“Бизни қаритолмас йиллар, замонлар...”

    Шу йилнинг 23 сентябр куни Миллий матбуот марказида марҳум Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби, таниқли журналист, моҳир сухандон, истеъдодли ижодкор Соҳибжон Алижоновнинг “Бизни қаритолмас йиллар, замонлар...” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

    Тадбирда Соҳибжон Алижоновнинг оила аъзолари, яқинлари, устозлари, ҳамкасблари, шогирдлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

    Миллий журналистикамизнинг бақувват дарахтларидан бири бўлган Соҳибжон Алижонов серқирра ижодкор, соҳада ўзининг баланд сўзи, ўзига хос услуби, лўндалик ва масалани ўқувчига тушунарли ва равон тилда етказиб бериш қобилияти билан ўқувчилар эътирофига сазовор бўлган эди.

    У мақола сарлавҳаларини нигоҳ тушгандаёқ ўқувчини жалб эта оладиган тарзда топар, аввал-бошданоқ жумбоқли савол қўяр, ижтимоий-сиёсий мавзулар ичига чуқур кирар эди. Мақолалари ҳажми саҳифа-саҳифа бўлмаса-да, лекин бир дунё маъно ва мазмунга эга, салмоғи тош босадиган, ҳикматли-ибратли қилиб ўқувчига етказиб берарди.

    Ушбу китоб икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмидан муаллифнинг энг сара мақолалари, ҳикоялари, эфирдаги суҳбатлари ва кўрсатувларининг матни, иккинчи қисмидан эса муаллифнинг устозлари, ҳамкасблари ва яқин дўстлари томонидан у ҳақида билдирилган хотиралар ҳамда ибратли мулоҳазалар жой олган.

    Тақдимот якунида устознинг ҳамкасблари, шогирдлари Соҳибжон Алижоновни хотирлаб, “У қаерда бўлмасин, қайси лавозимда ишламасин, энг аввало, шу оддий халқ учун, унинг манфаатлари учун, жонажон Ватанимиз равнақи йўлида хизмат қилди. У катта-кичик раҳбapy амалдорлар, турли соҳа вакиллари, оддий одамлар билан жуда тез тил топишадиган, ниҳоятда мушоҳадали журналист эди”, — дея, ёдга олишди.


    Зулхумор АКБАРОВА

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates