Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Масалан, мия томирларининг заифлашиши ва кенгайиши натижасида юзага келадиган аневризма оғир ва аломатсиз кечувчи хасталик ҳисобланади. Бу патология шифохонага ётқизилгунга қадар беморларнинг 50 фоизини ҳаётдан олиб кетади. Дунё бўйича мазкур касалликдан йилига 500 мингга яқин одам ҳаётдан кўз юмишининг боиси шунда.
Шотландиялик олимлар нейрожарроҳлик амалиёти муқобили сифатида нанороботлардан фойдаланишни таклиф қилишди. Улар яратган ишланманинг ўлчами бор-йўғи 295 нанометр, бошқача айтганда, инсон қизил қон ҳужайралари ҳажмининг йигирмадан бир қисмига тенг.
Таққослаш учун яна бошқа мисоллар келтирамиз. Одатда вирус ўлчами 100 нанометр, аксарият бактерияларники эса 1000 нанометрдан иборат.
Яратилган митти робот марказига магнит жойлаштирилиб, атрофи аневризма муолажасида қўлланиладиган тромбинлар билан қопланган. Қурилма артерия бўйлаб магнит майдон ёрдамида ҳаракатлантирилади. Муайян ҳароратда улар қобиғи парчаланиб, препарат миянинг зарарланган қисмига киради.
Ҳозирча инновацион янгилик жониворларда тажрибадан ўтказилиб, ва муваффақиятли якунланди. Клиник хулосалар асосида нанороботлар тиббий амалиётга татбиқ этилиши мумкин.