Давлат дастурининг 2022 йил I чорагидаги ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди

    Мамлакатимизда 29 апрел 2022 1105

    Сенатнинг йигирма бешинчи ялпи мажлисида 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил I чорагидаги ижроси якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.

    Жорий йилнинг I чорагида давлат ва жамият ҳаётининг муҳим йўналишлари бўйича 59 та норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинган.

    Кўрилган чоралар натижасида иқтисодиётда бир қатор ижобий натижаларга эришилган.

    Жумладан, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ялпи ички маҳсулот 105,8 фоизга ўсиши таъминланган. Савдо айланмаси ҳажми 59,1 триллион сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан 110,8 фоизни ташкил этган. 2 миллиард 448 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, мазкур прогноз кўрсаткичи 167 фоизга бажарилган. Республика экспорти (махсус экспортсиз) 2,7 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга ўсган.

    Маҳалла институтини ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

    Хусусан, 695 та маҳалла комплекси қурилган, 16 та маҳалла биноси реконструкция қилинган, 55 таси жорий таъмирланган, 205 та маҳалла биносида қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

    Шунингдек, маҳаллалар осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 6 822 та «Фидокор ёшлар» жамоатчилик патруль гуруҳи фаолияти йўлга қўйилиб, уларга 14 957 нафар ёшлар жалб этилган.

    Ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар кўрилган.

    Жумладан, очиқ электрон танловларда 55,9 минг гектар ер майдонлари 256 минг нафар ғолибга ажратиб берилган. Шундан «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да рўйхатда турган 81 мингдан ортиқ оилага

    13,8 минг гектар, хориждан қайтиб келган 15 минг нафардан ортиқ фуқароларга 2,5 минг гектар ер участкалари ажратиб берилган.

    Уй-жойини таъмирлашга муҳтож 2,1 мингта ногиронлиги бўлган шахслар оилаларининг 1,7 мингтасининг (80,1 фоизи) уй-жойи таъмирлаб берилган. Нотурар жойларда истиқомат қилаётган 847 та оиланинг 268 тасига (32 фоизи) уй-жой ажратилган ҳамда 456 тасига (54 фоизи) турар жой ижара тўлови тўлаб келиняпти.

    Мажлисда сенаторлар томонидан Дастур ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги таъкидланди.

    Хусусан, Дастурнинг бир қатор бандлари ижроси юзасидан ишлаб чиқилган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларининг қабул қилиш жараёни кечикяпти. Бу эса иқтисодиётни янада либераллаштириш, экологик хавфсизликни таъминлаш, тиббиётни ривожлантириш каби муҳим соҳаларда тегишли ўзгаришларни амалга оширишни ортга суряпти.

    Шунингдек, Давлат дастури ижроси муҳокамасида сенаторлар аҳоли томонидан кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратди.

    Муҳокамалар сўнггида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates