Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

    Ҳужжатлар 10 декабр 2021 10618

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

    Ипотека кредити бозорини янада ривожлантириш, аҳолининг уй-жойга бўлган юқори талабини қондириш, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тақдим этиш ишларини давом эттириш, хусусий пудрат ташкилотларини замонавий кўп қаватли уйлар қурилишига кенг жалб этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-32-сон фармони ижросини таъминлаш мақсадида:

    1. Белгилансинки, 2021 йил 10 декабрдан бошлаб бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш тартиби доирасида:

    даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга Давлат бюджетидан субсидиялар тўлашда квартира майдонининг энг кўп меъёрини белгилаш амалиёти бекор қилинади;

    Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ҳар йили бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори ва дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия миқдори тасдиқланади;

    субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномани олган шахслар ипотека кредити бўйича бошланғич бадалнинг уй-жой қийматининг камида 5 фоизига тенг бўлган қисмини ўз маблағлари ҳисобидан шакллантиради;

    сотиб олинадиган квартира жойлашуви, қиймати ва майдонидан қатъи назар, дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – қатъий белгиланган 32 миллион сўм миқдорида, фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – биринчи беш йил давомида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади;

    дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сотиб олинаётган квартиранинг нархи ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошган тақдирда ҳам тўланади. Бунда, сотиб олинадиган квартиранинг нархи ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошган тақдирда, қийматнинг қолган қисми қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан дастлабки бадал суммасини ошириш орқали тўланади;

    фуқароларга ипотека кредитини олишда, биргаликда қарз олувчи сифатида улар билан бирга яшамаётган ва яқин қариндоши бўлмаган бошқа шахсларни ҳам жалб қилиш ҳуқуқи берилади;

    Молия вазирлигининг ресурслари тижорат банкларига тўғридан-тўғри ёки “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖ орқали жойлаштирилади;

    тижорат банкларига қарз олувчи томонидан тўланган дастлабки бадал миқдори, унинг қарз юки кўрсаткичи, имтиёзли давр муддати ва бошқа кўрсаткичлардан келиб чиқиб, субсидиясиз ажратилган ипотека кредитлари бўйича табақалаштирилган фоиз ставкаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилади.

    2. Қуйидагилар:

    2022 йилда квартиралар сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш ҳамда реконструкция қилиш учун ипотека кредитлари ажратишнинг мақсадли кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;

    2022 йилда ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратишнинг мақсадли кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ;

    2022 йил учун бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори ва дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун қатъий белгиланган субсидия миқдори 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига маҳаллий бюджет даромадларининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ушбу фармон билан тегишли ҳудуд учун белгиланган ипотека кредитлари ва субсидиялар сонини оширишга рухсат берилсин.

    3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

    а) кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича ўтказилган электрон онлайн-аукцион ғолибларига лот қийматининг 30 фоизини аукцион якунланган кундан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмай, қолган қисмини 12 ой давомида тенг миқдорда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади;

    б) 2022 йил 1 январдан бошлаб пудрат ташкилотларига давлат рўйхатидан ўтказилган қурилиши тугалланмаган, том ёпиш ишлари бажарилган кўп квартирали уй-жойларни кредит таъминоти сифатида гаровга тақдим этишга рухсат этилади;

    в) 2023 йил 1 январга қадар:

    цемент маҳсулоти (ТИФ ТН коди 2523) ва энергия тежамкор базальт қопламалари (ТИФ ТН коди 6806 1000 08) импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади;

    “Янги Ўзбекистон” массивларида, шунингдек, олдинги йилларда барпо этилган массивларда ва уларнинг бўш турган ер участкаларида уй-жой қурувчи ташкилотлар учун цемент ҳамда металл прокатини сотиш бўйича алоҳида биржа савдо секцияси жорий қилинади;

    г) 2024 йил 1 январга қадар рўйхати 4-иловада кўрсатилган янги қурилиш ва махсус техникалар ҳамда юк ташиш транспорт воситалари импортида божхона божи ва утилизация йиғимининг ноль ставкаси қўлланилади.

    4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги ПҚ-4701-сон қарори билан жорий этилган хусусий пудрат ташкилотларининг тижорат банкларидан олган кредитлари бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан кафиллик ва компенсация тўлаш тартиби 2022 йил 31 декабрга қадар узайтирилсин.

    Белгилаб қўйилсинки, кафиллик ва компенсациялар Тошкент шаҳрида – 9 ва ундан юқори, бошқа шаҳарларда – 7 ва ундан юқори, қишлоқ жойларда – 5 ва ундан юқори қаватли уй-жой қурилиши учун ажратилган ва битта уй-жой учун кредитнинг 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган қисми бўйича берилади.

    Бунда, кафиллик ва компенсациялар қурилаётган кўп қаватли уй-жойдаги жами квартиралар сонининг камида 70 фоизи майдони 70 квадрат метрдан ошмаган квартиралар ташкил этганда берилади.

    5. Белгилаб қўйилсинки:

    а) 2021 йилда ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратишнинг мақсадли параметрлари доирасида:

    субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномани олиш бўйича аризалар 2021 йил 20 декабргача қабул қилинади ва 2021 йил 25 декабргача кўриб чиқилади;

    субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномалар улар берилган вақтдан бошлаб 12 ой давомида амал қилади;

    субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномани олган шахсларга ипотека кредитлари ва субсидиялар 2021 йил 10 декабрга қадар амалда бўлган шартлар ва миқдорларда ажратилади;

    субсидиялар сотиб олинаётган квартиранинг майдони ва нархи 2021 йил учун ўрнатилган квартира майдонининг энг кўп меъёри ва уй-жойнинг ҳисобланган қийматидан ошган тақдирда ҳам тўланади. Бунда, сотиб олинадиган квартиранинг нархи уй-жойнинг ҳисобланган қийматидан ошиб кетган тақдирда, қийматнинг қолган қисми қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўланади;

    б) 2022 йил учун ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратишнинг мақсадли параметрлари доирасида аризалар 2021 йил 25 декабрдан бошлаб қабул қилинади.

    6. Молия вазирлиги (Ишметов) Марказий банк (Нурмуратов) ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Бобоев) билан биргаликда 2022 йил 1 июлга қадар илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, “мақсадли ипотека омонати” механизмини жорий қилиш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

    7. 2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари маҳаллий бюджет даромадларининг ошириб бажарилган қисми ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан бирламчи ва иккиламчи уй-жой бозорида 5-иловага мувофиқ 1 000 та квартира сотиб олиш чораларини кўрсин.

    Белгилансинки, мазкур бандга мувофиқ сотиб олинган квартиралар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга белгиланган тартибда ажратилади.

    8. Қурилиш вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг 2022 йилда фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун 4 000 та квартирадан иборат бўлган кўп қаватли уй-жойлар қуриш ва ушбу ишлар бўйича буюртмачи этиб “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК МЧЖни белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

    Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда 2022 йилда фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун кўп қаватли уй-жойлар қуришнинг асосий параметрларини ҳамда қуриш учун ажратиладиган ер майдонларининг манзилли рўйхатини тасдиқласин.

    9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

    а) бир ой муддатда Тошкент шаҳрида камида 5 та, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда камида 2 тадан ипотека хизматларини кўрсатиш марказларини ташкил қилсин;

    б) ушбу марказларда:

    уй-жойлар қурилишини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари, қурилаётган кўп квартирали уй-жойлар, улардаги квартиралар сони, майдони, қиймати ва жойлашуви, кредит олиш мумкин бўлган тижорат банклари ва улар томонидан бериладиган кредитларнинг шартлари тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилишини;

    субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномаларни бериш, уй-жой олди-сотдиси ва ипотека кредити шартномаларини расмийлаштириш, уй-жойга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш хизматлари кўрсатилишини таъминласин.

    10. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (Хаджаев) ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (Кўчимов) Молия вазирлиги (Ишметов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Бобоев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда мазкур фармоннинг мазмун ва моҳияти оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилишини таъминласин.

    11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 6-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

    12. Мазкур фармоннинг ижросини ташкил қилишга масъул этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Ж.Раматов ва Ж.А.Қўчқоров, молия вазири Т.А.Ишметов ва қурилиш вазири Б.И.Закиров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

    Фармоннинг ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

    Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳар чорак якуни бўйича ахборот бериб борилсин.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,
    2021 йил 9 декабрь

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates