Куни кеча бошланган тадбирларнинг биринчи кунида ёшлар адлия идораларига ташриф буюриб, уларнинг фаолияти билан танишган бўлса, бугун Нукус шаҳридаги Мономарказда “Адлия сайли” ҳуқуқий акцияси ўтказилди.
Сайилга фуқаролар, адлияга бириктирилган ёшлар, Нукус шаҳрида жойлашган барча олий ўқув юртлари, техникумлар, мактаблар, Ички ишлар академияси, “Темурбеклар мактаби”дан жами 2000 га яқин киши ташриф буюрди.
Тадбирда адвокатлар, нотариуслар, суд тизими ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари иштирок этгани айни муддао бўлди. Фуқаролар ўзларини ўйлантирган турли муаммолар бўйича мутахассисларга, масъулларга мурожаат қилиш имконига эга бўлди.
“Саломатлик учун беш минг қадам” лойиҳасида барча фаол иштирок этди. Шундан кейин совринли викториналар, спорт мусобақалари, маданият ходимларнинг концерт дастури, ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ярмаркаси, “Ҳунармандлар” уюшмаси кўргазмаси, сайёр қабуллар, меҳнат ярмаркалари, ҳарбий чиқишлар намойиш этилиб, аҳолига тиббий хизматлар кўрсатилди.
Сайил давомида Мудофаа бошқармаси ходимларининг концерт дастури, спортчи-ёшлар томонидан каратэ, гимнастика ва дзюдо бўйича чиқишлари намойиш этилди. Ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ярмаркаси, Хадича Сулаймонова номидаги суд экпертизаси ҳудудий бўлими ва Ички ишлар вазирлигига тегишли хизмат буюмлари кўргазмаси бўлиб ўтди.
Давлат хизматлари маркази томонидан сайёр тартибда 20 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. О.Айтимбетов ва Ш.Қидирбаеваларнинг турмуш қуриб, 8 ойдан бери бирга яшаб келаётгани, аммо никоҳи қайд этилмагани муаммоси шу ернинг ўзида ҳал этилди. ФҲДЁ бўлими томонидан уларга никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, айримларга фарзандларининг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар топширилди.
Эътиборлиси, сайёр қабулда аҳоли томонидан 40 га яқин мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 12 таси шу ернинг ўзида ҳал қилинди ва 28 таси назоратга олинди.
Тизимда хотин-қизлар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга яратиб берилаётган имкониятларни янада кенгроқ тушунтириш мақсадида маҳаллаларда етакчи мутахассисларни жалб қилган ҳолда “Аёлларга имтиёзлар” мавзусида суҳбатлар ташкил қилинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, адлия тизимида ёшлар билан ишлаш масаласи ҳар доим муҳим ўринда туради. Адлия вазирлиги томонидан оталиққа олинган ёшлар бугун 500 нафарни ташкил қилмоқда. Улар билан манзилли ишлаш мақсадида 2 минг 355 нафар адлия ходими бириктирилган. 339 минг 402 нафар ёшлар билан учрашилиб, анкеталар ва “йўл харита”лар шакллантирилган. Ушбу учрашувлар давомида ёшларнинг 33 мингдан зиёд муаммолари аниқланиб, шундан 60 фоизи ижобий ҳал қилинди.
“Адлия сайли” яна ҳам қизғин тус олиши мақсадида интеллектуал ўйинлар ҳам ўтказилди. Ғолибларга вазирлик томонидан диплом ҳамда совғалар топширилди.
Бундай тадбирлар аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ватанпарварлик туйғуларини янада кучайтиришга хизмат қилади.