Депутатлар бугун, 15 апрелдаги Қуйи палата мажлисида «Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2024 йил 27 сентябр) ратификация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.
Қайд этилишича, ушбу қонун лойиҳасида икки давлат ўртасидаги фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга қаратилган ҳамкорликни йўлга қўйиш, бир томон фуқароларини бошқа томон ҳудудида унинг фуқаролари билан бир хилдаги ҳуқуқий ҳимояга эга бўлиш, фуқаролик ва иқтисодий масалаларда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига ушбу томон фуқаролари учун белгиланган шартларда мурожаат қилиш ҳуқуқи билан таъминлаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, икки давлат аҳолисининг фуқаролик ва иқтисодий муносабатларида вужудга келиши мумкин бўлган низоларни ҳал этиш ва суд ҳужжатларини тан олиш каби масалаларда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланяпти.
Мазкур Битим Ўзбекистон билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки давлат ўртасидаги фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.