Андижон шаҳридаги парҳез таомлар ошхонасида ошпаз бўлиб ишловчи З.М. ўзининг фойдаланувида бўлган телефон аппарати ёрдамида «Instagram», «Telegram», «WhatsApp» тармоқларида профиллар очиб, улар орқали диний-экстремистик ташкилотларнинг «ҳижрат» ва «жиҳод» тўғрисидаги материалларини тинглаб, томоша қилган.
Шунингдек, у Сурия Араб Республикасидаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» ҳамда «Ғуроба катибаси» террористик ташкилотлари сафида бўлган андижонлик 3 нафар фуқаро билан 2023 йилнинг май ойидан мулоқотга киришиб, уларнинг таъсирида Сурияга кетишни мақсад қилган. Лекин, оилавий муаммолар сабабли режасини амалга оширолмаган.
Бундан ташқари, 2023 йилнинг август декабрь ойлари давомида ушбу фуқароларнинг оилааъзолари ва танишлари берган жами 7150 АҚШ доллари ҳамда 41 млн. 230 минг сўм пул маблағини мобил иловалардан фойдаланган ҳолда, криптовалюта билан шуғулланувчи шахсларнинг ҳисоб рақамларига ўтказиш орқали уларга етказиб берган. Яъни, улар ушбу пул маблағларини криптовалюта билан шуғулланувчи шахслардан ўзлари учун зарур бўлган хорижий валюта кўринишида қабул қилиб олишган.
Шу билан биргаликда, З.М. улардан бирининг шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи бўлган, Тошкент шаҳрида яшовчи аёлни 2023 йилнинг 19 декабрь куни «Дўстлик» чегара ўтказиш пункти орқали Қирғиз Республикасига ўтказиб, келгусида Туркия орқали Сурия давлатига етиб бориши учун Ўш шаҳридаги аэропортга кузатиб қўйган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида З.М.нинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди. У 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Таъкидлаш лозимки, Суриядаги 3 нафар андижонликдан бири қуролли тўқнашувларда аянчли ўлим топган.