Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги: озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама этилди

    Агросектор 8 ноябр 2023 1443

    Хабарингиз бор, Ўзбекистонда ўтказилаётган Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги доирасида Сенат қўмиталарида соҳа ва тармоқлар доирасида муҳокамалар ташкил этиляпти.

    Жумладан, 8 ноябрда Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги агентликлари билан ҳамкорликда “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш” мавзусида семинар ташкил этилди.

    Унда хорижий экспертлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг доимий комиссиялари, миллий экспертлар, Ёшлар парламенти аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

    Семинарда мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни, жумладан, гўдакларни мувозанатли ва сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, шунингдек, 2030 йилга бориб 5 ёшгача бўлган болаларда бўй ва вазннинг секин ўсишига олиб келадиган тўйиб овқатланмасликнинг барча кўринишларига барҳам бериш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида муҳокамалар олиб борилди.

    Мамлакатда ўсмир қизлар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳамда кексаларнинг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи қай даражада қондирилаётгани, қишлоқ хўжалигида озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришнинг ўртача унумдорлигини ва маҳсулот етиштирувчилар даромадини кўпайтириш учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилаётгани бўйича вазирлик ва идораларнинг маърузалари тингланди.

    Шунингдек, семинарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш самарадорлигини оширадиган барқарор озиқ-овқат ишлаб чиқариш тизимларини ва усулларини жорий этиш, соҳада салоҳиятни ошириш, илмий-тадқиқотлар ва замонавий технологияларни ривожлантириш, соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш орқали инвестиция киритишни кўпайтириш борасида кўрилаётган чоралар ҳам муҳокама этилди.

    Таъкидланганидек, салбий оқибатларга озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар, жумладан, ҳосилдорликнинг пасайиши, сув танқислигининг ошиши, ерларнинг деградацияси, касалланишнинг ошиши ва бошқалар киради.

    Ўзбекистон учун ички хавфлар асосан аҳолининг сезиларли даражада юқори ўсиш суръатларидан келиб чиқади. Сўнгги 30 йил ичида аҳоли сони 15 миллионга кўпайиб, бугунги кунда 36 миллиондан ошди. Прогнозларга кўра 2030 йилга келиб Ўзбекистон аҳолиси 40 миллион кишига етади ва бу Марказий Осиё мамлакатлари аҳолисининг деярли ярмини ташкил этади.

    Сув ресурсларининг камайиши, шу жумладан иқлим ўзгариши натижасида камайиши сув ресурсларини бошқариш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ва қўшимча сув манбаларини топиш бўйича фаол чораларни талаб қилади. Ерларнинг деградацияси ва чўлланиш тенденциялари қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланиши ва экологик барқарорликка салбий таъсир қилади.

    Ўзбекистон сўнгги йилларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича энг юқори натижага эришган 10 та давлат орасида юқори ўринни эгаллаб келяпти. Полиз экинлари, картошка, сабзавот, узум, мева, резаворлар ва чорвачилик маҳсулотларини етиштириш сезиларли даражада ошди. Ер муносабатлари соҳасида салмоқли ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, 200 минг гектар экин майдонлари деҳқонлар ихтиёрига топширилди ва бу ўз ўрнида қўшимча озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳамда минглаб қишлоқ аҳолисининг бандлигини таъминлаш имконини беряпти.

    Семинарда қайд этилганидек, сўнгги йилларда пахта ва узум ҳосилдорлигини сезиларли даражада оширишга эришилди, бироқ қурғоқчилик даражаси ортиши ва юзага келаётган иқлим аномалиялари туфайли бир қатор асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигида пасайиш кузатиляпти. Хусусан, полиз экинлари ҳосилдорлиги 17 фоизга, сабзавот ҳосилдорлиги 14 фоизга, дон ва маккажўхори 6 фоизга, картошка қарийб 3 фоизга, буғдой ҳосилдорлиги 1,5 фоизга камайган.

    Семинарда муҳокама этилган масалалар юзасидан Барқарор ривожланиш мақсадлари бажарилишини баҳолаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар ва янги тенденцияларни ҳал этиш соҳасида техник билим ва илғор тажриба алмашинди. Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates