Бюрократик тўсиқларга учраяпмиз(ми)?

    Ижтимоий ҳаёт 9 ноябр 2021 959

    Айни кунларда Фарғона вилоятида 80 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатяпти.

    Сир эмаски, давлат хизматлари марказлари ташкил этилмасидан аввал нафақат фуқаролар, балки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчилар юридик мақом олиш, ҳужжат тайёрлаш, давлат рўйхатидан ўтиш каби ўнлаб масалаларда кўплаб бюрократик тўсиқларга учраган. Ҳозирда эса барча тўсиқлар бартараф этилган.

    Қўқонлик тадбиркор Муҳиддин Тиллабоев ўн йилдан буён болалар кийимларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Дастлаб кичик цех шароитида иш бошлаган тадбиркор - фаолиятини кенгайтириб, ҳозирда 100 нафар маҳаллий ёшларни иш билан таъминлаган. Корхонада 50 турга яқин болалар ва чақалоқлар кийимлари тайёрланиб, Бельгия, Руминия, Белоруссия ва Болтиқбўйи мамлакатларига экспорт қилинади.

    Муҳиддин дастлаб тадбиркорлик фаолияти учун юридик мақом олиш ва ҳужжат тайёрлашда кўплаб сарсонгарчиликлар ва бюрократик тўсиқларга учраган эди. 4 йил аввал Давлат хизматлари марказлари ташкил этилгандан сўнг минглаб тадбиркорлар қатори Муҳиддиннинг ҳам юмушлари тез ва осон ҳал этиладиган бўлди.

    — Фаолият бошлаганимга 10 йилдан ошди. Илгарилари тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш у ёқда турсин, ерга эгалик қилиш ҳуқуқини расмийлаштириб олишнинг ўзи «катта» иш эди, — дейди Муҳиддин Тиллабоев. — Биргина электр энергияси манбасига уланиш, кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, ҳисоб рақам очиш юмушлари учун бир ойлик режа қилардик. Бу ҳозирги вақт учун эртак бўлиши мумкин. Лекин яқин тарихда шундай эди. Давлат хизматлари марказлари очилиши билан бу каби сарсонгарчиликлар барҳам топди.

    Туркиялик тадбиркор Садик Гиргин Қўқон шаҳридаги оёқ кийимлари ишлаб чиқарувчи корхона раҳбари. У Давлат хизматлари марказига таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш учун келган. Унинг юмушлари реал вақт режимида ижобий ҳал этилди.

    — Асосий фаолиятим оёқ кийимлар ишлаб чиқариш билан бирга, пойабзаллар учун тери маҳсулотларини ҳам қайта ишлаймиз, — дейди Садик Гиргин. — Қўқон шаҳар давлат хизматлари марказига тез-тез кундалик ишлар билан келиб тураман. Очиғи, 4-5 йил аввал ҳаммаси бошқача эди. Давлат хизматлари кўрсатиш фақат тадбиркорларга бўлибгина қолмай, йиллар давомида шаклланиб қолган ортиқча овора қилиш ҳолатлари кўп эди. Эндиликда эса ҳаммаси ўзгарган. Қийинчиликлар, тадбиркорни сарсон қилиш ҳолатларига барҳам берилган. Бу эса хорижий тадбиркорлар оқимининг кўпайишига олиб келади.

    Айни пайтда Фарғона вилоятидаги мавжуд 19 та давлат хизматлари марказларида тадбиркорлар ва фуқаролар учун барча шароитлар яратилган. Жумладан е-аукцион майдончаси, ўз-ўзига хизмат бурчаги, инфоленд шулар жумласидан.

    Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, айни кунларда Фарғона вилоятида 287 та хорижий корхоналар фаолият кўрсатяпти. Жорий йилнинг 10 ойи давомида эса 46 та хорижий капитал асосидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтказилган.

    ДХА Фарғона вилоят бошқармаси матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates