Чиқиндилар ҳосил бўлишининг олдини олиш, қайта ишлаш ва фойдаланиш бўйича олиб борилаётган ишлар танқидий муҳокама этилди

    Яшил сайёра 13 октябр 2022 3191

    Маълумки, Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадларини қабул қилган ва ундаги 16 та мақсадда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мажбуриятини олган. Бу борадаги миллий мақсад ва вазифалар доирасидаги ишларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли ижро этилишини таъминлаш, шунингдек, таъсирчан парламент назоратини олиб бориш мақсадида Олий Мажлис палаталари раҳбарлари бошчилигида Парламент комиссияси ташкил этилган.

    Бугун, 13 октябрда Парламент комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Уни Олий Мажлис Сенати Раиси – Парламент комиссияси ҳамраиси Танзила Нарбаева олиб борди.

    Мажлисда БРМ 12-мақсадининг 5-вазифаси, яъни чиқиндилар ҳосил бўлишининг олдини олиш, қайта ишлаш ва такрорий фойдаланиш бўйича чораларни қабул қилиш орқали уларнинг ҳажмини 2030 йилгача икки бараварга қисқартириш юзасидан Бухоро ва Тошкент вилоятларида олиб борилаётган ишлар муҳокама этилди.

    Муҳокамалар давомида чиқиндилар ҳосил бўлишининг олдини олиш, қайта ишлаш ва такрорий фойдаланиш, соҳага миллий ва хорижий инвестицияларни жалб этиш, бу борада тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, умуман олганда, мазкур йўналишдаги ишларни комплекс амалга оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилгани ва соҳага оид 39 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани таъкидланди.

    Амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, соҳада мавжуд кўплаб муаммо ва камчиликлар сақланиб қолаётганлигига эътибор қаратилди.

    Парламент комиссиясининг ишчи гуруҳи ўтказган ўрганиш натижасида муайян ҳолатлар аниқланган бўлиб, жумладан, Бухоро ва Тошкент вилоятида чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга оширишга оид маҳаллий дастурлар ишлаб чиқилмаган ва тасдиқланмаган.

    Бухоро вилоятида 20 та, Тошкент вилоятида эса 21 та иккиламчи хом ашёни қабул қилиш шохобчалари ноқонуний фаолият юритяпти.

    Шунингдек, Ўзбекистон БРМга мувофиқ 2030 йилгача чиқиндилар ҳосил бўлиши ҳажмини икки бараварга қисқартириш мажбуриятини олган, бироқ ҳозирда аҳолининг йиллик ўсиш суръатининг прогнози инобатга олинса, 2030 йилгача чиқиндилар ҳажми икки бараварга қисқариши эмас, аксинча табиий равишда икки бараварга ортиши кутиляпти.

    Сенат Раиси ана шу омилларни инобатга олган ҳолда чиқиндиларни қайта ишлаш ва такрорий фойдаланиш ҳажмини 4 бараваргача кўпайтириш зарур эканлигини алоҳида таъкидлади.

    Мажлис давомида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси, Тошкент ва Бухоро вилояти ҳокимликларининг ҳисоботи эшитилди. Шунингдек, аниқланган муаммо ва камчиликлар юзасидан тегишли вазирлик ҳамда идоралар вакилларининг фикрлари тингланди.

    Мажлис якунида Парламент комиссиясининг соҳадаги камчиликларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган тегишли қарори қабул қилиниб, мутасадди идораларга муайян вазифалар юкланди.

    Хусусан, чиқиндилар билан боғлиқ масалалар юзасидан қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритиш, чиқиндини қайта ишлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига имтиёзлар ва преференцияларни белгилаш, келгуси йилга мўлжалланган бюджетни шакллантириш жараёнида чиқиндиларни ҳосил бўлишини бартараф этиш чораларини инобатга олиш, янги чиқинди полигонларини очишни чеклаш ва шу каби муҳим масалаларни ҳал этиш вазифалари белгиланди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates