2023/2024 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари фақат давлат гранти бўйича тасдиқланади.
Ҳужжат билан 2023/2024 ўқув йили учун қуйидаги қабул квоталари тасдиқланди:
- бакалаврлар тайёрлаш бўйича кундузги таълим шаклига — 34 860 нафар;
- магистрлар тайёрлаш бўйича — 8 923 нафар.
Тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасалари тўлов-контракт асосидаги қабул параметрларини 2023 йил 20 июнга қадар тасдиқлайди.
Шу билан бирга, ҳужжатга асосан, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб:
- Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг тавсияномаси мавжуд олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул параметрларига қўшимча 2 000 та давлат гранти ажратилади;
- республикада фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларида кадрлар тайёрлаш учун 1 000 та давлат гранти ажратилади;
- давлат олий таълим муассасалари магистратурасига ажратилган қабул параметрлари доирасида базавий тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилинган хотин-қизларнинг тўлов-контракт миқдори Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2023 йил 15 июндан кучга кирди, деб хабар беради “Norma”.