"Бу қадар ўзгаришлар бўлишини тасаввур ҳам қилмагандик"

    Ёзда чанг, қишда лой кўчаларнинг обод ва ораста масканларга айланганлигига, носозликлар соз ҳолига келганлигига гувоҳ бўлдик.

    Юртимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари негизида инсон қадрини улуғлаш, одамларнинг оғирини енгил қилиш, турмуш шароитларини яхшилашдек эзгу ишлар мужассам. Айниқса, давалтимизнинг энг катта замини бўлган маҳаллаларда ичимлик суви, электр энергияси таъминотини яхшилаш, ички йўлларни, эскирган симёғочларни таъмирлаш бўйича олиб борилаётган ишларда маҳалла раиси ҳамда аҳолининг ҳамжиҳатлиги муҳим аҳамият касб этади.

    Бир гуруҳ ҳамкасбларимиз билан Тошкент вилоятининг Тошкент тумани ҳудудларни кўздан кечирар эканмиз, ички йўлларни таъмирлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани, натижада эса неча ўн йиллар давомида ёзда чанг, қишда лой кўчаларнинг обод ва ораста масканларга айланганлигига, носозликлар соз ҳолига келганлигига гувоҳ бўлдик

    Давлатимиз раҳбарининг “Сифатли йўл одамларнинг кайфияти ва иқтисодиётимиз “артерияси” ҳисобланади. Шу боис йўл қурилишига янгича ёндашувларни жорий қилиб, сифатни ошириш, соҳани рақамлаштириш ва хусусий секторни кенг жалб қилиш керак”, деган сўзларининг амалдаги исботини 100 йилдан зиёд тарихга эга Қирариқ маҳалласи кўчалари мисолида кўрдик.

    — Халқимизда “Йўлинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлади”, деган доно нақл бежизга айтилмаган. Очиғини айтсам, кўчамизнинг ўйдим-чуқур баъзан чанг, ёмғир ёққан вақтлари балчиқли йўлларида юравериб жуда толиқгандик. Ўзим, фарзандларим-ку майли, невараларим ҳам қишда лойга, ёзда тупроққа ботиб юрса, дея хуноб бўлардим, – дейди Қирариқ кўчасида яшовчи, 85 ёшли отахон, Исматилла Новчаев. – Пешонамизда бор экан, ота-боболаримиз кўрмаган дориламон кунларни кўрдик. Етказганига, кўргазганига минг шукр. Бугунги ислоҳотлар бўлмаса, “эски ҳаммом, эски тос”, деганларидай ҳалиям юраверардик. Илоҳим, шу хайрли ишларнинг бошида турган юрт отасининг азиз боши омон бўлсин!

    Истаймизми йўқми, ҳар бир маҳалланинг ўзига хос катта ва кичик муаммолари бўлади. Бири учун ички йўлларни таъмирлаш зарур бўлса, иккинчисида ичимлик суви олиб келиш асосий масала ҳисобланади. Аммо, эндиликда бу каби муаммоларга, “Ташаббусли бюджет” билан ечим топилмоқда. Қирқариқ маҳалласидаги айрим кўчалар охирги 30-40 йилдан буён умуман таъмирланмаган.

    Аммо, ҳамжиҳатликда қилинган сўнгги ҳаракатлар, яъни “Ташаббусли бюджет” аҳолининг жонига оро кирмоқда. Қирариқ маҳалласи, 2023 йилда икки марта “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида энг кўп овоз тўплади. Йиғилган овозлар ҳисобига яхшигина маблағ ажратилиб ал-оқибат маҳалла кўчаларининг эгри, қинғир-қийшиқ йўллари ниҳоятда кўркам ва равон бўлди.

    – Тошкент тумани, Шимолдан Қозоғистон, шарқдан Қибрай, жанубдан Тошкент шаҳри ва ғарбдан Зангиота тумани билан чегарадош. 1975 йилда ташкил топган туманимизда 70 та маҳалла мавжуд бўлиб, биргина ўтган йилнинг ўзида аҳоли яшаш шароити ва туман инфратузилмасини яхшилаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилганлигини мамнуният билан санаб ўтишимиз мумкин, – дейди туман ҳокимининг матбуот котиби, Дилафрўз Исмоилова.

    – Масалан, ўтган йилнинг ўзида туманимизда 93 та объектда қурилиш ишлари олиб борилиб, шулардан 73 таси фойдаланишга топширилди. Жумладан, 3 та янги боғча, иккита маданият уйлари фойдаланишга топширилди. 107,2 километр ички йўллар қурилди ва таъмирланди. 54,4 қурилди. Бундан ташқари, битта мактабга қўшимча бино қурилди. 17 та кўп қаватли турар жойлар (550 та хонадон) ўз эгаларига тайёр ҳолда берилди. Бу ишларга жами 200 миллиард сўм маблағ сарфланди. Энг асосийси, туманмиздаги 30 та кўп-қаватли уйга хизмат кўрсатувчи “Иссиқликманбаи” Келес филиалининг марказий қозонхонасида қайта реконструкция ишлари амалга оширилиб, хориждан келтирилган замонавий иситиш тизимлари ўрнатилди. Муҳими, эндиликда аҳоли, иситиш таъминотига доир муаммоларда қийналмайди.

    Қирариқларнинг айтишича, неча ўн йиллардан бери Қирариқ, Эъзоз ва бошқа бир қанча маҳаллаларида тоза ичимлик суви умуман бўлмаган. Одамлар олисдаги эскигина ҳовуздан яқин кунларгача, сувни ташиб келтирганистеъмо.

    Эъзоз маҳалласида бўлганимизда, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар билан танишдик. Қарор ижроси дорасида 2 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган мазкур маҳаллага минг метрга яқин ичимлик суви қувурлари тортилиб, фуқароларнинг сувга бўлган эҳтиёжи таъминланган.

    Ушбу маҳалланинг Фурқат кўчасида яшовчи, 13 невара ва 5 эваранинг бувиси бўлган Мовлуда Эшонқулова билан бўлган суҳбатимиз асносида уларнинг сувга боғлиқ аламли кечинмаларини ҳам ёзиб олишга муваффақ бўлдик:

    – Ёшим 80 га яқинлашди. Шу вақтга довур олисдаги ҳовуздан йиллар давомида сув ташиб, сувга ёлчимай яшаб келдик. Ёз кунлари-ку майли қишнинг аёзида музни тешиб сув олиб келиш болаларим учун балойи-кўрим эди, – дейди 74 ёшли онахон биз билан суҳбатда. – Энди эса, хонадонимизга водопровод қувурлари ўрнатилди. Тўкин замонда яшасакда сувсизликдан қийналардик, каттакон бошлиқлар нимага бу ҳақда бош қотирмайди деб ўйлардик, мурожаатларимиз эжавобсиз ва эътиборсиз қолиб кетарди. Сув муаммосини бартараф этиб беринг дея, бормаган идорамиз қолмаган. Ҳеч ёруғлик бўлмаган. Кейин, пешона-да деб кўникканмиз. Ҳеч кутилмаган жойдан яқинда, хонадонимизга беминнатгина сув келди, бурасангиз бўлди, шариллаб оқиб турибди. Илоҳим, шу шароитларни яратиб берган одамларнинг ҳаммасидан Яратган Эгам рози бўлсин. Барчасига рахмат.

    240 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган мазкур туманнинг кундан-кунга янгиланиб, яшариб чирой очиб бораётган манзил-масканларини кўриб ўзимизнинг ҳам кўзимиз қувнади.

    Бугунги ислоҳотлар эпкини, бу ерда яшовчи одамларнинг неча ўн йиллик муаммоларини бартараф этиб, уларга қулай имкониятларни тақдим этмоқда, фуқаролар бундан жуда мамнун.

    Ҳудудларини айланиб, одамлар билан дилдан суҳбатлашар эканмиз, асфальт қилинган, тоза ичимлик суви келтирилган, электр сими учун янги устунлар ўрнатилган обод ва ораста ҳудудларнинг бу кўринишга келишида муаммоларнинг бартараф этилишидаги саъй-ҳуракатларда маҳалла раисининг хизматлари муносиб ва катта эканлигини айтиб ўтмасак бўлмас. Зеро, давлатимиз раҳбарининг, “Маҳалла раиси ислоҳотчи бўлиши керак”, деган сўзларининг исботини мазкур тумандаги маҳалла раисларининг ишлари мисолида кўрдик.

    – Аксарият кўчаларимизда, ичимлик суви, электр таъминоти каби муҳим соҳалар йиллар давомида қаровсиз ва эътиборсиз қолиши натижасида ночор аҳволга келиб қолганди. Йўлларнинг таъмирталаблиги, ичимлик сув тармоғидаги узилишлар, электр энергияси билан боғлиқ муаммолар йиллар давомида фуқароларни қийнаб қийнаб келгани рост, лекин энди ҳаммаси бутунлай бошқача тус олмоқда, – дейди Эъзоз маҳалласи фуқаролар йиғини раиси Шуҳрат Шоюнусов. – Чунки, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, ҳудудлардаги инфратузилмани такомиллаштириш борасида ўзига хос тизим яратилди. Натижада қисқа муддатларда маҳаллаларимизнинг қиёфаси янгиланди, муаммолар жойида ижобий ечим топмоқда. Ўзимиз ҳам жуда қисқа вақтда бу қадар ўзгариш бўлишини тасаввур ҳам қилмагандик. Бугун эса босқичма-босқич барчаси ҳал этилиб, одамлар учун муносиб турмуш шароити яратилмоқда. Бу борада “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси йўналишдаги саъй-ҳаракатларимиз ўз самарасини берди ва кўриб турганингиздек йўлларимиз чароғон ва равон.

    Даҳақиқат, бугунги ислоҳотлар эпкини одамларнинг неча ўн йиллик муаммоларини бартараф этиб, уларга қулай имкониятларни тақдим этмоқда аҳоли бундан жуда ҳам мамнун.

    Туманнинг Қизғалдоқ, Файзиобод, Истиқбол, Нурҳаёт Келес йўли, Озодлик ва Соҳибкор маҳаллаларида яшовчи фуқароларнинг қай бири билан суҳбатлашмайлик уларнинг барчаси ҳаётдан мамнунлигини изҳор этиб, бугунги янгиланишлардан кўнгли кўтарилиб, ҳаётга бўлган муҳаббати ва ишончини ошаётганлигини алоҳида қайд этди.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates