Унинг таъкидлашича, юртимизда йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Фақатгина бир йилда 24 миллионга яқин қоидабузарлик қайд этилган бўлиб, уларнинг 19 миллионтаси тезлик чекловлари билан боғлиқ. «Бу ҳолат тизимда нимадир тўғри ишламаётганини кўрсатади», – дейди депутат.
Қодировнинг фикрича, тезлик чекловлари жой, вақт ва заруратдан келиб чиққан ҳолда белгилаши шарт. Масалан, аҳоли яшамайдиган магистрал йўлларда 130 км тезликда ҳаракатланиш имкониятини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга, қизил чироқда ўтиш, хавфли манёврлар орқали қоидабузарлик қилиш ёки бошқа ҳайдовчилар ҳаётига таҳдид солиш ҳолатларига нисбатан жазоларни кескин кучайтириш зарурлигини алоҳида қайд этди.
Депутат давлат хизмат автомобили ҳайдовчиларига нисбатан ҳам адолатли назорат ўрнатиш вақти келганини таъкидлади. «Тартиб ҳамма учун баробар бўлиши керак», – деди у.
Қодиров шунингдек, 40-50 йилдан бери ҳаракатда юрган автомашиналарни босқичма-босқич истеъмолдан чиқариш таклифини қўллаб-қувватлади. Унинг айтишича, бу муддатни 25-30 йилгача қисқартириш ҳам ўринли бўлиши мумкин. Аммо аҳоли учун қулай шарт-шароитлар ва қулай таклифлар тайёрланиши лозим.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида ички ишлар тизими ходимларини тайёрлаш масаласи ҳам депутат эътиборидан четда қолмади.
«Бу соҳада фақат ишини яхши биладиган, олий маълумотли, жамият учун намунали бўлган ходимлар хизмат қилиши керак. Жамият формадорлар билан фахрланиши керак», – деди у.
Алишер Қодировнинг таъкидлашича, тартиб жамият учун ҳаётий зарурат ҳисобланади. Аммо унга адолатли ёндашмасдан туриб, яхши натижага эришиб бўлмайди. Давлат раҳбари иштирокида ўтган очиқ ва таҳлилий руҳдаги йиғилишда мазкур масалалар атрофлича муҳокама қилинди ва қонунчиликка зарур ўзгаришлар киритиш юзасидан маслаҳатлашувлар бошланди.









