Бу ҳақда Спорт вазирлиги хабар берди.
Шу йилнинг 16 август куни Спорт вазирлигида Ўзбекистон кураш федерациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, ҳудудий кураш федерацияларининг мутасаддилари, тегишли мутахассислар, делегатлар иштирок этган конференцияда ўтган йиллар давомида мамлакатимизда миллий спортимиз бўлган курашни ривожлантириш, унинг халқаро майдондаги ривожини қўллаб-қувватлаш, зарур инфратузилмани яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Хусусан, Европа, Америка, Осиё, Африка ва Океания қитъасининг бир қатор давлатларида кураш турнирлари, турли чемпионатлар, семинар-машғулотлар ўтказиб келиниши асносида миллий спортимизнинг халқаро ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида кураш бўйича "Бош прокурор кубоги" мусобақаларини юқори савияда ташкил этиш, тарғибот ишларини кучайтириш каби масалалар бўйича тушунтиришлар берилди.