Сирдарёда етиштирилган қовунларни нафақат маҳаллий аҳоли, хорижликлар ҳам суйиб истеъмол қилишади. Бугунги кунда ушбу тилими тилни ёрувчи, бир-биридан ширин ва мазали қовунларга харидор кўп.
Биргина, жорий йилнинг ўтган етти ойи давомида сирдарёлик бободеҳқонлар, баҳорнинг ёғингарчилик кунлари, ёзнинг чилласи демай етиштирган қовунлардан 2 минг 550 тоннасини Россия, Латвия, Германия, Швеция, Молдова, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон, ҳатто Покистонга ҳам экспорт қилди. Бу эса, ўтган йилги кўрсатгичдан 630 тоннага кўп.
Қувонарли, томони ўтган йили, йил сўнгига қадар Европа мамлакатлари, Россия, қўшни давлатларга экспорт қилинган қовун маҳсулотлари ҳажми 13,5 минг тоннадан ортган бўлса, бу йил бу кўрсаткич икки бараварга ортади.
“Қовун сайли”да вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, қолаверса, фахрий ва нуронийлар қадоқ қўлли бободеҳқонларга ўз ҳурматларини изҳор этиб, бу борадаги ишларига муваффақият тилашди. Улар етиштирган ва “Қовун сайли”га келтирган қовунларнинг ҳиди димоққа ўрилиб, унинг асал таъми инсонга ҳузур бағишлайди.
Ғулом Примов,
журналист