Деҳқончилик ҳар доим оқиллик ва меҳнатсеварликка таянади. Ўсимлик ўз дардини айтолмайди. Уни парваришлаётган деҳқон ер билан тиллаша билиш, ниҳоллар билан диллаша олиши керак. Қайси уруғ серҳосиллигини, ерни экишга тайёрлаш, унинг муддатлари, усуллари, кўчат қолдириш, озиқлантириш, суғориш, бегона ўтлар, ҳар хил касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш чораларини аниқ билиши, ҳосилни сифатли етиштириш, териб олиш, сақлаш, харидор топиб, маҳсулотни сотиш сингари юмушларни ташкиллаштириши керак.
Деҳқоннинг куну тун демай қилган заҳмати йўқдан бор қилади, элни боқади ва кийинтиради. Бугунги кунда бу ишларни замонавий техникалар ва инновацион технологияларсиз амалга ошириш мушкул. Бу уни ҳаёт билан ҳамнафас яшашга, илм асосида иш юритишга ундайди.
Сиртдан қараганда, буларнинг бари ҳаммага маълум азалий гаплардек туюлади. Лекин уларга амал қилмаслик ёки парваришлаш занжиридаги бирон бир халқанинг узилиши оқибатида ҳосил тош босмай ёхуд у харидор талабига жавоб бермай қолганида аттанг дейиш билан даромад буромадга айланмайди, йиллик меҳнат зое кетади. Алқисса, замонавий деҳқончилик азалий тажрибаларни инновацион технологияларга уйғунлаштиришни талаб этади.
Таҳлил ва самара
Касб тақозаси, илмий изланишлар эҳтиёжи туфайли юртимизнинг кўплаб ҳудудларида бўлишга, деқончилик ишларини кўп йиллар мобайнида кузатиш, таҳлил қилиш, улардан хулосалар чиқаришга тўғри келган.
Республикамизда тайёрланаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 90 фоиздан ортиғи суғориладиган ерларда етиштирилади. Аммо уларнинг 47 фоизи турли даражада шўрланган. Шунингдек, унинг 29 фоизи сув ва шамол эрозиясига учраган. Ушбу ерларнинг 43,6 фоизи ўрта, 23,9 фоизи енгил, 20,3 фоизи оғир , 8 фоизи қумоқли бўлгани ҳолда, 2,5 фоизи қумли ва 1,7 фоизи лойли таркибга эга тупроқлардан иборат. Табиийки, бу майдонларда етиштирилаётган маҳсулотларнинг талаб даражасидаги сифатини таъминлаш учун, албатта, хосса-хусусиятларини аниқлаб, уларнинг ҳолатини яхшилаш чора-тадбирларини кўриш зарур.
Мавжуд ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда экин майдонлари, улар турини жойлаштиришни модернизация қилишни ҳам ҳаётнинг ўзи кун тартибига қўймоқда. Мамлакатимизнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Сирдарё, Жиззах, Фарғона вилоятларидаги мавжуд турли даражадаги шўрланган майдонларига унга чидамли бўлган беда, оқ жўхори, шолини, такрорий экин сифатида тариқ, махсар каби экинларни жойлаштириш зарур. Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ва барча тоғ олди дашт адрли ерларда ҳар-хил турдаги ёнғоқ ва ўрик турларини, писта, бодом, мойли дарахтлардан зайтунзорларни, қизилмия, плантацияларини ташкил қилиш самарали ҳисобланади.
Президентимиз шу йил 23 март куни ўтказилган видеоселектро йиғилишида қайд этганидек, мамлакатимизда кейинги йилларда миллардлаб сўм маблағларни сарфлаш эвазига озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш учун 500 минг гектар қўшимча ерлар қайтадан фойдаланишга киритилди. Бу ички бозордаги нарх-навони барқарор ушлаб туриш ва экспортни кўпайтиришга ҳисса қўшмоқда. Фермер ва тадбиркорларга яратилган имкониятлар натижасида эса, маҳсулот етиштириш ҳажми ошмоқда. 2022 йилда чорвачиликда қорамоллар сони 14 миллион, қўй-эчкилар сони 24 миллион бошга етганини, паррандачилик хўжаликлари сони 1 минг 300 тани ташкил этиб, тухум етиштириш 4, гўштда 28 фоизга ортганини мисол тариқасида келтириш мумкин.
Президентимиз ерлардан фойдаланиш ва уларда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш имкониятларини ишга солиш масаласига катта эътибор қаратиб, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг аниқ йўналишлари, молиявий манбалари, кўрсатиладиган рағбат ва имтиёзларни аниқ белгилаб беряпти.
Ўтган куни давлатимиз раҳбари озиқ-овқат тармоқларини қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишиш чоғида ҳам мавжуд озуқа ва ер етишмаслиги, айланма маблағлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармасининг грант маблағлари ҳисобидан ҳудудларда сут йиғиш марказлари ташкил этилади. Уларга камида 100 та аҳоли хонадони бириктирилиб, кооператив тизим йўлга қўйилади.
Демак, хонадонларда сут етиштириш янада манфаатли бўлади.Чунки, ўртача бир суткада 10-12 литр сут берадиган соғин сигирга эга бўлган оилани кичик корхонаси бор уй хўжалигига менгзаш мумкин. Айни пайтда бир литр ёғлик сут қишлоқларда 6 минг, Фарғона шахрида эса 8 минг сўмдан харид қилиняпти. Агар уни сотмай қайта ишланса, қаймоқ, сариёғ, қатиқ, қурут, пишлоқ каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Уларнинг сутга нисбатан бозор баҳоси 4-5 марта юқори. Бундан ташқари, сигир ҳар йили бузоқ беради.
Маҳаллий шароитда яшаётган оилада хонаки товуқ ёки уй жўжаси асосан тухуми учун боқилади. Бу дастурхонимизни тўкин қилишдаги аҳамияти катта. Харажат ва фойдани 50/50 ҳисобида қўйганимизда ҳам камида ҳар бир товуқдан 255 дона тухум олинади. Товуқни хонадонда гўшт йўналишида боқилганда эса 40-45 кунда тирик вазни 2,4-2,5 килограммга етади. Ҳазм бўлиш коэффиценти 94-95 фоизга тенг, таркибида 20 фоиз оқсил, 10-12 фоиз ёғ бўлади.
Ана шундай уй ҳайвонларини боқиш ва паррандаларни парваришлаш оилада яшовчи отахону онахонларга вақтни беҳуда ўтказмаслик учун эрмак бўлса, уйдаги ўқувчи-ёшлар фойдали меҳнат билан шуғулланишни ўрганади.
Балиқчилик учун ҳам бир қатор қўшимча имкониятлар белгиланмоқда. Хусусан, бундан буён табиий сув ҳавзаларини ижарага бериш онлайн аукцион орқали амалга оширилади. Тармоқда 241 та, жумладан, креветкани саноат усулида етиштириш лойиҳаси амалга оширилади. “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури доирасида балиқчилик лойиҳалари учун 50 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар ажратилади. Булар эвазига жорий йилда 850 минг тонна балиқ етиштириш мумкинлиги қайд этилди.
Назаримизда бу йўналишга фермер хўжаликлари ҳам ўз ҳиссаларини қўшиш имконияти бор. Бинобарин, уларнинг кўпчилигида кичикроқ бўлса ҳам ҳовуз мавжуд. Ортиқча сарф-харажат талаб қилинмайди. Мазкур ҳовузларда харидоргир балиқ парвариш қилинса, бир тоннагача маҳсулот олиш мумкин. Бозорда унинг бир килограмми нархи 30 мингдан 50 минг сўмгача сотилмоқда. Бу фермерларга ўз хўжалик аъзоларини сервитамин маҳсулот билан таъминлаши баробарида, қўшимча даромад ҳам келтиради.
60 минг гектардаги имконият
Юртимизда шундай фермер хўжаликлари борки, фақат дала ва йўл четларига, ариқ, сув бўйларига экилган ўрик, олма, анор, узум, хурмо, ёнғоқ, писта, бодом, жийда каби мевалардан катта миқдорда ҳосил йиғиб олмоқда. Улар юқори сифатли ҳосили бериши билан бирга, кўчаларга файз, далаларга фусункорлик бахш этяпти. Уларнинг яна бир қулайлик томони шундаки, бу мевалар тоғда ҳам, даштда ҳам, қумда ҳам ўсади, ривожланади ва мева беради.
Масалан, ёнғоқни олайлик.. Бир қатор қилиб, 6 метрга 1 тупдан жойлаштирилганда, унинг 227 тупи бир гектарни эгаллайди. Даставвал 40-50 килограмм, еттинчи йилдан бошлаб 100-150 килограмм ҳосил беради. Бозор баҳосидаги нархини икки баробар камайтириб, харажатларни чиқариб ташлаганда, йилига энг камида 100 миллион соф фойда қолади. Асосийси, ёнғоқ мевасининг сифати бузилмайди, узоқ сақланади, олис масофаларга олиб бориш учун ҳам алоҳида эътибор талаб қилинмайди.
Президентимиз жорий йил жорий йил 23 март куни қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича бўлиб ўтган йиғилишда дала четларида маҳсулот етиштиришни кўпайтиришнинг устувор вазифаларини ҳам белгилаб берган эди. Шундан сўнг Кадастр агентлиги томонидан ўтказилган хатловда 60 минг гектарга яқин дала четларидан тўлиқ фойдаланилмаётгани аниқланди. Ҳисоб-китобларга кўра, бу майдонлардан унумли фойдаланиш орқали 337 минг тонна қўшимча маҳсулот олиш имконияти бор. Хусусан, зовур ва сув бўйларида 600 минг бош парранда боқиш ҳамда қарийб 300 мингта асалари уяси жойлаштириш имконияти бор.
Маълумки, асаларичилик деҳқонларга нафақат дармондори сифатида даромад келтириб қолмай, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш, уруғ етиштиришда ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Асалари чанглатган ғўзанинг ҳосилдорлиги 30, мевали боғлар, мойли экинлар, айниқса шафтоли, олма, олхўри, бодом, гилос, олча, ўрик каби мевали ўсимликларда 50 фоизгача ошиши исботланган. Бу деҳқончиликда илмий асосда йўлга қўйилса, асаларичи оладиган даромаднинг асосий қисмини чанглатишдан топади.
Шу боис қишлоқ хўжалиги экинларини асалари билан чанглатиш кўламини ошириш мақсадида 50 минг гектар боғ ва 200 минг гектар дала четларида асалари уяларини жойлаштириш, қўшимча шароитлар яратиб, аҳолини асалчиликка жалб этиш чоралари ҳам белгилаб берилгани соҳа ривожининг янги босқичга кўтарилишида пойдевор вазифасини ўтайди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги корхоналари дала четларидаги ер майдонларида маҳсулот етиштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан бу йўналишда деҳқончилик қилиш учун уруғ, кўчат, ўғит ва сув таъминоти мақсадларига 100 миллиард сўм йўналтирилиши, етиштирилган маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш учун қуритиш ва совитиш ускуналарини харид қилишга 50 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Яна бир муҳим жиҳати, фермер хўжаликларининг дала четида экиладиган экин ва етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, боқиладиган парранда ва асалари уялари ҳамда совиткичли омборхона ва қуритиш ускуналарини жойлаштириш бўйича прогноз кўрсаткичлар ҳам тасдиқланди. Ҳозирда фермер хўжаликлари томонидан ер майдонлари иккиламчи ижарага фақат 1 йилгача берилаётган бўлса, эндиликда ток, тут, терак каби дарахтлар кўп йилда етилишини ҳисобга олиб, бу муддат 10 йилгача узайтирилди.
Бу вазифаларлар ижросини таъминлашга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги масъул ҳисобланади.
Олимжон Иброҳимов,
Фарғона политехника институти профессори,
қишлоқ хўжалиги фанлари доктори