М.М.Ташходжаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

    Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

    Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар йили 1 январгача Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериб борилсин.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2022 йил 1 июль

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates