Бошқарув тизимини такомиллаштириш — ҳокимиятни халққа яқинлаштиришдир

    Фикр 19 январ 2021 8709

    Президентимизнинг парламентга йўллаган Мурожаатномаси давлатимиз, жамиятимиз ҳаётида ниҳоятда катта аҳамият касб этувчи воқеа бўлди.

    Йилнинг бош ҳужжатида мамлакатимиз ривожининг стратегияси, давлатимизда содир бўлаётган жараёнларга оид чуқур таҳлилга асосланган мулоҳазалар илгари сурилди. Президентимиз нутқи бугунги кунимизни англаш, эришилган натижаларни холисона баҳолаш ва шу билан бирга, келажакда қилинажак ишларни аниқлаш учун ўта муҳимдир.

    Шак-шубҳа йўқки, бугунги кунда ҳар биримиз Мурожаатномада баён этилган фикр-мулоҳазаларни қунт билан таҳлил қилишимиз, унда илгари ­сурилган ғоялардан келиб чиққан ҳолда иш-режаларимиз, қолаверса, дунёқарашимизни қайта кўриб, ўз шахсий позициямизни аниқ белгилаб олишимиз лозим.

    Маърузанинг асосий ғояси — “қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз”.

    Хорижий тажриба шуни кўрсатадики, чуқур ислоҳотлар, айниқса, бошланғич босқичда, доимо жамиятдаги муаммоларни, иқтисодиётдаги зиддиятларни кескинлаштиради. Бу табиий ҳол. Шу билан бирга, ўзгаришларнинг самарасини инсонлар бугун, шу кунда, ўз ҳаёт даражаси яхшиланиши орқали кўриши керак. Бу эса ҳал қилувчи жиҳатдан давлат бошқаруви тизими самарадорлиги билан бевосита боғлиқдир.

    Сўнги тўрт йил мобайнида бу борада катта ишлар амалга оширилди ва улар ўз натижасини бермоқда.

    Ҳукуматнинг ташкилий тузилмаси тубдан қайта кўриб чиқилди. Унинг сафида дунё кўрган, энг нуфузли хорижий университетларни тугатган, халқаро тажрибага эга, кенг фикрловчи юртдошларимиз кўпаймоқда. Натижада ҳукуматимиз қиёфаси ўзгарди, унинг халқаро рақобатбардошлиги ортди.

    Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотлар ва биринчи навбатда, давлатнинг иқтисодий сиёсатни амалга оширишдаги батамом янги ёндашувини таъминлашга қаратилган ўзгаришлар жадал давом эттирилмоқда.

    Давлат бошқарувида шаффофлик ва аҳолининг кенг иштирокини таъминлаш мақсадида “Mening fikrim” махсус веб-портали таъсис этилди. Мамлакат бюджети шаклланиши ва ижроси очиқлигини таъминлаш учун “Openbudget” информацион портали яратилгани бошқарув тизими замонавийлашганининг муҳим кўрсаткичларидан биридир.

    Мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг дастлабки салмоқли натижаларини ҳар бир юртдошимиз ўзи, оиласи, маҳалласи ҳаётидаги янгиланишлар мисолида яққол кўрмоқда. Бу замонавий ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятида, янгидан бунёд этилаётган шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасида ҳамда ижтимоий ҳимоя масаласидаги амалий ишларда кўзга ташланади.

    Ватанимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар жаҳонда ниҳоятда юқори баҳоланяпти, жамиятимизда катта умидлар уйғотди. Мавжуд муаммоларга қарамасдан, бу сиёсат юртдошларимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини янгича англамоқда, уларда дахлдорлик ҳисси кучаймоқда, аҳолининг сиёсий онги ва ижтимоий фаоллиги ортмоқда. Бу — жамият равнақининг гарови.

    Таъкидлаш керакки, илк ўзгаришлар жараёнида давлат бошқарув тизими ислоҳотининг бирламчи, юзада турган қатлами амалга ошди. Эндиликда мураккаброқ, ечими юқори малака, чуқур билим, янгича дунёқараш талаб қиладиган вазифаларни ҳал қилиш вақти келди. Бу вазифалар Президент Мурожаатномасида аниқ белгиланди.

    Ечимини кутаётган энг катта муаммолардан бири сифатида вазирлик ва идоралар фаолиятида қарор қабул қилиш ҳаддан ташқари марказлашганлиги кўрсатилди ҳамда маҳаллий органлар ваколатини янада кенгайтириш масаласи кўндаланг қўйилди.

    * * *

    Бошқарув тизими самарадорлигини ошириш — ҳар бир давлат олдида турган жиддий масала. Бу, айниқса, инсониятнинг бугунги кундаги ривожига хос ақидадир. Ер юзида тўртинчи саноат инқилоби тобора авж олмоқда. Унинг асосини рақамли технологиялар, Интернет, нанотехнология ишлаб чиқариш воситалари, сунъий идрок, ўзи ўрганадиган ва бир-бири билан операцион боғланган ускуналар ташкил этади.

    Янги ишлаб чиқариш воситалари янги ижтимоий муносабатларни талаб қилади.

    Бугунги кунда бошқариш илгариги даврларга нисбатан анча мураккаблашмоқда. Нафақат ташқи, балки жамиятлар ичидаги рақобат кескинлашяпти. Ахборотга эгалиги тобора ортиб бораётган аҳолининг ҳукуматга талаблари кучаймоқда. Ҳокимият фақат давлатни бошқариш тизимигина эмас, балки, аҳоли ва бизнесга хизмат кўрсатиш маркази сифатида кўрилмоқда. Ривожланган давлатларда бошқарувнинг мослашувчанлик қобилиятига эга, “эгилувчан” усули татбиқ этилмоқда.

    Жамият ривожининг асосий мезони одамлар имкониятларини кенгайтириш, уларнинг маънавий ва моддий эҳтиёжларини тўлароқ қондиришдан иборат. Тараққиёт даражаси, биринчи навбатда, жамият олдида турган масалаларни ҳал этишда ҳар бир фуқаро қанчалик иштирок этиши билан белгиланади.

    Шунинг учун, аҳолининг сиёсий фаоллиги, умумдавлат даражасидан тортиб маҳаллийгача, барча даражаларда жамият ривожи масалаларни ҳал этишда таъсири кучайиши — тараққиётнинг асосий омилларидан бири.

    Номарказлаштириш — давлат бошқарувининг муайян ваколатларини қуйи тузилмаларга, маҳаллий ҳокимият органларига беришни англатади.

    Ҳар қандай давлатда марказий ҳукуматдан умуммиллий вазифаларни самарали ижро этиш кутилади. Бунга ички ва ташқи хавфсизликни, қонунийлик ҳамда ҳуқуқ-тартиботни, валюта тизими, макроиқтисодий ривожланиш барқарорлигини, ягона ўлчов стандартлари ва ҳоказоларни таъминлаш сингарилар киради. Минтақалар, шаҳарлар ва жамоаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг аниқ масалаларини ҳал этиш эса маҳаллий ҳокимият органларининг ваколатига берилиши керак. Бошқача айтганда, номарказлаштириш — бошқарув органларининг халқ эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ функцияларини авваламбор маҳаллий ҳокимият органлари зиммасига юклаш орқали давлатнинг халққа хизмати сифатини ошириш.

    Мурожаатномада бунга эришишга оид аниқ фикр ва мулоҳазалар илгари сурилди.

    * * *

    Давлат бошқарувининг ҳаддан ташқари марказлаштирилиши маъмурий-буйруқбозлик тизимининг асосий хусусиятларидан бири. Бундай шароитда марказ барча масалалар, шу жумладан, минтақалар, маҳаллий ҳудудлар фаолиятига тегишли бўлган майда масалалар бўйича ҳам қарор қабул қилади. Табиийки, бу ижтимоий тараққиётнинг хусусияти ва суръатларига, одамлар ҳаётининг сифатига таъсир қилмасдан қолмас эди.

    Мисол учун, 2016 йилда мамлакатда 64 та лицензия тури мавжуд бўлса, шундан атиги учтаси вилоят ҳокимликлари ва фақатгина биттаси туман ҳокимликлари ваколатига тегишли эди. Рухсат беришга оид 220 та ҳужжатдан фақатгина 11 тасини туман ёки шаҳарларда олиш мумкин бўларди. Аксарият ҳолда кишилар ўз ҳаётий ва иш фаолияти билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун сарсон-саргардон бўлиб, пойтахтга келиб, давлат идоралари бўсағасида сарғайиб туришга мажбур эди. Кўп ҳолатда бу порахўрлик ва таъмагирликка олиб келарди.

    Маҳаллий ҳокимликлар ҳудуд олдида турган муаммоларни ҳал этиш учун зарур маблағларга эга бўлмаган. 2016 йилга келиб, Ўзбекистонда маҳаллий бюджетнинг атиги 20 фоизи маҳаллий солиқлар ҳисобига шакллантирилиб, қолган қисмини эса марказлаштирилган тартибда қайта тақсимланадиган маблағлар — давлат бюджетидан ажратмалар, субвенциялар ва дотациялар ташкил қилган. Бу вазиятда маҳаллий органлар ижтимоий дастурларга харажатларни кўп ҳолларда хусусий корхоналарнинг “ихтиёрий-мажбурий” ажратмалари эвазига қоплашга ҳаракат қиларди. Бу эса бизнесга маъмурий босимни ошириб, ишбилармонлик муҳитини кескин ёмонлаштирар ва инвестиция оқимига жиддий салбий таъсир кўрсатган.

    Кейинги тўрт йилда давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш давомида маҳаллий ҳокимият органларининг ваколатлари ва молиявий имкониятлари кўлами сезиларли даражада кенгайди. Мисол учун, 2015 йилда ҳудудлар маҳаллий бюджетларида шаклланган қўшимча манбалар 246 миллиард сўмни ташкил қилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 6 триллион сўмдан ортди ёки 25 маротаба кўпроқни ташкил этди.

    Ниҳоятда катта маблағ ва қўшимча тушумларни тақсимлашда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг иштирокини таъминлаш мақсадида тарихимизда биринчи бор “2021 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга биноан маҳаллий бюджетларни шакллантириш ва ижроси бўйича маҳаллий Кенгашлар ваколатлари кескин кенгайтирилди.

    Хусусан, маҳаллий бюджетларнинг харажатларини қисқартириш бўйича қарорлар тегишли Кенгашлар томонидан қабул қилиниши белгилаб қўйилди. Шунингдек, уларга маҳаллий бюджетларга ажратиладиган солиқлар ва даромадларни ҳамда бюджетлараро трансфертларни тақсимлаш ҳамда даромадларнинг прогнозини ошириб бажаришдан олинган маблағларнинг бир қисмини туман ва шаҳарлар бюджетларига ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун ажратиш ваколати берилди.

    Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мустақиллигини янада ошириш учун 2021 йилда Солиқ кодексида белгиланган, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун базавий солиқ ставкасидан келиб чиқиб, туман ва шаҳарлар кесимида уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб, камайтирувчи ва оширувчи коэффициентини қўллаш ваколатлари берилди.

    Маҳаллий бошқарув органлари фаолияти самарадорлигини ошириш кўп жиҳатдан давлат хизмати тизимининг ўзини ислоҳ қилиш чора-тадбирларига боғлиқ. Бу ўринда бошқарув тизимини экстенсив эмас, балки интенсив ривожлантиришни таъминлаш асосий мақсад ҳисобланади. Бошқача айтганда, маъмурий менежментнинг янги шакллари, воситалари ва усулларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш ҳисобига бошқарув тизими кам ходимлар билан кўпроқ вазифаларни бажаришга қодир бўлиши керак.

    Шу боис, Мурожаатномада рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳисобидан ходимлар сонини ва иш жараёнларини оптималлаштириш чораларини амалга ошириш заруриятига урғу берилди. Жумладан, ҳукуматга икки ой муддатда бошқарувда бир-бирини такрорлайдиган идоралар ва функцияларни, ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш вазифаси юкланди. Шунинг эвазига давлат бошқаруви ходимлари сонини ўртача 15 фоизгача оптималлаштиришга эришиш белгиланди.

    Мурожаатномада қайд этилган топшириққа мувофиқ, келгуси йил охирига қадар электрон давлат хизматларини 60 тага кўпайтириб, жами 300 тага, масофавий хизматлар улушини эса камида 60 фоизга етказиш зарур.

    Ушбу вазифаларга эришиш маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини тартибга соладиган қонун ҳужжатларини такомиллаштиришни талаб этади. Соҳага оид ҳуқуқий ҳужжатлар давлат бошқаруви функцияларини юқоридан қуйига бериш борасидаги аниқ-равшан сиёсий иродани, маҳаллий органларнинг ваколатлари ва имкониятлари кенгайтирилишини акс эттириши лозим. Қонунлар ва маъмурий регламентлар ҳам ҳокимият органларининг мажбуриятлари ва ҳуқуқларини, уларнинг юрисдикциясини аниқ белгилаши, ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича фаолият самарадорлигини оширишга кўмаклашиши керак.

    Бинобарин, давлатимиз раҳбари томонидан Қонунчилик палатаси ва Сенатга Вазирлар Маҳкамаси билан бирга 2021 йил 1 апрелга қадар маҳаллий ижро ва вакиллик органлари ҳамда маҳалла институти фаолиятини тубдан такомиллаштиришга оид янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

    Давлат хизмати тизимини ислоҳ қилиш давлат органлари фаолиятини баҳолашга ёндашишни тубдан ўзгартиришни тақозо этади. Инсон ҳаёти даражаси, аҳоли ва бизнесга юқори сифатли “ижтимоий хизматлар” кўрсатилиши, иқтисодий фаолият учун зарур бўлган қулай муҳит яратиш давлат органлари фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичи бўлмоғи керак. Ваҳоланки, маҳаллий ҳокимлик ва Кенгашлар бундан 27 йил аввал қабул қилинган, бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермайдиган Қонун асосида ишламоқда. Шунинг учун, Мурожаатномада айтилганидек “вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятига туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳаллада амалда қандай ўзгариш бўлганига қараб баҳо берилади”.

    Давлатимиз, жамиятимиз олдида турган мақсадларга бошқарув органларининг илгаригидек “ёпиқ тизим” сифатида фаолият кўрсатиши доирасида эришиб бўлмайди. Барча даражаларда давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш ҳукумат институтларининг ўз “ички иши” эмас. У ёки бу масала бўйича қарор лойиҳасини тузишдан бошлаб унинг ижроси мониторингини олиб боришгача — барча босқичлар ва даражаларда очиқ-ошкоралик, шаффофлик, ижтимоий экспертиза ва назорат зарур.

    Матбуот хизматларини фаоллаштириш ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун мунтазам брефинглар ўтказиш талаб этилади. Президентимиз қайд этганидек, “коррупциянинг олдини олишда барча давлат органларида қарор қабул қилиш жараёнлари очиқ ва фақат очиқ бўлишини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга”.

    Бундан буён қабул қилинган ҳужжатлар ижросини ташкил этишда жамоатчилик иштироки ва назорати кенг йўлга қўйилади. Жумладан, “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизими жорий қилинади. Бу жараёнга фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролар ҳам фаол жалб этилади.

    Давлат бошқаруви, тизимини такомиллаштириш кўп жиҳатдан маҳаллий вакиллик органларининг ҳудудлар ривожида тутган ўрнини ошириш билан боғлиқ. Ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиши, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини бажариши устидан депутатлик назоратини амалга ошириш Кенгашлар фаолиятининг асосини ташкил қилиши зарур.

    Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши — бу вакиллик органи, халқнинг ишонган вакиллари. Бугунги кунда республикамизда 218 та маҳаллий Кенгаш фаолият олиб бораётган бўлиб, улардаги депутатлар сони 6 минг 567 нафарни ташкил этади. Таъкидлаш лозимки, халқ депутатлари шаҳар Кенгашларининг сезиларли равишда фаоллашуви қайд этилмоқда. Депутатларнинг онги, уларнинг сиёсий фаоллиги ва фуқаролик позицияси ҳар томонлама ўзгариб янги характерга эга бўлмоқда.

    Шу билан бирга, таҳлил Кенгаш фаолиятида ўз ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини кўрсатди. Кенгашлар томонидан қабул қилинган қарорлар ўрганилганда, уларда тизимли муаммоларнинг кўтарилмагани, камчиликка йўл қўйган давлат идоралари, мансабдор шахслар фаолиятига тегишли баҳо берилмагани, муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланмагани аниқланди. Энг аввало, иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва биринчи навбатда, кичик бизнесга ғов бўлган тўсиқларни бартараф этиш, хусусий мулк ва тадбиркорлик ҳимоя қилишга дахлдор қонунлар бажарилишини таъминлаш билан боғлиқ фаолиятга тааллуқли.

    Президентимизнинг Мурожаатномасидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бугунги кунда маҳаллий Кенгашлар олдида иккита асосий вазифа турибди, биринчиси, маҳаллий Кенгашларнинг ҳақиқий назорат органига айланишига эришиш, иккинчиси, депутатларнинг жойлардаги реал муаммолар билан тизимли ишлашини таъминлаш.

    Шу боис, 2021 йилда ҳар чорак якунида ҳоким ҳамда сектор раҳбарларининг ҳудудда камбағалликни қисқартиришга оид манзилли дастур ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботини Кенгашлар сессиясида эшитиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, маҳаллий Кенгашлар ҳокимнинг ҳудудларда инфратузилмани, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлардан олинган маблағлар ҳисобидан олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботини муҳокама қилиб бориш керак.

    Маҳаллий бюджет билан боғлиқ масалаларда вакиллик органларининг роли ортиб бораётганини инобатга олиб, молия органи раҳбарининг маҳаллий бюджет ижроси, маҳаллий бюджет даромадларининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги ёки бўлмаса давлат солиқ органи раҳбарининг маҳаллий бюджет даромадлари бажарилиши ҳолати, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўланганлиги, солиқ қарздорлиги ҳақидаги ҳисоботларини эшитиб бориш амалиёти жорий этилади.

    Бу жараёнда депутатлар фақатгина ҳисоботни эшитиш билан чекланиб қолмаслиги лозим. Аксинча, жойлардаги муаммоларнинг бартараф этилиши, белгиланган вазифаларнинг ижросини жойида ўрганиши, бунинг учун бевосита аҳоли билан мулоқот олиб бориши талаб этилади.

    Масалан, камбағалликни камайтириш бўйича ҳисоботни эшитишдан олдин депутатлар ўзлари сайланган ҳудуд бўйича секторлар томонидан камбағаллик рўйхатидан чиқарилиши тавсия этилаётган ҳар бир фуқаронинг оилавий шароитини жойига чиқиб атрофлича ўрганиши, ҳақиқатан ушбу оилани рўйхатдан чиқариш мумкинлигига тўла ишонч ҳосил қилиши мақсадга мувофиқ.

    Мурожаатномада ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида мамлакатда 3 триллион сўм маблағга эга бўлган алоҳида жамғарма тузиш ҳамда унинг маблағларини маҳаллий Кенгашлар таклифларига асосан сарфлаш таъкидланди.

    Шундан келиб чиқиб, депутатларимиз назорат тадбирлари давомида, аҳоли билан учрашувларда, фуқаролар мурожаатларида кўтарилган маҳалла даражасидан тортиб, вилоят даражасигача бўлган муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан ўз таклифларини киритиб бориши мақсадга мувофиқ бўлади.

    Агарда ҳудудни ривожлантиришга қаратилган дастурларнинг қайсидир банди бажарилмаётган ёки ортда қолишлар кузатилаётган бўлса бевосита ҳудуддаги сенатор орқали ушбу масалани Сенатнинг тегишли қўмитасига олиб чиқиш ёки ўзларининг ваколатларидан фойдаланган ҳолда тегишли вазирликка сўров жўнатиш орқали ҳал этиш чораларини кўриши лозим.

    Бугун партиялар, Кенгашлар ҳеч бир ижтимоий, сиёсий, иқтисодий масаладан ўзларини четга ололмайди. Президентимиз томонидан илгари сурилган фикр ва мулоҳазаларни ҳаётга татбиқ этиш, ислоҳотларнинг муваффақияти, авваламбор, ҳар биримиз — сенаторлар, шаҳар, туман маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳаракатлари суръатига, шахсий фаоллигига, сиёсий, ҳуқуқий маданиятининг юксаклигига, Ўзбекистонимиз тақдири ва келажагига дахлдор бўлишдек улкан масъулият ҳамда шарафга қай даражада лойиқ эканига бевосита боғлиқ.

    Содиқ САФОЕВ,

    Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates