Сўнгги йилларда мамлакатимизда монополияларни камайтириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш орқали соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Хусусан, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш бўйича қатор механизмлар жорий этилди. Жумладан, агар товар бозорида 5 та ва ундан ортиқ хусусий сектор субъектлари фаолият юритиб келаётган бўлса, ушбу соҳаларда давлат иштирокидаги корхоналарни таъсис этилишига чекловлар киритилди. Лицензиялаш, аккредитациядан ўтказиш ва рухсат бериш ваколати берилган давлат органлари ва монополияларга ўзларининг иштирокидаги корхоналарни ташкил этилишига тақиқ киритилди. Давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишда рақобатга таъсирини баҳолаш механизми ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг дастлабки розилигини олиш тартиби жорий қилинди.
Масалан, биргина 2021-2022 йиллар давомида Қўмита томонидан давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш бўйича жами 45 та мурожаатдан 33 фоизида корхоналарни ташкил этиш рад этилган. Давлат иштирокидаги корхоналарга асосий фаолиятидан хос бўлмаган қўшимча фаолият билан шуғулланиш ва бошқа корхоналарда улушга эга бўлишга тақиқ ўрнатилди. Натижада, давлат иштирокидаги корхоналар сони сўнгги икки йилда қарийб 3,0 мингдан 2,1 мингтагача ёки 30 фоизга қисқарди.
Товар ва молия бозорларида рақобатни янада ривожлантириш, янги иштирокчиларни эркин кириб келишини таъминлаш мақсадида тадбиркорлар учун 185 турдаги лицензия ва рухсат бериш тартиб-тамойиллари қисқартирилди ёки соддалаштирилди. Ислоҳотлар натижасида 31 та товар ва хизматлар бозорларида тадбиркорларнинг киришини эркинлаштириш ҳисобига етарли даражада рақобат шаклланди ва монополия ҳолатидан чиқарилди. Жами монопол корхоналар сони эса сўнгги 5 йилда 20 фоизга камайди ва бугунги кунга келиб 90 тани ташкил этмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида 13 та товар ва хизматлар бозорларида мавжуд эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиниши белгиланди ва босқичма – босқич рақобатни шакллантириш бошланди. Мисол учун, ишлатилган техник мойларни йиғиш, ўлчаш воситаларини қиёслаш, дон ва пахтани сертификатлаштириш, лойиҳалаштириш каби соҳаларда фаолият юритиш учун хусусий секторга имконият яратилди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини рақобатга таъсирини баҳолаш мажбурий жорий этилди. Қўмита бугунги кунга қадар 1,1 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рақобатга таъсири баҳоланган, шундан қарийб 65 фоизида рақобатга зид нормалар мавжудлиги аниқланган. Монополиялар, шу жумладан табиий монополияларнинг 6,7 мингдан ортиқ турли рақобатга зид ҳаракатлари бартараф этилди, натижада 42 мингга яқин тадбиркорларнинг 554 млрд сўм сўмлик манфаатлари ҳимоя қилинди. Давлат органларининг, шу жумладан маҳаллий ҳокимият органларининг 3,2 мингдан ортиқ турли рақобатга зид қарорлари бекор қилинди.
Темир йўллари ва аэропортлар хизматлари каби табиий монополия соҳаларида трансформацияси жараёни бошланди ва унинг асосий мақсадларидан бири ушбу бозорларга янги иштирокчиларга эркин киришини таъминлаш ҳисобланади. Давлат органлари ва монополияларда рақобат чекланишини барвақт аниқлаш ва олдини олиш мақсадида монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилди.