Бугунги кунидан рози одамлар

    Бугун юртимизда ҳар соҳада улкан ўзгариш ва янгиланишлар бўй кўрсатмоқда. Айниқса, ижтимоий кўмакка муҳтож қатламга давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлар, уларнинг кўнглига ҳаловат ва хотиржамлик ҳиссини бераётир.

    Қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаришда янги қувватларни ўзлаштириш, қуёш панеллари учун ускуналарни маҳаллийлаштириш борасида ҳудудларда амалга оширилаётган салмоқли ишлардан аҳоли жуда мамнун.

    — Хонадонимизнинг электр энергияси пулини қўлимиз калталик қилиб, ўз вақтида тўлай олмаган кунларимиз кўп бўлган. Ўша дамларда энди чироғимизни ўчириб кетишади, қоронғуда юрак ҳовучлаб неча кун ўтирамиз, деган нотинч хаёллар билан неча йиллар бедор яшадик. Қишлоқ шароитида чироқ ўчса, ҳаёт тугаб қолгандай бўлади. Қоронғуда хира чироқ ёки шам ёруғида иложсиз ўтган кунларимиз бугун эртакка айланди. Энг муҳими, қарздорлик сабаб энди электр симларимиз тармоқдан узилмайди. Электр энергиясига сарфланадиган маблағимиз ҳам тежалади, чунки томимизга қуёш панели ўрнатиб беришди, — дейди Қоракўл туманидаги “Зарафшон” маҳалласида яшовчи Ражавой Янгиева.

    Бухоро вилоятининг Олот туманидаги “Халифа” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Толиб Худойназаров ҳам йиллар давомида бошидан кечирган йўқсизликдаги ночор ҳаёти ташвишларини эслар экан, бугунги ёруғ кунлар учун мутасаддиларга алоҳида миннатдорлик билдирди:

    — Энди уйимизга беминнат нур кириб келди. Биздай оддий одамларни ўйлаганларнинг бирига минг берсин. Электр токи ўчганида нима қилишни, фарзандларимга нима дейишни билмай, бошим эгилиб қоларди. Худди бир гуноҳ иш қилгандай. Етарли маблағимиз бўлмаганлиги боис, электр пулини вақтида тўлай олмасдик. Монтёрлар “Катта қарзингиз бор экан, ўчиришга мажбурмиз” деб, симларимизни узиб кетишарди. “Эй барака топгур, ўчирма, биз катталар-ку майли, шу болаларга раҳминг келсин, бир илож қилиб, пул топиб эрта-индин тўлармиз”, дея жавраб қолаверардик. Худога шукр, у кунлар ортда қолди.

    Дарҳақиқат, қуёш панеллари ва қайта тикланувчи муқобил энергия, қуёш сув иситиш воситаларидан фойдаланиш бугунги кунда энг самарали усул бўлиб, электр узилишларининг олдини олиш билан бирга, маблағларни тежаш ҳамда турли йўналишларда замонавий инновацион ғояларни татбиқ этишга имкон яратади.

    — Дунё бўйича табиий захиралар камайиб, талаб эса тобора ошиб бораётган бугунги кунда тараққиётни мақсад қилган ҳар қандай давлат учун яшил энергияни ҳаётимизга кенг татбиқ этиш самарали ва сифатли йўл ҳисобланади, — дейди, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти бўлими бошқаруви раиси Улуғбек Козимов. — Иқтисодиёт ривожланиб, ишлаб чиқариш корхоналарининг кўпайиши ҳамда аҳоли сонининг ортиши, ўз навбатида, электр энергиясига бўлган талабни ҳам оширмоқда. Ушбу вазиятда энг муносиб ечим қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни оммалаштиришдир. Жорий йилнинг сўнгги беш ойи мобайнида Бухоро вилоятида “Темир дафтар”да рўйхатда турган 2 мингдан зиёд хонадонга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти бўлими ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуёш панеллари ва қуёшли сув иситиш коллекторлари ўрнатиб берилди. Жумладан, 120 та оилага қуввати 1 киловаттдан кам бўлмаган қуёш панеллари, 85 та оилага сиғими 100 литрдан кам бўлмаган қуёш иситиш коллектори ўрнатилди. Бу ишлар айни вақтда ҳам қизғин давом эттирилмоқда. Хонадонларга ўрнатилган қуёш панеллари соатига 1 киловатт электр энергиясини ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу эса хонадондаги 10 та 12 ватт қувватли LED лампа, шунингдек, музлатгич ва телевизорни 24 соат давомида умумий электр тармоғидан ҳеч қандай электр энергиясини олмай туриб ишлатиш имконини беради. Албатта, амалга оширилаётган бу каби кенг кўламли ислоҳотлар келгусида қайта тикланмайдиган ресурслардан оқилона фойдаланиш, яшил энергияни ҳаётимизга кенгроқ татбиқ этиш, шу билан бирга, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами учун муҳим аҳамиятга эга восита ҳисобланади.

    Ҳа, сўнгги йиллардаги ислоҳотлар туфайли, “Темир дафтар” рўйхатида турувчи фуқаролар хонадонларига қуёш панеллари ўрнатиб бериш мамлакат бўйлаб кенг қамровли долзарб вазифага айланиб бормоқда. Ушбу ўрнатилаётган қуёш панеллари хонадонларда кузатилиши мумкин бўлган электр узилишларининг тўла олдини олади.

    Айни дамда Бухоро вилоятининг бошқа туман ва шаҳарларида яшовчи эҳтиёжманд оилаларга қуёш панеллари ўрнатиб бериш ишлари қизғин давом этяпти. Бу олис ва чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар учун кутилмаган туҳфа бўляпти. Ушбу хайрли ва мақсадли ишлар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти бўлими ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармасининг 6,5 миллиард сўмлик маблағи ҳисобидан амалга оширилмоқда.

    Бугунги кунда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида “Темир дафтар”да руйхатда турган хонадонларга қуёш панеллари ўрнатиш ишлари жадал олиб борилмокда.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири