Бухорога сайёҳлар оқимини кўпайтириш йўлидаги имкониятлар, муаммолар ва истиқболли режалар

    Фикр 9 август 2023 2056

    Сайёҳлик — “маданиятлар ўртасидаги мулоқот” орқали тинчликни сақлаш ва халқларнинг яқинлашишига ҳисса қўшадиган, шунингдек, бугунги глобаллашаётган ва интеграциялашаётган жараёнларда даромад олиш учун энг салоҳиятли соҳага айланиб бормоқда.

    Буни яхши англаган мамлакатлар соҳани ривожлантиришга устувор вазифа сифатида қарайди. Ўзбекистонда ҳам туризм саноатини иқтисодиётнинг илғор соҳасига айлантириш, мамлакатимизга сайёҳлар оқимини кенгайтириш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

    Жорий йил 26 апрелда давлатимиз раҳбарининг “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам айни мақсадларга қаратилган.

    Юқори сайёҳлик потенциали

    Ўзбекистон туризми ривожида қадимий шаҳарлар қаторида Бухоро алоҳида салоҳиятга эга. Шаҳар қадимдан жаҳонда, айниқса, мусулмон дунёсида маълум ва машҳур бўлган. Бугунги кунда воҳанинг 13 туман ва шаҳарларида 500 га яқин зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжолар сақланган. Биргина Бухоронинг 555 гектарлик Эски шаҳар қисмида 133 дан ортиқ зиёратгоҳ (83 таси сақланган) ва 40 га яқин қадимий қабристон (11 таси сақланган) жойлашганлиги тарихий маълумотларда учрайди.

    Бугун мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, зиёрат туризми йўналишида тасаввуф алломалари, аёллар номи билан аталувчи, ҳунармандлик пирлари билан боғлиқ, авлиё даражасига кўтарилган машойих, олим, подшо ва ҳукмдорларнинг мақбаралари ҳамда шифобахшлик хусусиятига эга зиёратгоҳлар каби янги зиёрат маршрутларини очиш мумкин. Шунингдек, конфессионал маҳаллий ва халқаро даражадаги зиёрат жойларини ишлаб чиқиш имкониятлари мавжуд.

    Туризмнинг олтин қоидаси

    Ҳар бир сайёҳ ва зиёратчининг Бухородан юқори кайфият ва яхши таассурот билан кетиши ёки қайтиб келишга қизиқиш билдириши, бошқаларга тавсия этиши саёҳат йўлбошловчиларининг (гид) маҳорати ва юксак маданиятига ҳам боғлиқ. Айни вақтда улар хос ташқи кўриниш, юқори тил билиш даражаси, юксак муомала ва нутқ маданияти, юқори даражадаги тарихий билимлар, ҳар қандай саволларга жавоб бера олиш қобилияти ва салоҳиятига эга бўлиши каби мезонларга жавоб бера олиши керак. Энг асосийси, ўзига эргашган саёҳатчилар жамоасига масъулиятли бўлиши талаб этилади, десак муболаға бўлмайди. Бугун соҳада асосан, рус, инглиз, немис, турк тилларида хизмат кўрсатувчи 211 саёҳат йўлбошловчи бўлса-да, айни пайтда хитой, корейс, француз, испан, итальян, араб, форс тилларида хизмат кўрсатувчиларга ҳам талаб юқорилиги сезиляпти. Бу эса, келажакда воҳада бу турдаги саёҳат бошловчиларни тайёрлаш заруратини туғдирмоқда.

    Маълумки, меҳмонхоналар меҳмон ва мезбон муносабатлари тўқнашадиган асосий объект ҳисобланади. Меҳмонхона ходими “сайёҳ доим ҳақ” деган қоидага амал қилиши керак. Бу меҳмондўстликнинг асосий мезони бўлиб, қабул қилувчи томон (мезбон) сайёҳга даромад манбаи, фойда объекти деб эмас, аввало, меҳмон сифатида қараши керак. Чунки ҳар бир давлат зиёратчи ва сайёҳлари ўз талаблари асосида меҳмонхона танлашади. Масалан, япониялик зиёратчилар меҳмонхонада ванна, вентиляция тизими, намликни аниқлайдиган мослама, ISO (international standarts organization) халқаро стандартлаштириш ташкилотининг сертификати, экологик зарар етказмайдиган маҳсулотлар, музлатгичда муз бўлишини талаб этади ва шундай имкониятларга эга меҳмонхоналарда қолишни афзал кўришади.

    Сайёҳларга хизмат кўрсатишнинг муҳим масалаларидан яна бири гигиеник душлар бўлиб, улар барча меҳмонхоналарда ҳам мавжуд эмас. Мусулмон мамлакатлари зиёратчилари кўп ҳолларда хоналарда гигиеник душ бўлишини алоҳида талаб этишади. Гигиеник душ – мукаммал таҳорат олиш ва нажосатдан покланишга мўлжалланган қулай, енгил шлангдан иборат қўл души бўлиб, асосан Осиёнинг мусулмон давлатларида кенг тарқалган. Одатда, сув ҳожатхона қоғози ўрнида ёки бирга ишлатилади. Ҳожатхона қоғози ва унга яқин материалларнинг атроф-муҳитга салбий таъсири туфайли юқоридаги тартибдан фойдаланишади.

    Сайёҳлик йирик саноат бўлиб, деярли барча соҳалар билан чамбарчас боғлиқ. Улкан тизим ҳисобланган туризмда ҳам, албатта, ечимини кутаётган муаммолар мавжуд. Уларни аниқлашда сайёҳ ва зиёратчиларнинг фикр-мулоҳазалари, таассуротлар, таклиф ва тавсиялари муҳим аҳамиятга эга.

    Зиёрат туризми маркази

    Истиқболда хорижий зиёратчилар сонини кескин ошириш мақсадидаги тарғибот ишлари устувор вазифага айланган. Хусусан, хорижда мамлакатимиз туризми салоҳиятини манзилли тарғиб қилиш чора-тадбирлари режасида Бухоро зиёратгоҳларига алоҳида эътибор қаратилган. Етти пир зиёратгоҳларини Индонезия, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Туркия, Миср, Афғонистон мамлакатларига тарғиб этиш орқали 120 мингга яқин зиёратчини, Эрон давлатига ислом меъморчилиги тарғиботи орқали 152 минг, Россия ва Озарбайжон мамлакатларига “Аҳмад Қодиров, Оллоҳшукур Пошшозода изидан” номли турлар билан Мир Араб мадрасасини тарғиб қилиш орқали 50 мингга яқин хорижий зиёратчиларни жалб қилиш белгиланди.

    – Тарғибот натижаларини статистик маълумотлар орқали таҳлил қиладиган бўлсак, Бухорога ташриф буюрган хорижий сайёҳ ва зиёратчилар сони 2021 йилда 49 минг нафар, 2022 йилда 552,6 минг нафарни ташкил этган, – дейди Бухоро вилояти туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бобир Тўхсанов. – Уларнинг 57 фоизи МДҲ давлатлари, 21 фоизи Европа давлатлари, 20 фоизи Осиё мамлакатлари, 2 фоизи Америка қитъаси ва бошқа минтақалар ҳиссасига тўғри келган. Ҳар йили 3000га яқин малайзиялик сайёҳлар Ўзбекистонга ташриф буюраётгани ва бу кўрсаткич ошиб бораётгани саъй-ҳаракатларнинг натижасидир. Келгусида бу ишларни янада ошириш ва жадаллаштириш кўзда тутилган.

    “Самарқанд, Тошкент қатори Бухоро шаҳридаги муқаддас қадамжолар ва ёдгорликларни зиёрат қилишдан иборат бўлган “кичик ҳаж” дастурини ривожлантириш ва жадаллаштириш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур жараёнда хориждаги туризм элчиларимизнинг ўрни жуда катта. Айни мақсадда Покистон, Австрия, Ҳиндистон, Япония, Қозоғистон, Корея Республикасида сайёҳ-элчилари, Малайзияда “Зиёрат туризми” элчиси тайинланди. Улар орқали Бухорога хорижий зиёратчиларни фаол жалб этиш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ.

    Президентимизнинг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, “Имом Бухорий” зиёрат туризми йўлдош телеканали ташкил этилиши, у орқали Имом Бухорийнинг бебаҳо мероси дунёнинг индонез, бенгал, малай, турк, араб, ҳинд, урду, пушту тилларида кенг тарғиб этилиши режалаштирилгани эътирофга лойиқ.

    Бухоронинг бошқа воҳалардан фарқли жиҳати шундаки, у тарихий, маданий туризм қаторида зиёрат сайёҳлиги йўналишида ҳам кўплаб объектларга эга. Воҳанинг турли қишлоқ ва туманларида катта-кичик зиёратгоҳлар аҳоли томонидан асраб келинаётгани, ҳар бир зиёратгоҳнинг ўз хусусиятидан келиб чиқиб одати ва маросимлари ўтказилаётгани зиёрат туризмининг турли йўналишларини йўлга қўйиш имконини бермоқда. Зеро, маҳаллий зиёрат объектларини хорижий зиёратчилар қизиқишини орттириш ҳисобига халқаро сайёҳлик объектларига айлантириш мумкин.

    Мухтасар айтганда, сайёҳликнинг воҳа ижтимоий-иқтисодий ҳаётига таъсири истеъмол талабининг янги шакллари пайдо бўлиши, сайёҳлик саноатида иш ўринлари сони ва турларининг ошиб бориши, хорижий валюта тушумининг барқарорлашувига ёрдам бериши, аҳоли даромадларининг ошишида намоён бўлмоқда.

    Шавкат БОБОЖОНОВ,

    Тошкент давлат педагогика университети доценти в. б.,

    тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates