Давлат дастурининг 2022 йил I чорагидаги ижроси якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи кўриб чиқилди

    Мамлакатимизда 27 апрел 2022 1404

    Жорий йил 26 апрелда Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

    Мажлисда Сенатнинг 25-ялпи мажлисида муҳокама этиладиган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

    Хусусан, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил I чорагидаги ижроси якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи муҳокама этилди.

    Қайд этилганидек, аҳоли саломатлиги ва генофондига зиён етказадиган мавжуд экологик муаммоларни бартараф этиш мақсадида атроф муҳитнинг ифлосланиш даражасини баҳолаш механизмларини такомиллаштириш атроф табиий муҳитни кузатиш, ифлосланиш даражасини прогнозлаш, давлат экологик назоратини доимий ахборот билан таъминлаш, ифлослантирувчи манбаларнинг ҳолати ва атроф муҳитга таъсири мониторингини амалга ошириш мақсадида давлат экологик мониторинги ўтказиладиган хўжалик юритувчи субъектлар рўйхати шакллантирилган.

    Унга асосан атроф муҳит мониторинги доирасида ҳудудий таҳлил лабораториялари томонидан 385 та корхонанинг 1 160 та манбаларида мониторинг амалга оширилиб, мониторинг натижаларига кўра 80 та объектнинг 110 та манбаларида меъёрдан ортган ҳолатлар кузатилган.

    Чиқиндилар билан ишлаш соҳасида Андижон вилоятида 7 та ва Тошкент вилоятида 1 та умумий қиймати 245,1 миллиард сўм бўлган маиший чиқиндиларни ташиш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича давлат-хусусий шериклик битимлари имзоланган.

    Республика ҳудудларида ўрмонлар майдонини кенгайтириш ва ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш мақсадида Ўрмон фондининг чўл ҳудудларида, жумладан, Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи минтақасида «яшил қопламалар» барпо этиш ишлари олиб борилиб, бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳудудларида жами 55 минг гектар майдонда чўл ўсимликларидан ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилган. Ўрмон хўжаликлари томонидан 1 миллион 633 минг гектар майдонда доривор ўсимликларнинг маданий плантациялари ташкил этилган.

    Қўмита мажлисида Оролбўйи минтақасида (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти) экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишда рақамлаштириш ва инновацион ёндашувларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ахбороти ҳам эшитилди.

    Таъкидланганидек, Оролбўйи ҳудудида метеорологик кузатишлар ва атмосфера ҳавоси ифлосланишини мониторинг қилиш тизимини автоматлаштириш бўйича «Оролбўйи минтақасида автоматик кузатиш пунктларини татбиқ этиш йўли билан экологик мониторинг тизимини такомиллаштириш» паспорти лойиҳаси ишлаб чиқилган.

    Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасида мавжуд маиший ва қурилиш чиқиндилари полигонларини рекултивация қилиш ҳамда янгиларини ташкил этиш юзасидан қатор ишлар амалга оширилган.

    Оролбўйи минтақасида чуқур артезиан қудуқлар бурғилаш орқали қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликнинг сув таъминотини яхшилаш ва ривожлантириш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ, Чимбой, Тахтакўпир ва Қораўзак туманлари ҳокимликлари билан биргаликда ер ости сувлари ҳисобига фойдаланишга киритилиши мумкин бўлган жами 11 та ҳудуд бўйича 1 210 гектар майдон аниқланган.

    Оролбўйи ҳудудида 250 гектар майдонда доривор годжи, лаванда ва наъматак ўсимликлари парваришланиб, доривор ўсимликлар плантациясини барпо этилмоқда.

    Оролбўйи миллий табиат боғи бошқарувига инновацион ёндашувларни жорий этишда минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш йўналишида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти билан ҳамкорликда Ўзбекистонда илк бор Оролбўйи атрофида асал ўрмонлари барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.

    Шунингдек, мажлисда мазкур масалада айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги қайд этиб ўтилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида Қизилмия илдизини қайта ишлаш чиқиндилари ва бошқа қишлоқ хўжалик органик қолдиқларидан брикет ва гранула ишлаб чиқариш бўйича стартап лойиҳасини ҳозирги кунга қадар молиялаштириш масаласи охирига етказилмаган.

    Оролбўйи миллий табиат боғи бошқарувига инновацион ёндашувларни жорий этишда минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш йўналишида ишлар талаб даражасида амалга оширилмаган. Сенаторлар томонидан масъулларга ушбу камчиликларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.

    Шунингдек, «Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун алоҳида муҳокама қилинди.

    Сенаторлар томонидан қайд этилганидек, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши карантин остидаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, қайта ишлаш, реализация қилишда зараркунандаларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишга кўмаклашади.

    Шунингдек, Қўмита мажлисида «Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида»ги Қонун батафсил кўриб чиқилди. Қайд этилишича, қонуннинг қабул қилиниши аввало, соҳани барқарор ривожлантириш ва хизматлар сифатини оширишга мўлжалланган таъсирчан ҳуқуқий база яратилишига ҳамда сув таъминоти ташкилотлари фаолиятида интизомни кучайтириш орқали носозликлар оқибатида ичимлик суви исроф қилинишининг олди олинишига хизмат қилади.

    Истеъмолчилар томонидан ичимлик ва оқова сув қувурларига ноқонуний уланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар натижадорлиги ошишига, истеъмолчилар ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида очиқ ва тенг ҳуқуқли механизмлар жорий этилишига замин яратади.

    Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасининг 2021 йил ва 2022 йилнинг биринчи чорагидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботга алоҳида тўхталиб ўтилди.

    Қўмита мажлисида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates