Банк тизими ва фонд бозори: инвестицион жозибадорлик нима беради?

    Бугунги жаҳон иқтисодиёти глобал рақобатга асосланган. Ҳеч бир миллий иқтисодиёт ўзини ўзи таъминлаш орқали ривожлана олмайди.

    Шу боис, бугун нафақат товар ва хизматлар, балки хорижий инвестициялар жалб қилиш бўйича кескин рақобат кузатилмоқда.

    Мана шундай шароитда ҳукуматлар бизнес учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш, хусусан, мулк дахлсизлигини таъминлаш, солиқ юкини кескин камайтириш, ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштириш, фойдани эркин тасарруф этиш борасида инвесторларга енгилликлар тақдим этиш орқали тўғридантўғри хорижий инвестициялар ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки фақатгина миллий инвестициялар билан мунтазам ўсиб бораётган эҳтиёжларни таъминлаш имконсиз. Бошқа томондан, миллий инвесторлар учун яратилган етарлича шарт-шароитлар хорижий сармоядорларнинг ҳам қизиқиши ортишига хизмат қилади.

    Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг 2022 йил 16 ноябрь куни ўтказилган биринчи ялпи мажлисида ҳам айнан хорижий инвесторларни миллий иқтисодиётимизга жалб қилиш масаласи атрофлича муҳокама этилди. Президентимиз Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлисидаги нутқида барча соҳаларда бўлгани каби банк-молия тизимида, жумладан, соғлом рақобат муҳитини яратиш, тармоқда чет эл банкларини, самарали фонд бозорини шакллантиришга хорижлик инвесторларни фаол жалб қилиш борасидаги ишлар, мавжуд имкониятлар ва улардан самарали фойдаланиш йўллари кўрсатиб ўтилди. Ялпи мажлисда таъкидланганидек, замонавий иқтисодиёт драйвери бўлган хусусий бизнес тараққиёти банкмолия соҳаси ривожи билан узвий боғлиқ. Бунда хусусий бизнес доимий равишда фойдани максималлаштириш мақсадида инновацияларни кенг жорий этишга интилади. Инновациялар учун эса банк-молия тизими бизнесни молиялаштиришнинг ўзаро манфаатли вариантларини таклиф қила олиши лозим. Шунда иқтисодиётнинг реал ва молиявий секторлари комплекс ривожланишининг янада жадаллашувини кутиш мумкин.

    Хусусий сектор давлат иштирокига нисбатан анча самарали Айни вақтда мамлакатимиз банк секторида давлат улуши юқори. Мазкур ҳолатда тижорат банклари инвестицион фаоллик орқали юқори иқтисодий самарадорликка эриша олмаяпти. 2022 йил 9 ойи якунларига кўра, давлат улуши мавжуд банкларнинг умумий капитали 60,3 триллион сўмни ташкил этиб, соф фойдаси 3,9 триллион сўмга етган. Натижада 2022 йилнинг уч чораги бўйича давлат иштирокидаги тижорат банклари капитал рентабеллиги ўртача 6,5 фоиз бўлган. Хусусий тижорат банкларида эса бу кўрсаткич 20,3 фоизни ташкил этган. Шундан ҳам кўриш мумкинки, давлат бизнесда аксарият ҳолатларда муваффақиятли фаолият юрита олмайди. Шу боис, мазкур секторда хусусий инвесторлар, хусусан, хорижий сармоядорларнинг иштироки ниҳоятда муҳим. Банк секторида миллий ва хорижий инвесторларнинг фаоллиги соҳада соғлом рақобат муҳити шаклланиши, бу эса, ўз навбатида, барқарор тараққиётга хизмат қилади. Чунки бу соҳада ҳам хусусий сектор, ҳам хорижий инвесторларнинг фаоллиги тижорат банкларининг инновацион ривожини таъминлайди.

    Мана шулардан келиб чиқиб, Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлисида давлат иштирокидаги тижорат банкларини хусусийлаштириш кун тартибидаги долзарб масала экани яна бир бор таъкидланди. Буни давлат улушини миллий фонд бозорида оммавий савдоларга қўйиш орқали ҳам амалга ошириш мумкин. Фақат бунинг учун тижорат банкларининг инвестицион жозибадорлигини ошириш лозим бўлади. Инвестицион жозибадорликни ошириш эса бир кунлик вазифа ҳамда бир кунда эришиладиган натижа эмас. Айни вақтда давом этаётган рақамли трансформация жараёнида тижорат банклари, аввало, ноликвид ва даромад келтирмайдиган активлардан тезроқ қутулиши, энг асосийси, тижорат фаолияти билан шуғулланиши зарур. Бошқа томондан, электрон платформа орқали рақамли банк хизматларини кенгайтириш ва операцион харажатларини камайтириш натижасида фойдани максималлаштиришга интилиши, пировардида, акциядорларга инфляциядан юқори бозор даромадлилиги асосида мунтазам дивидендлар тўлашга ўтиши шарт.

    Бу йўналишда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида давлат улушига эга тижорат банкларида трансформация жараёнларини якунлаб, 2026 йил якунига қадар банк активларида хусусий сектор улуши 60 фоизгача чиқариш устувор мақсади мустаҳкамланган. Фонд бозори – банк сектори ривожининг муҳим омили Хорижий инвесторлар кенгаши мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан яна бир муҳим вазифа — самарали фонд бозорини шакллантириш масаласи кўтарилди. Айнан фонд бозорини кучайтириш истиқболда тижорат банклари фаолияти ривожи учун муҳим аҳамият касб этади. Чунки иқтисодиётни молиялаштиришда кредит ва фонд бозорлари ўртасида кескин рақобат юзага келиши ҳар иккала соҳанинг рақобатда устунликка интилиши орқали ривожланишни таъминлайди. Бундан эса миллий ишлаб чиқарувчи, капитал зарур бўлган томон арзон капитал жалб қилиш имконига эга бўлади. Шу боис, иқтисодиётни молиялаштириш нуқтаи назаридан молия бозорининг биржа моделини танлаган мамлакатларда банк тизими ҳам юқори даражада ривожланган. Ёки аксинча, иқтисодиётни банк воситасида молиялаштирувчи мамлакатларда ҳам фонд биржалари тўлиқ рақобатчи сифатида ривожланганини кўриш мумкин. Юртимизда айни вақтда иқтисодиётда давлат иштироки юқорилиги эмитентларнинг фонд бозоридаги фаоллигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

    Шу сабабли Хорижий инвесторлар кенгаши йиғилишида иқтисодиётда давлат улушини камайтириш ва хусусийлаштиришни янада чуқурлаштириш асосий мақсадлардан бири сифатида тилга олинди. Қайд этиш керакки, стратегик аҳамиятга эга корхоналарни аниқ белгилаган ҳолда уларда давлат иштирокини сақлаб қолиш лозим. Шунингдек, юқори рентабелли давлат иштирокидаги масъулияти чекланган жамиятларни акциядорлик жамиятларига айлантириш ва улардаги давлат акция пакетини фонд бозорига олиб чиқиш мақсадга мувофиқ. Мазкур амалиётда (битта акция битта лот тартибида) акциялар сони бўйича сотиб олиш мумкин бўлган юқори чегарани белгилаш орқали оммавий савдолар ташкил этиш кенг миқёсда аҳолининг ҳам фонд бозорига жалб қилинишига имкон беради.

    Бу орқали юқори талабни юзага келтириш мумкин, бу эса, ўз навбатида, хусусийлаштириш баҳоси ошишига ҳам хизмат қилади. Худди шундай амалиётни акциядорлик жамиятларидаги давлат эгалигидаги акция пакетлари бўйича ҳам қўллаш лозим. Бу соф корпоратив бошқарув ривожланиши туфайли аҳолида мулкдорга айланиш ва даромадларини ошириб бориш, пировардида, фаровонликни юксалтиришга хизмат қилади. Фонд бозори ривожланишида хусусий корпоратив эмитентлар фаоллиги ниҳоятда муҳим. Бунинг учун эса улар йириклашиб бориши лозим. Ўзбекистонда бизнеснинг микробизнес, кичик бизнес ва ўрта бизнес тоифалари жорий этилаётгани аҳамиятли, албатта. Айнан мазкур тоифалар орқали бизнес субъектлари йириклашиб боради ва истиқболда глобал рақобатга кириша олади.

    Бошқа томондан, бизнеснинг йириклашуви нуқтаи назаридан масъулияти чекланган жамиятларнинг акциядорлик жамиятларига айланиши ҳам муҳим. Гарчи акциядорлик жамиятлари устав капиталига минимал талаб бекор қилинган, корпоратив бошқарувнинг мураккаб тузилмаси соддалаштирилаётган бўлса-да, амалиётда масъулияти чекланган жамиятларнинг акциядорлик жамиятига айланиши сўнгги йилларда деярли кузатилмаяпти. Бунга акциядорлик жамиятлари молиявий ҳисоботларини халқаро стандартлар асосида трансформация қилиш каби талабларнинг жорий қилингани салбий таъсир кўрсатмоқда. Чунки янги ташкил этилган ёки ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш орқали ташкил этилган акциядорлик жамиятлари олдига ҳисоботлар трансформацияси каби мураккаб талаблар қўйилиши ортиқча харажатларга сабаб бўлмоқда. Бу жиҳат ўз-ўзидан янги акциядорлик жамиятлари ташкил этилиши ва фонд бозори ривожини сустлаштиради.

    Халқаро молия бозорига чиқиш вақтидагина молиявий ҳисоботлар трансформацияси бизнес учун кўпроқ натижа келтиради. Демак, соддалаштирилаётган тизимда бу жиҳатларни ҳам инобатга олиб, зарур чораларни белгилаш керак бўлади. Фонд бозори шундай устунликка эгаки, у орқали хорижий инвесторлар ўз мамлакатини тарк этмасдан туриб, бошқа давлатлардаги бизнес субъектларига тўғридан-тўғри инвестиция киритиш имкониятига эга. Демак, бу бозор инвестицияларни ўзлаштириш борасида чегарасиз, шу билан бирга, катта қулайлик тақдим этувчи майдондир. Лекин юртимиздаги фонд биржалари орқали бу амалиётни амалга ошириш имкониятлари ниҳоятда чегараланган. Чунки хорижий ва миллий инвесторларнинг масофадан туриб брокерлик ҳисобрақамлари очиш ва фонд бозори орқали акциядорлик жамиятларига инвестиция киритиш имкониятлари ҳали тақдим этилмаган. Яқин истиқболда мазкур масалани ижобий ҳал қилиш бу борада қўйилган мақсадларимизга эришишда муҳим қадамлардан бири бўлади.

    Бугунги кунда жаҳондаги тенденция кўрсатмоқдаки, хорижий фонд биржаларида молиявий инструментларнинг юзлаб турлари амал қилмоқда. Тошкент республика фонд биржасида эса оддий ва имтиёзли акциялар ҳамда қисман корпоратив облигациялар жойлаштирилган. Жаҳон иқтисодиётида иқлим ўзгаришларидан келиб чиққан ҳолда, глобал яшил тараққиётга интилиш нуқтаи назаридан сўнгги йилларда яшил облигацияларни ҳам муомалага чиқариш, жойлаштириш ва жалб қилинган капитални яшил лойиҳаларга йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ялпи мажлисда мана шу жиҳатлардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда “яшил иқтисодиёт”ни “яшил” молиялаштириш бўйича ишларни жадаллаштириш лозимлиги қайд этилди.

    Бу борада Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида қуёш электр станциясини ишга тушириш бўйича Саудия Арабистонининг “Acwa Power” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа, қатор тижорат банклари томонидан аҳоли хонадонларига қуёш панеллари ўрнатиш бўйича “яшил” кредитлар таклиф қилинаётгани эътиборга молик, албатта. Мамлакатимизда уларга қўшимча равишда “яшил” облигацияларни муомалага чиқариш ва жойлаштириш инфратузилма ва атрофмуҳит билан боғлиқ қатор лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамиятига эга. “Яшил” облигацияларнинг ҳам давлат, ҳам корпоратив эмитентлар томонидан муомалага чиқарилиши истиқболда фонд бозори инструментларининг ортиб боришига хизмат қилади.

    Хулоса ўрнида таъкидлаш мумкинки, банк тизими ва фонд бозорини ўзаро узвий ҳолда ривожлантириш яқин истиқболда глобал рақобатбардошлик ўсиши ва иқтисодий тараққиёт жадаллашувини таъминлайди. Бу жараёнда хорижий инвесторлар фаоллигини ошириш эса самарадорликни янада юксалтиради.

    Самариддин ЭЛМИРЗАЕВ,

    Банк-молия академияси кафедра мудири, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates