Энг асосийси, юқори ҳақ тўланадиган янги иш ўринлари кўпайиб, аҳоли турмуши фаровонлашиб бораверади!
Давлатимиз раҳбарининг ташаббусига кўра, Тошкент вилояти, хусусан Паркент туманида ҳам бошланган мана шундай хайрли ишлар изчилликда давом этмоқда.
Жумладан, Паркент тумани ҳокими Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигидаги “Лимаомоали метал компаний” қўшма корхонаси вакиллари билан учрашди.
Унда Паркентнинг Ҳисорак ҳудудида “Саноат туризм комплекси” ташкил этилишининг таклиф лойиҳаси бўйича музокара ўтказилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган тақдимотда дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Ҳисорак ҳудудидаги 100 гектар ер майдонида ташкил этилиши мўлжалланаётган лойиҳага 50 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестисия жалб қилинади.
Мазкур лойиҳага кўра, ҳудудда Хитой давлатидан олиб келинган мевали ва манзарали интенсив боғлар, виночилик уйлари, дам олиш масканлари, миллийлигимиз акс этган космик капсулали меҳмонхоналар, фан ва технология музейи, ҳайратомуз ресторанлар ишга туширилади.
Йилига 320 минг сайёҳни жалб қилиши кўзда тутилаётган мазкур лойиҳа 2027 йилнинг 1-чорагида ишга тушиши режалаштирилган.
Ҳоким Элмурод Пўлатов мулоқотлар давомида хорижий ҳамкорларга Паркент туманидан кўпроқ ишчи олиши кераклигини айтиб ўтди.
Ўзаро музокараларда ушбу лойиҳада юқори ҳақ тўланадиган 100 та янги иш ўрнига Паркент аҳолиси орасидан 80 киши қабул қилиниши белгиланди.











