Андижон шаҳри собиқ ҳокими янги лавозимга тайинланди

    Андижон шаҳар ҳокими Ғофур Абдураҳмоновнинг қарори билан Андижон шаҳри собиқ ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

    Дилмурод Раҳматуллаев таълим тизимида турли лавозимларда ишлаган. Бир муддат вилоят халқ таълими бошқармасини бошқарган. 2016-2019 йилларда эса Андижон шаҳри ҳокими вазифасида ишлаган.

    Раҳматуллаев 2017 йилда ўқитувчиларни ҳақорат қилгани аудиоси билан жамоатчиликнинг муҳокамаларига сабаб бўлганди.

    2018 йилнинг апрелида ўтказилган видеоселекторда шаҳар кўчаларини ободонлаштириш учун бюджет ташкилоти ходимлари, жумладан, мактабгача таълим муассасалари ходимларини тадбиркорлардан гул ва дарахт кўчатларини анча қиммат нархга сотиб олишга мажбурлагани учун бош вазир томонидан ҳайфсан олган ҳамда охирги маротаба огоҳлантирилганди.

    2019 йилнинг августида эса у ҳақда видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлганди.