2022 йил 30 январда Ўзбекистон парламенти делегацияси раҳбари А.Саидов Европа оммавий ахборот воситалари ва маданий-гуманитар соҳалар вакиллари иштирокидаги матбуот тадбирлари доирасида бир қанча учрашувлар ўтказди.
«Diplomatic World» журнали Бош муҳаррири Барбара Дитрих ва «Diplomatic World Institute» таҳлилий марказининг лойиҳалар бўйича менежери Альберто Туркстра билан бўлиб ўтган ўзаро мулоқот шулар жумласидандир.
Учрашув аввалида А.Саидов Президент Шавкат Мирзиёев тасдиқлаган «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»нинг маъно-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлаб берди. Мулоқот иштирокчилари бу борада тақдим этилган маълумотларни алоҳида қизиқиш билан қабул қилдилар.
Хусусан, Б.Дитрих инсон ҳуқуқлари, айниқса, хотин-қизлар ҳуқуқларини амалга ошириш жуда муҳимлигини қайд этди. У мамлакат раҳбариятининг аёллар таълим олиши ва меҳнат қилиши имкониятларини янада кенгайтиришга доир режаларига ижобий баҳо берди.
Журналист, шунингдек, Тараққиёт стратегиясида Ўзбекистоннинг «Ҳуқуқ устуворлиги индекси»да юқори даражага эришган мамлакатлар сафидан ўрин олиши мақсад қилиб қўйилганини олқишлади. Унинг фикрича, бу Европа жамоатчилигининг доимий эътиборида турадиган масаладир.
Мулоқот якунида «Diplomatic World» журналининг навбатдаги сонида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясига бағишланган мақола чоп этилиши ҳақида келишиб олинди.
Ўз навбатида, А.Туркстра Тараққиёт стратегиясида давлат ҳокимияти органларини такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг аҳамиятига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, мазкур соҳани такомиллаштиришни изчил давом эттириб, ихчам ва самарадор бошқарув тизимини яратиш ниҳоятда муҳим.
«Diplomatic World Institute» таҳлилий маркази вакили Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизими, адвокатура институти, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органларнинг тадбиркорлар ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ фаолиятини ислоҳ этиш борасида белгилаб олинган истиқболдаги режаларни ҳам ижобий баҳолади.
А.Туркстранинг фикрича, бундай оқилона мақсадларга эришилиши, шубҳасиз, мамлакатда аҳоли даромадларининг ошиши ва ялпи фаровонлик юксалишига олиб келади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда «яшил» ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилаётгани Европада айниқса катта қизиқиш уйғотяпти, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.