Россия визасини олишни хоҳловчи хорижликлар энди тақдим этилган маълумотларни текшириш учун суҳбатдан ўтишлари шарт.
«Чет эл фуқаросига виза бериш масаласини кўриб чиқишда, Россия Федерациясига сафар мақсади ва Россия Федерацияси ҳудудида бўлиш шартларини тасдиқловчи маълумотларнинг тўғрилигини қўшимча равишда текшириш учун ваколатли давлат органи чет эл фуқароси билан шахсий суҳбатни амалга оширади», — дейилади ҳужжатда.
Россияга кириш учун Европа, АҚШ, Канада, Австралия ва Африка ва Жанубий Американинг бир қатор мамлакатлари фуқаролари учун виза талаб қилинади. Бироқ, МДҲ давлатлари, Куба, Венесуэла, Хитой, Туркия ва Сербия фуқаролари учун имтиёзли шартлар ёки визасиз режим мавжуд.
Бундан ташқари, 55 давлат фуқаролари консуллик муассасаларидан ўтмасдан электрон виза олиш учун ариза топширишлари мумкин. Ягона электрон виза жорий этилганидан буён 540 мингдан ортиқ киши ушбу имкониятдан фойдаланди, улар орасида Хитой, Саудия Арабистони, Германия, Туркия ва Эстония фуқаролари етакчилик қиляпти, деб хабар беради Kazinform.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган йил давомида энг кўп электрон визалар Хитой фуқароларига берилган – 254,2 мингта. Кучли учликка Саудия Арабистони (43,4 минг виза) ва Германия (42,6 минг виза) кирди. Тўртинчи ва бешинчи ўринларда Туркия (32,8 минг виза) ва Эстония (28,6 минг виза) жойлашган.