Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби белгиланди

    Ҳарбий 7 июл 2025 6337

    Ҳукумат қарори (413-сон, 07.07.2025 й.) билан “Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

    Низом чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидаги муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун танлаб олиш тартибини белгилайди.

    Чақирилувчилар танловда 1 йилда фақат 1 марта иштирок этиши мумкин.

    Танлов чақирув йилидан аввалги йилнинг 10 августидан чақирув йилининг 10 февралига қадар ўтказилади.

    Чақирилувчи билан суҳбат ўтказиш орқали унинг қуйидаги маълумотларига аниқлик киритилади:

    • ҳарбий хизматга бўлган қизиқиши ва иштиёқи;
    • ҳуқуқбузарликлар содир этгани, жавобгарликка тортилгани ва судлангани билан боғлиқ ҳолатлар;
    • соғлиғининг ҳолати;
    • билим даражаси;
    • оилавий шароити ва бошқалар.

    Чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражаси қуйидаги умумжисмоний нормативларни қабул қилиш орқали баҳоланади:

    • турникда тортилиш;
    • 100 метрга югуриш;
    • 3000 метрга югуриш.

    Танлов якунлари бўйича чақирилувчини тавсия этиш ёки тавсия этмаслик бўйича тегишли хулоса қабул қилинади.