Афсуски, бу муаммо ҳали ҳам замонавий дунё учун долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) тақиқланган моддаларнинг жаҳон бозорларини доимий равишда назорат қилади ва ўрганади, ваколатли ташкилотлар томонидан соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган тушунтириш ишлари олиб борилади. Жумладан, ҳар йили 26 июнь куни жаҳон ҳамжамияти 1987 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан таъсис этилган Халқаро гиёҳвандлик ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш кунини нишонлайди.
БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, сўнгги 10 йил ичида дунё бўйлаб гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар сони 23 фоизга, яъни 296 миллион кишига, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш билан боғлиқ соғлиғи муаммоларига эга бўлганлар сони эса 45 фоизга ошиб, 39,5 миллиондан ортиқ кишини ташкил этмоқда.
Гиёҳванд моддаларни ноқонуний сотиш бозорларида синтетик моддалар тобора кўпроқ устунлик қилмоқда. Мамлакатимиздаги гиёҳвандлик ҳолатини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, ҳозирги вақтда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар орасида синтетик психостимуляторлар кенг тарқалган бўлиб, уларнинг арзонлиги, ишлаб чиқаришнинг осонлиги ва тезлиги асосий сабабдир.
Ҳеч кимга сир эмаски, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилувчи шахслар сонининг кўпайиши нафақат криминоген вазият ва давлат хавфсизлигига, балки саломатлик даражаси ва жамиятнинг демографик ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шундай қилиб, гиёҳванд моддаларни мунтазам истеъмол қилишга мойиллик руҳий ва жисмоний функцияларнинг оғир бузилишига олиб келади, одамларни жиноятга ундайди ва ҳаётимизнинг деярли барча жабҳаларига таъсир қилади, нафақат гиёҳвандларнинг ўзлари учун, балки уларнинг яқинлари учун ҳам фожиага айланади ва атрофдагилар учун кўплаб жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.
Ёшларнинг гиёҳвандликка тобора кўпроқ жалб этилиши, яъни гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчи шахсларнинг ёшариб бориши алоҳида ташвиш уйғотмоқда. Ёшлар томонидан, шу жумладан вояга етмаганлар иштирокида, содир этилиб, аниқланган гиёҳвандлик жиноятлари сонининг кўпайиши бунинг далилидир.
Ҳозирги вақтда - рақамлаштириш даврида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари интернетда гиёҳванд моддалар савдоси соҳасидаги ноқонуний фаолиятни аниқлаш ва кузатиш ҳамда жиноий таъқибни амалга оширишда бироз қийинчиликларга дуч келмоқда. Гиёҳванд моддаларни сотиш учун ижтимоий тармоқлар савдо майдончалари сифатида тобора фаол қўлланилмоқда, бу эса бизга бундай гиёҳванд моддаларнинг, айниқса болалар ва ўсмирлар учун қулайлиги ошишидан хавотирланишга асос беради.
Республикамизда гиёҳвандликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш ва унинг оқибатларини минималлаштириш, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишнинг янги тенденцияларига ўз вақтида жавоб бериш ва муносиб жавоб чораларини ишлаб чиқиш мақсадида 2024 йил 6 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва миллат генофондига салбий таъсирини бартараф этишга доир стратегик чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармонга кўра, илғор хорижий тажриба, халқаро экспертлар, жумладан, БМТ экспертларининг хулосалари ва тавсиялари асосида ишлаб чиқилган 2024 - 2028 йилларда Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятчиликка қарши курашиш миллий стратегияси тасдиқланди. Ушбу Миллий стратегияни амалга ошириш доирасида барча давлат органлари ва ташкилотлари учун асосий устувор вазифа этиб қуйидагилар белгиланди:
- аҳолида, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларда гиёҳвандликка қарши иммунитетни, ўқувчилар ва талабалар ўртасида кучли таъсир қилувчи препаратларни истеъмол қилишга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, таълим муассасаларида психоактив моддалар тарқалишининг олдини олишга қаратилган янги таъсирчан ахборот-тарғибот ва тарбиявий-профилактика механизмларини жорий этиш;
- аҳолига янги усуллар асосида сифатли наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантиришга, гиёҳвандлик ва заҳарвандликнинг барвақт олдини олиш, ташхис қўйиш, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш;
- гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар ва прекурсорларнинг, айниқса, Интернет тармоғи орқали ноқонуний айланишининг янги усулларига чек қўйиш, ушбу йўналишда тезкор-қидирув, тергов ва эксперт-криминалистика чора-тадбирлари комплексини, биринчи навбатда, уларни рақамлаштириш орқали ривожлантириш;
- давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари, дорихоналар томонидан тиббиётда гиёҳвандлик воситаларидан фойдаланиш амалиётини назорат қилишнинг таъсирчан механизмларини яратиш, шунингдек, фармацевтика корхоналари ҳамда гиёҳвандлик воситаларининг улгуржи ва чакана савдосини амалга оширувчи субъектларнинг жавобгарлигини ошириш;
- гиёҳвандликни даволаш ва наркожиноятчиликка қарши курашиш соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, ушбу йўналишдаги илмий тадқиқотлар, хулосалар, ютуқлар ва инновацияларнинг амалиётга жорий этилиши ва тарқатилишини таъминлаш.
Хулоса қилиб айтганда, гиёҳвандликка қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг стратегик мақсадларини рўёбга чиқаришда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудини гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний олиб кирилиши, тайёрланиши ва тарқатилишидан ҳимоя қилишнинг самарали тизимини яратишда қўлимиздан келганча ёрдам кўрсатиш нафақат Ўзбекистон фуқароси сифатида, балки соғлом, бахтли, тинч ва тараққийпарвар ҳаёт ва келажакни яратишга масъул бўлган инсон сифатида ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Абдуллаев Рустам Қаҳраманович,
ТДЮУ, юридик фанлар фалсафа доктори









