Тошкент вилоятида ўзини ИИО ходими деб фуқародан пул ундирган шахслар қўлга олинди

    Жорий йил ноябрь ойида Чирчиқ шаҳрида икки нафар шахс фуқаро (Р.Ҳ.)га ўзларини ИИО ходими сифатида таништириб, уни жиноятда айблаш ҳамда иш жойига хабар бериш билан қўрқитиб, яшаш хонадонига бостириб кирган ва ундан пул талаб қилган.

    Бу ҳақда ТОшкент вилояти ИИББ ахборот хизмати хабар қилди.

    Қайд этилишича, сохта ходимлар жабрланувчидан банк картаси орқали дастлаб 2,5 млн сўм ва мобил телефонини олиб, кейинчалик уни қайтариш эвазига 200 АҚШ доллари олишга эришган. Шундан сўнг телефонидаги шахсий видеоларни тарқатиш билан таҳдид қилиб, яна 20 млн сўм талаб қилиб келган.

    Ўтказилган тезкор тадбир натижасида 2003 йилда туғилган икки шахс (Б.Ш. ва М.У.) жабрланувчидан олдиндан келишилган 10 млн сўмни олаётган вақтида ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси вилоят бошқармаси ҳамда тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан ушланди. Суриштирув давомида уларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга алоқаси йўқлиги аниқланди.

    Мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар ички ишлар бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилди.

    Шунингдек, уюшган жиноятчиликка қарши кураш доирасида Юқори Чирчиқ туманида пул тикиш асосида “хўроз уриштириш” ўйинларини ташкил этган шахслар аниқланиб, воқеа жойидан 9 дона жангари хўроз, пул маблағлари ва электрон таймер ашёвий далил сифатида олинди. Ўйинга пул тиккан 130 нафар шахсга маъмурий чора кўрилган бўлса, ўйинларни ташкил этган 3 нафар шахсга нисбатан ЖКнинг 278-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар процессуал тартибда "қамоқ"қа олинди.

    Эслатиб ўтамиз, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш етти йилгача, товламачилик жинояти содир қилганлар эса 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates