баннер
10 апр 2025
21:32

    «Қуёшли хонадон»: фуқаролар давлатга электр энергияси сотмоқда

    Кармана туманида яшовчи меҳнат фахрийси Саломат Хўжаева бир ой аввал хонадонига қуёш панели ўрнатиб, бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясидан фойда ҳам олмоқда.

    Дастлаб бу ҳақдаги гап-сўзларга ишониб-ишонмай уйига қуёш панели ўрнатган онахон кейин бу рост эканига, электр энергиясини нафақат тежаш, балки ундан даромад ҳам олиш мумкинлигига амин бўлди.

    — Электр энергиясига ойига 50-60 минг сўмдан тўлаётгандик. Қуёш панели ўрнатганимиздан сўнг шу маблағ тежалиб, аксинча, ортиқча электр энергияси учун бизга пул ҳам тўлай бошлашди, — дейди Саломат ая.

    Ҳа, бугун юртимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш бўйича ҳудудларда улкан ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, Кармана туманида лойиҳа қиймати 110 миллион АҚШ доллари, қуввати 100 мегаватт қуёш фотоэлектр станцияси қурилгани Ўзбекистон энергетика тизимидаги биринчи улкан қадам бўлди. 2022 йилда Нуробод туманида худди шундай қуёш станцияси ишга туширилди. Жорий йил якунига кадар Навоий вилоятида 500 МВтли шамол ҳамда Навоий, Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларида умумий қуввати 3 647 МВтли қуёш фотоэлектр станциялари қурилиши белгиланган.

    Президентнинг жорий йил 17 февралдаги «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида 1 апрелдан бошлаб республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига кичик қувватли қуёш панеллари ўрнатишни рағбатлантириш бўйича «Қуёшли хонадон» дастури амалга оширилмоқда. 2023 йилда 37 минг аҳоли хонадонида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш режаланмоқда. Дастур доирасида жисмоний шахсларга тегишли объектларда ўрнатилган қуёш панелларида ишлаб чиқарилган ва ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига давлат бюджетидан 1000 сўм тўланиши назарда тутилган. Шу билан бирга, ҳужжатда 2023 йилда фойдаланишга топшириладиган 765 та кўп қаватли уйни қайта тикланувчи энергия манбалари билан таъминлаш режалаштирилган. 1 майдан бошлаб эса фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панелларини ўрнатиш жорий этилди.

    Навоий вилоятининг Кармана туманида ҳам дастур доирасида аҳоли хонадонларини қуёш панеллари ёрдамида электр энергияси билан таъминлаш ишлари бошлаб юборилган. Туманнинг Зиёкор маҳалласидаги 15 га яқин хонадонда аллақачон қуёш панеллари ўрнатилиб, ўтган қисқа фурсат ичида аҳоли вакиллари унинг самарадорлигига амин бўлмоқда. Дўстлик маҳалласида яшовчи Анвар Иноятов ҳам хонадонига қуёш панелларини биринчилардан бўлиб ўрнатган ҳамюртларимиздан. Энергетика соҳасида фаолият юритиб келаётгани боис «Қуёшли хонадон» дастурининг фойдасига тўла ишонган ҳолда келажакда муқобил энергия манбаидан фойдаланиш орқали қўшимча даромад топишни ҳам мақсад қилмоқда.

    — Уйимизга қуёш панелларини яқинда имтиёзли кредит ҳисобига ўрнатдик. Электр энергияси сарфи тенг ярмига қисқарди. Аҳоли учун қулайлик жиҳатлари жуда кўп. Айни вақтда элекр энергиясининг қолган қисмини сотишни режалаштиряпмиз. Бу борада мутахассислар бизга барча амалий кўмак бермоқда, — дейди Анвар Иноятов.
    Ўзаро шартномага кўра, аҳоли хонадонларида ишлаб чиқарилган электр қуввати ҳудудий электр таъминоти корхонаси томонидан кафолатланган тарзда сотиб олинмоқда.

    — Ушбу тизимнинг фойдали экани қуёш панели ўрнатилган хонадон мисолида аниқ кўринади. 2 ой аввал 2 КВтли ускуна қўйилган хонадон аввал 40-50 минг сўмлик электр энергияси истеъмол қилган бўлса, ҳозир қуёш панели 200-250 минг сўмлик электр энергияси ишлаб чиқармоқда. Хонадон эгаси истеъмолидан ортган электр энергиясини давлатга сотмоқда, — дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Навоий филиали бўлим бошлиғи Ҳусниддин Хўжаев.

    Жорий йилда Навоий вилоятида қуввати 77,2 МВт бўлган қуёш панелларини ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, ҳозир 345 та ижтимоий соҳа объекти, 420 та тадбиркорлик субъекти ва 716 та аҳоли хонадонига қуввати 12,6 МВт қуёш панеллари ўрнатилган. Объектлар сонига нисбатан олинганда, умумий режанинг 80 фоизи тўлиқ бажарилганини кўриш мумкин.

    Юқоридаги қарорга кўра, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахсларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ҳамда юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан озод этилиши бўйича имтиёзлар берилган.

    Шунингдек, 1 мартдан бошлаб ягона электр энергетика тизимига уланиш учун берилган техник шартларда кўрсатилган қувватдан юқори бўлмаган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини электр тармоқларига улашда қўшимча техник шарт олиш талаб этилмайди.

    Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири

    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech