Ўзбекистон минтақавий шерикликни изчил мустаҳкамлайди

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига келди.

    25-26 декабрь кунлари ташриф доирасида мамлакатимиз етакчиси МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий саммити ва Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг (ЕОИК) навбатдаги йиғилишида иштирок этади.

    Давлатимиз раҳбари ҳар йили МДҲнинг анъанавий саммитларида иштирок этиб, Ўзбекистон Ҳамдўстлик мақсад ва вазифаларига содиқлигини намойиш этиб келяпти. Бундай форматларда иштирок этиш республикага яқин шериклар билан фаол ҳамкорлик қилиш, кун тартибидаги долзарб масалаларни биргаликда муҳокама қилиш ва ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришга қаратилган таклифларни илгари суриш имконини беряпти.

    Ўзбекистон иштирокчи давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшиш орқали МДҲ доирасида фаол позицияни эгаллаб келяпти. Мамлакатимиз иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қаратилган муҳим ташаббусларни мунтазам илгари суриб келаётир. Ўзбекистоннинг МДҲ доирасидаги устувор йўналишлари қаторига интеграцияни чуқурлаштириш, қўшма лойиҳаларни илгари суриш ва минтақада барқарорликни таъминлаш киради.

    Ўзбекистон учун МДҲдаги ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий шериклик муҳим ўрин тутади. Республика экспорт-импорт муносабатларини фаол ривожланиб, миллий маҳсулотларни сотиш бозорини кенгайтиряпти, минтақанинг транспорт-логистика инфратузилмасини яхшилашга қаратилган лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этяпти. МДҲ давлатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик аҳоли фаровонлиги даражасини оширишга ҳамда Ўзбекистоннинг ишончли шерик сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга муҳим омил бўляпти.

    Ўзбекистоннинг МДҲ билан алоқалари республиканинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлиги билан чамбарчас боғлиқ.

    Евроосиё иқтисодий иттифоқи Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий макон негизида тузилган халқаро интеграцион иқтисодий бирлашмадир. Иттифоқ 2014 йил 29 майда Остона шаҳрида (Қозоғистон) Беларусь, Қозоғистон ва Россия давлат раҳбарлари томонидан имзоланган Евроосиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги шартнома кучга кирганидан сўнг 2015 йил 1 январдан иш бошлади. 2015 йилда Арманистон ва Қирғизистон шартномага қўшилди.

    Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИда кузатувчи давлат мақомини олган. Куба ва Молдова ҳам ЕОИИда худди шундай мақомга эга.

    Бирлашма низомига кўра, кузатувчи мақомига эга давлатлар ЕОИИ органлари йиғилишларида қарор қабул қилиш ҳуқуқисиз иштирок этиши, шунингдек, Евроосиё иқтисодий комиссиясига мамлакат вакилини тайинлаши мумкин.

    Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини ушбу форматда ривожлантириш миллий манфаатларга жавоб беради ва тенг ҳуқуқлилик, шунингдек, иштирокчи давлатлар томонидан бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланади.

    Ўзбекистон Президенти мамлакатимиз кузатувчи мақомини олганидан бери мазкур бирлашма Олий Кенгашининг олтита йиғилишида қатнашди.

    Ўзбекистон Бош вазири бошчилигида ЕОИИ мамлакатлари ва Евроосиё иқтисодий комиссияси билан ҳамкорлик бўйича идоралараро ишчи гуруҳи тузилган. Ишчи гуруҳ ЕОИИ билан ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштиради, иқтисодий алоқаларни таҳлил қилади ва ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

    2024 йил 1 октябрда Ўзбекистон ҳукумати ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ўртасида 2024-2026 йилларга мўлжалланган Қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди, деб хабар беради «Дунё» АА.

    ЕОИИ платформасида кузатувчи давлат сифатида иштироки орқали Ўзбекистон муҳим ташаббусларни илгари суриб келяпти. Иттифоққа аъзо барча давлатлар билан фаол ҳамкорлик қиляпти, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиряпти. Ушбу омиллар эса барқарор ўсиш суръатларини кўрсатаётир.

    Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Президентининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтадиган МДҲ ва ЕОИИ саммитларида иштирок этиши, ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга янги суръат бағишлаш баробарида, Ҳамдўстлик ва бирлашма маконидаги давлатлар ҳамда халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир амалий қадам бўлиб хизмат қилади.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates