Беҳзод ҲОШИМОВ: Бизда Ватан битта

    Кўпчилик Америка орзуси сабаб океан ортига келади, аммо менинг мақсадим илм олиш ва шу йўналишда фаолиятимни давом эттириш эди.

    Замондошларимиз орасида Беҳзод Ҳошимов номини биладиганлар оз эмас. Айниқса, ёшларнинг кўпи бу тиришқоқ, тиниб-тинчимайдиган тенгдошларига ҳавас қилади. Айримлар уни машҳур тадбиркор, деб ҳисобласа, бошқалар ҳақиқий касби иқтисодчи эканини билади. Унинг иқтисодий мавзулардаги постлари, блогларини ўқиб борадиганлар ҳам талайгина. Иқтисодиёт соҳасида илм йўлини танлаган бу йигит ҳозир 30 ёшда ва АҚШдаги Висконсин университетида талабаларга тадбиркорлик йўналишидан дарс беради. Бу йил Нью-Йорк университетида профессор лавозимида иш бошлайди.

    Ўзига тўқ оилада катта бўлган инсонларнинг ҳаммаси ҳам ўз меҳнатига таянавермайди. Беҳзодда эса бари аксинча ва шунинг учун бўлса керак, бугун у нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсида таниқли иқтисодчилар қаторида туради.

    Беҳзод Ҳошимов Марказий Осиё ишлари бўйича Оксус жамияти, Америка Иқтисодчилар ассоциацияси ва АҚШдаги Стратегик менежмент жамияти аъзоси. АҚШ Патент ва Товар белгилари идорасидан иқтисодий модел патенти соҳиби, Халқаро иқтисодиёт олимпиадасининг (IEO) ҳакамлар ҳайъати таркибидан ўрин олган. Юртимиздаги “Юксалиш” ҳаракати томонидан тузилган Ўзбекистон блогерлари ва инфлюенсерларининг 30 талик рўйхатига киритилган, Ёшлар ишлари агентлигининг “100 китоб” лойиҳаси экспертлар гуруҳи аъзоси.

    Қаҳрамонимизнинг шу вақтгача босиб ўтган йўли, математика соҳасидан бирданига иқтисодиётга ўтиши, жаҳонга машҳур китоб таржимасига муҳаррирлиги ва Президентимиз билан учрашувда кўтарган масалалари ҳақида гапириб берар экан, у дунёнинг қайси бурчагида яшамасин, доим Ўзбекистон тараққиёти учун жон куйдириши шундоқ сезилиб туради.

    Саволларнинг жавоби қаерда?

    — Болаликдан ўзим билмаган ҳолда иқтисодий масалалар ҳақида кўп ўйлардим. Нима учун бизнинг давлат камбағал, деган савол билан катта бўлганман, — дейди Б.Ҳошимов. — Жавобни атрофдан, одамлар орасидан излардим. Юртимизда бу савол шунчалик долзарбки, унга ҳар бир инсоннинг ўз мантиғи бор. Негадир кўпчилик бу муаммога менталитетни сабаб қилиб кўрсатарди. Менимча, бу миллатни ёмон кўриш билан баробар. Яъни, ўзбекистонликлар бой яшашга муносиб эмас ёки қодир эмас, деган фикр мени аччиқлантиради. Бу ўта ножоиз ғоя.

    Бир мисол келтираман. Мен олий ўқув юртининг бакалавр босқичини Сингапурдаги Нанянь технологиялар университетида математика йўналишида тамомладим. Болаликдан математикага қизиқишим ва қобилиятим бўлган. Ўқиш давомида мени доим қийнаган саволларим янада ортди. Гап шундаки, Сингапур бой, фаровон мамлакат ва ўзбекистонликлар билан сингапурликларнинг фарқи нимада, деб ўйлаб, жўяли жавоб тополмасдим. Ўзбекистонликлар ҳам сингапурликлар сингари меҳнаткаш, уддабурон, тадбиркорликни яхши кўради, ёлғон гапирмайди ва бошқа кўплаб ижобий хусусиятлар бор жамиятимизда. Ва бу жамият камбағал яшашга муносиб, дейиш мен учун ўта мантиқсизлик бўлиб туюлади.

    Қолаверса, Сингапур атрофидаги бошқа давлатларда ҳам шундай фарқ кўзга ташланади. Яъни, одамлари бир бўла туриб, яшаш тарзи турлича ва улар Сингапурдан камбағалроқ. Хўш, айрим давлатлар бойроқ, бошқалари камбағалроқ яшашининг асосий фарқи нимада? Ана шу саволларга жавоб излаб, иқтисодий китоблар ўқий бошладим ва магистратура таҳсилини ҳам шу йўналишда давом эттиришга қарор қилдим. Ундан олдин бир муддат Ўзбекистонда ишладим. Тошкентдаги ИНҲА университетида талабаларга олий математикадан дарс бердим. 2013 йилда талабалар алмашинуви дастури асосида АҚШнинг Калифорния штатидаги Беркли университетида бир семестр таҳсил олиб қайтдим. Кейинроқ ушбу мамлакатга магистратура босқичини давом эттириш учун йўл олдим.

    Кўпчилик Америка орзуси сабаб океан ортига келади, аммо менинг мақсадим илм олиш ва шу йўналишда фаолиятимни давом эттириш эди. Ҳозир шу ерда яшайман ва Висконсин университетида илмий тадқиқот олиб бораман. Илмий ишим тадбиркорлик иқтисодиёти билан боғлиқ. Яъни, тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги ўрни, келиб чиқиши, сабаб ва оқибатларини ўрганаман. АҚШдаги капиталист инвесторлар қандай қилиб стартапларга инвестиция киритиши ва ўша жараёндаги коммуникациянинг ўрнини таҳлил қиламан. Ҳар бир мамлакат учун иқтисодиёт муҳим соҳа ва касб эгаларига талаб юқори, демак уларда танлов ҳам кўп. Кимдир хусусий, кимдир давлат ташкилотида ишлайди. Мен эса университетда қолишни ва илмий фаолиятни афзал кўрдим. Менинг миссиям имкон қадар яхшироқ олим бўлиш ва илмий ишлар қилиш. Таълим, илм-фан ривожига ҳисса қўшишни мақсад қилганман. Ва бу илмий ишларимни ўзбек манбаларида ҳам мунтазам бериб бораман, она тилимизда мақолалар ёзаман, иқтисодий мавзуларда китоблар чоп этиб келяпман.

    “Ҳар бир асарнинг иқтисодий мантиғи бор”

    Мен китоб ўқишни хуш кўраман. Фақат иқтисодий эмас, балки турли мавзулардаги китобларни ўқийман. Ўзбек, рус ва инглиз тилларида эркин сўзлаша олганим учун, шу тилларнинг барида мутолаа қиламан. Кўпчилик менга “фақат иқтисодий китоблар ўқийсизми?”, деб савол беради. Мен эса “турли мавзудаги асарларни ўқийман ва уларнинг ҳар бирида иқтисодий мантиғи бўлади”, дея жавоб бераман.

    Масалан, Браун университети профессори Одед Галор ўзининг “Инсониятнинг тарихи: бойлик ва тенгсизлик асослари” китобида бойиш ва бойликни сўнгги 40 минг, 10 минг, охирги 500 йил нуқтаи назаридан таҳлил қилади. Тарихий йўналишдаги ушбу ажойиб китобни ўқиш давомида ҳозир қандай яхши, фаровон замонда яшаётганимизни, инсоният тарихидаги қанчалар омадли авлод эканимизни англаб етиш мумкин. Бир қарашда бу китоб Ювал Ноа Харарининг “Сапиенс”сига ўхшайди, аммо Галор нафақат тарихчи, балки иқтисодчи ҳам бўлгани боис, у ўз китобини Харари йўл қўйган хатоларни қилмай, жуда зўр ёзган. Марк Кояма ва Жэред Рубиннинг 2022 йилда чиққан “Дунё қандай бойиди? Иқтисодий ўсишнинг тарихий манбалари” ҳам Одед Галорнинг китоби билан бир хил мавзуда, қайсидир маънода Галорнинг китобига “комплимент” дейиш ҳам мумкин. Ҳар иккала китобда ҳар хил ёндашув билан — бир хил нарса ҳақида ёзилган. Фақат бунисида мавзу нисбатан чуқурроқ, нисбатан яхши тадқиқ қилинган, кўп нарса ўрганиш мумкин.

    Умуман, мен китоб танлашда унинг йўналишига эътибор қаратмайман ҳамда бадиий (fiction) ва илмий-оммабоп (non-fiction) деган бўлинувни субъектив ва нотабиий деб ҳисоблайман. Масалан, Кафканинг “Жараён” ёки Оруэллнинг “1984” ёхуд Макиавеллининг “Ҳукмдор” асарлари ҳуқуқ, адолат ва қудратни тушунтиришда Афлотуннинг “Давлат” ёки Ролзнинг “Адолат назарияси”дан камроқ ўрганиладиган асарлар эмас. Китоб ўқишдан мақсад нима, деган саволга ҳам ҳар ким турлича жавоб беради. Менимча, китоб ўқишдан кўзланган мақсадлардан бири — жамият қандай фикрлар, фаразлар, мифлар ёки янгича сўзлар билан айтганда, қандай мемлар устида тургани, қурилганини кўришдир. Шундай экан, айрим китобларни нафақат завқли ва фойдали бўлгани, балки фавқулодда муҳим ва уларни ўқиш керак бўлгани учун ҳам ўқиш керак.

    Камбағалликнинг сабаби “менталитет” эмас!

    Иқтисодиёт соҳасига кириб кетишимга ҳам ўқиган китобларим туртки бўлган. Улардан бири эса Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсоннинг “Мамлакатлар таназзули сабаблари: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари” китоби эди. Кейинчалик ушбу асарнинг ўзбекча таржимасига муҳаррирлик қилдим. Бунга мени болаликдан қийнаган яна ўша “Нега айрим мамлакатлар бой, айрими эса камбағал?”, деган савол туртки бўлди. Ва қайсидир маънода шу китоб орқали ўз саволларимга жавоб топдим.

    Чиндан ҳам, нима учун баъзи мамлакатларда, ҳатто ўртамиёна яшайдиган кишиларнинг турмуши, ҳаёти камбағал ўлкалардаги аксар инсонларникидан яхшироқ? Бунга жавоб тариқасида майдонга муаллифлар фойдаланган асосий тадқиқот манбаси — инсоният тарихи чиқади. Ўтмишда ҳам барча давлат бирдек фаровон кун кечирмаган, қадим жамият даромади бугунгига монанд бўлган. Қашшоқлик ва танглик ҳамманинг бўйнига тушган оғир тош эди. Инсоният XVII асргача ҳеч қандай иқтисодий тараққиётни кўрмади ҳисоб. Охирги 250—300 йилда эса ўсиш ва ривожланиш суръати кескин ошди, даромадлар кўпайди. Шу ерда савол туғилади: иқтисодий ўсиш ўзи нима? Бу нима учун муҳим? Айни замондаги турмуш тарзимизни XVII аср шароити билан солиштириш мушкул, лекин келинг, бир уриниб кўрайлик. Агар турар жой, хонадондаги қулайликлар, овқатланиш сифати, соғлиқни сақлаш ва маиший енгилликларга эътибор берилса, фарқ беҳад катталиги дарров билинади. Икки аср олдин ҳозирги гуллаб-яшнаган ўлкаларда очлигу қийинчиликдан вафот этадиганлар сони кўп эди. XVII асрда чақалоқларнинг 30 фоизи бир ёшга етгунча касаллик, носоғлом, сифатсиз турмуш сабаб нобуд бўлар, вазият бугунги энг қашшоқ мамлакатлардаги рақамлардан-да қўрқинчли эди. Тараққий этган ўлкаларда бугун минг нафар чақалоқдан 4 нафари бевақт нобуд бўлади, ўн еттинчи асрда эса ўта юқори: мингдан 300 нафари ўлим билан олишиб, вафот этарди. Ҳозирги натижа ўлим олдидаги ғалабадир. 200 йил олдин ҳам инсонларнинг қарийб ярми 20 ёшга тўлиб-тўлмай оламдан кўз юмарди.

    Бу ютуқ ва ўсишнинг сабаби, албатта, иқтисодий тараққиёт. Лекин савол ҳамон ўшандай очиқ турибди: бир неча юз йил олдин ғарбий Европада бошланган ривожланиш ва иқтисодий ўсишнинг сабаблари нимада? Нега инсоният XVIII асргача деярли бир хил шароитда яшади-ю, кейин тўсатдан олдинга сакраб, бутунлай бўлак манзара шаклланди? Нега биз аллақандай мўъжиза сабаб мисли кўрилмаган ривожланиш ва тараққиёт шоҳиди бўляпмиз? Китоб муаллифлари буни институтларнинг, биринчи ўринда, сиёсий ва иқтисодий институтларнинг ўзгариши билан боғлайди. Муаллифлар Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсон ўз академик изланишларига таяниб, кескин фарқларга оид ўта муҳим хулосага келадилар: институтлар мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти учун ҳам восита, ҳам тўсиқдир.

    Китоб билан илк танишган пайтим Калифорниянинг Беркли университетида талабалар алмашинуви дастури орқали таҳсил олаётгандим. Ўшанда ҳамма қатори ўз-ўзидан: “Нега университетим жойлашган Сингапур, дастур бўйича келган мамлакатим АҚШ ватаним Ўзбекистондан анча илгарилаб кетган?” деган саволга жавоб излардим. Бу китоб ана ўша адоқсиз саволларга жавоб излашни ўргатди ва иқтисодиётга қизиқишимни уйғотди, қадрдонимга айланди. Тушундимки, биздаги ривожланиш билан боғлиқ муаммоларнинг сабаби ресурслар етарли эмаслиги, океанлардан узоқлигимиз, иқлимнинг кескинлиги ёки халқимиз менталитетида эмас. Асло! Китобни синчиклаб ўқисангиз, тадқиқотлар бошқача сўзлайди — асл сабаб сиёсий ва иқтисодий институтлар сифатида.

    Ўзбекистонда камбағаллик даражаси унчалик баланд эмас. Билишимча, бу тахминан 17 фоиз атрофида (Статистика агентлиги маълумотига кўра, ўтган йили бу кўрсаткич 11 фоизни ташкил этган). Камбағалликнинг мавжудлиги асоси эса иқтисодий ўсиш билан боғлиқ. Бу кўпроқ иш жойлари яратилиши, иқтисодий соҳаларни ривожлантириш ва бошқа кўплаб омилларга бориб тақалади. Юртимиз шароитида аҳоли даромадининг ошишида биринчи зарурий нарса иқтисодиётда самарадорликни оширишдир. Ўзбекистонда бошқа ривожланаётган давлатлар каби самарадорлик, меҳнат унумдорлиги нисбатан паст. Бунинг сабабларидан бири эса иқтисодиётда етрлича рақобатнинг йўқлиги ҳамда барча муҳим секторларда давлатнинг улуши баландлигида. Бу ўз-ўзидан рақобатни чеклайди, рақобат бўлмаган бозорда эса самарадорлик ҳам ошмайди. Бунинг ечимларидан бири, давлат ўз улушини хусусий секторга бериши керак.

    Юрт билан боғлайдиган янги платформа

    Ўтган йил сентябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессияси учрашувларида қатнашиш учун АҚШга келганида айни шу масалалар ҳақида суҳбатлашдик. Очиқ ва сакмимий руҳда ўтган суҳбат давомида фикримиз бир жойдан чиққанига гувоҳ бўлдим. Ўшанда давлатимиз раҳбари океан ортида яшайдиган ватандошларимиз билан кўришиб, суҳбатлашганини ўша ердаги ҳар бир йигит-қиз алоҳида ҳаяжон билан эслайди.

    Президентимиз учрашув бошида ҳамма билан сўрашганида, менинг ёнимга келиб, “Мен сизни кузатаман, сизни ўқийман, кўрганимдан хурсандман”, дедилар ва бу мен учун кутилмаган, жуда ёқимли ҳолат бўлди. Қисқа маърузадан кейин менга ҳам сўз берилди. Иқтисодчи бўлганим учун, албатта, иқтисодиёт ҳақида гапирдим. Чунки мени доим ўйлантирадиган асосий масала бу Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши ва фаровонлигидир. Давлатимиз раҳбари билан 30 йилдан ошиқроқ муддатда қандай иқтисодий тараққиётга эришдик ва бу борада яхшироқ натижаларга эриша олган бошқа иқтисодий ривожланган давлатлар, масалан, Хитой, Вьетнам, Польшада қанчалик тез ўсиш бўлгани ва унинг сабаблари ҳақида гаплашдик. Шундан кейин Ўзбекистонда чуқурроқ ислоҳот қилиш керак бўлган 5 та соҳа ҳақида айтдим. Булар ҳуқуқий муҳит, эркин савдо, капитални эркинлаштириш, инфратузилма барқарорлигини таъминлаш ва илм-фанга давлат томонидан инвестиция киритиш ҳақида эди. Менинг назаримда жуда очиқ, соғлом, интерактив мулоқот бўлди. Менга таъсир қилгани, Президентимиз ҳар бир ватандошимизни синчковлик билан эшитиб, “Сизлардек ўғил-қизларимиз борлигидан фахрланаман”, деди.

    Мен ўзим каби олим дўстларим билан юртимизнинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиш, ҳар қанча маслаҳат билан ёрдам беришга тайёрлигимизни билдирдим. Чунки бизда Ватан битта ва шу Ватанимизга хизмат қилиш бизга ҳам шараф, ҳам мажбуриятдир. Юртимиз тараққиётига бефарқ эмасмиз, фойдамиз тегса, ёрдамга доим тайёрмиз. Давлатимиз раҳбари ҳам биз узоқда бўлсак-да, мамлакатимиз тараққиётига кўпроқ ҳисса қўша олишимиз, хориждаги ватандошлар ўз малакаси билан кўмак бериши мумкинлигини таъкидлади. Менга хоржидаги ватандошларнинг юртимиз билан мулоқотини ўрнатадиган самарали платформа ишлаб чиқиб, таклиф беришимни айтди.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Ирода ТОШМАТОВА ёзиб олди

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 20.03.24 й 57-сонида эълон қилинди)

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates