Дунё давлатларида коррупциявий жиноятлар учун қандай жавобгарлик белгиланганини биласизми?

    Биласизми? 21 феврал 2024 3117

    Коррупциявий жиноятларнинг кенгайиши муаммоси сўнгги йилларда халқаро миқёсда трансмиллий жиноят сифатида халқаро ташкилотлар томонидан кенг муҳокама қилинаётган мавзу ҳисобланади.

    Ҳатто, айрим сиёсатчилар томонидан коррупцияга глобал инқирозни келтириб чиқарувчи омил сифатида ҳам таъриф берилади. Коррупциянинг халқаро муносабатларга таъсирини ўрганган тадқиқотчилар эса, ривожланган “биринчи дунё” мамлакатлари коррупция ёрдамида ўзларига маъқул келмаган ҳукуматларни ағдариб ташлаши, ўзларига хайрихоҳ режим ўрнатиши, амалдаги ҳокимиятга оппозицияни моддий таъминлаш имкониятига эга бўлади деган хулосани билдиришган.

    Шу ўринда биз айрим ривожланган давлатларнинг коппурциявий жиноятларга қарши кураш умуман коррупцияга қарши кураш масалалари бўйича тажрибаларини ўрган дик ва уларни дунёда тутган коррупциялашмаганлик даражаси бў0йича рейтинг асосида бирма бир ёритмоқчмиз.

    Буюк Британия суд тизими коррупцияга қарши кураш борасида ўзига хос самарали мехнизмларга эга бўлиб, пора олиш билан боғлиқ (коррупция) жиноят қонунчилиги асосларини 2010 йилда қабул қилинган “Порахўрлик тўғрисида”ги Қонун ташкил этади.

    Мазкур қонун мамлакатнинг коррупцияга қарши кураш борасидаги аввалги қонунчилигига нисбатан оғирлаштирувчи тавсифга эгалиги яъни судьяларга нисбатан жиноий жавобгарликка тортиш учун муддатлар ўтиши институтининг ҳамда уларда жиноий тақибга оид иммунитетнинг мавжуд эмаслиги билан алоҳида хусусиятга эга.

    Қонунчилик нормаларига кўра, содир этилган муайян жиноятлар бўйича судьялар ва суд мансабдорлари учун жарима ва озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазолар кўриб чиқилади.

    Буюк Британиянинг коррупцияга қарши кураш стратегиясида жамиятнинг барча соҳаларида, давлат хизматлари (шу жумладан суд тизими)да ҳалоллик ва виждонлилик тамойилларини ўзида мустаҳкамловчи махсус дастур амалга оширилди.

    Мазкур тамойиллар оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик фикри орқали коррупцияга қарши курашда ўзининг таъсирчан самарасига эга бўлди.

    Скандинавия давлатлари тажрибаси шуни кўрасатадики, барча хорижий мамлакатлар амалиётида коррупциянинг олдини олишда самарали криминологик тадқиқотлардан фойдаланишга алоҳида эътибор берилади. Хусусан, Скандинавия давлатлари - Дания, Финляндия, Исландия, Норвегия ва Швеция адлия вазирлари томонидан 1962 йилда ташкил этилган Криминология бўйича Скандинавия кенгаши бу мамлакатларда жиноятчиликка қарши кураш сиёсатини шакллантиришда иштирок этишади. Кенгашнинг асосий мақсадлари – иштирокчи мамлакатларда криминология тадқиқотларни мувофиқлаштириш, жиноятчиликка қарши кураш бўйича ҳукуматларга тавсиялар ишлаб чиқиш ҳисобланади. Бу мамлакатлардаги жиноят-ҳуқуқий доктринада ахлоқий категориялар ва ижтимоий қадриятлар тизими алоҳида ўрин тутади. Криминология бўйича Скандинавия кенгаши 15 та аъзодан – ҳар бир давлатдан учтадан вакил, иккитаси таниқли криминолог ва битта адлия вазирлиги вакилидан иборат. Скандинавия мамлакатлари аҳолиси ҳуқуқий онгига ижтимоий тенглик ғояси, жамоатчилик ва юридик институтларга ишонч, шахс даражасида ҳар хил ҳодисаларга бағрикенг-лик, шунингдек, “жиноят”, “жиноятчи”, “жазо” ва “жавобгарлик” сингари ҳуқуқий категорияларга нисбатан намоён бўлувчи умумий адолат ҳисси хос ҳисобланади. Умуман Скандинавия мамлакатлари учун жиноятчиликнинг ижтимоий илдизлари асосий криминоген доминант деган қараш устунлик қилади.

    Скандинавия давлатлари тажрибаси шуни кўрсатадики коррупцияга қарши самарали курашни ташкил қилиш учун криминологик тадқиқотларни янада ривожлантириш, бунда ҳуқуқ йўналишидаги олий ўқув юртлари ва илмий муассасалар криминология соҳасидаги тад-қиқотларни мувофиқлаш-тириш мақсадга мувофиқдир . Шуни айтиш лозимки, Трансперенси Интернейшнл (Transparency International) ташкилоти томонидан эълон қилинган жаҳон мамлакатларининг коррупциялашганлиги даражасини акс эттирувчи рейтингда Скандинавия мамлакатларида бу кўрсаткич энг паст даражада эканлиги қайд этилган. Унга кўра, Янги Зеландия, Дания, Сингапур, Швеция, Швейцария, Финляндия мамлакатлари бу борада энг паст кўрсаткичга эга бўлган давлатлар ҳисобланади.

    Коррупция, энг аввало, ҳар қандай мамлакатда давлат аппаратининг халқ олдидаги минимал мажбуриятларини бажаришда ожизлигини англатади. Бу Африка, Лотин Америкаси ва Осиёнинг кўпгина ривожланаётган давлатларини ҳам қамраб олган ва мазкур мамлакатлар учун жиддий муаммолардан бири ҳисобланади. Бу мамлакатларнинг барчасида коррупция халқнинг қашшоқлиги, мамлакатнинг қолоқлигига сабаб бўлмоқда.

    Гонконг тажрибаси ҳақида гапирадиган бўлсак, Гонконгда ташкил этилган Коррупцияга қарши курашувчи мустақил комиссия мазкур фаолиятда муваффақиятли ва кескин чораларни амалга ошира олувчи институтларга намуна бўлиши мумкин. Ҳокимият идоралари фаолиятини синч-ковлик билан – расмий институтлар, алоҳида фуқаролар томонидан мониторинг қилиб бориш, шунингдек, айбдорларни суд таъқиби Гонконгдаги коррупцияга қарши курашнинг асоси сифатида хизмат қилади.

    Америка Қўшма Штатлари қонунчилиги тўғрисида гапирадиган бўлсак, АҚШда коррупцияга қарши курашга қаратилган махсус қонун ҳужжати қабул қилинган. “Foreign Corrupt Practices Act” деб номланган мазкур қонун ҳужжати Америка компанияларини шартномалар тузишда имтиёзлар ва кафолатлар олишда хорижий мансабдор шахсларга пора берганлик учун жавобгарлигини белгилайди.

    АҚШда бехосдан хатога йўл қўйган ходим жазоланмайди. Американинг бошланғич ва ўрта мактабларида ижтимоий этика бўйича машғулотлар олиб борилмоқда.

    АҚШ расмий ахлоқий идораси ўз веб-сайтида ижро этувчи органларда ходимлар учун зарур ахлоқий фазилатларга эга бўлиш ҳақида маълумот беради. Деярли барча АҚШ федерал органларида мунтазам равишда (одатда йилига бир марта) коррупцияга қарши кураш бўйича тренинглар ўтказилади.

    Кўпгина идораларда суиистеъмолликни аниқлаш учун ички назорат хизмати (Internal Revenue Service) каби махсус бўлинмалар ташкил этилган бўлиб, доимий равишда расмий мувофиқлик масалалари бўйича масъул ходимлар ишлайди, уларга ёрдам ёки маслаҳат учун мурожаат қилинади. Агар расмий шахс нотўғри иш қилган бўлса-да, бунинг учун ички назорат хизмати ходими томонидан олдиндан кўрсатма берилган бўлса, у жазоланмайди. Ушбу қоида бехосдан хатога йўл қўядиган ҳалол ходимларни рағбатлантиришга қаратилган.

    Сингапур давлати барчамизга маълумки, 1965 йил мустақилликка эришган даврга қадар Сингапур замонавий коррупциялашган мамлакатлардаги манзарани эслатувчи вазиятга тушиб қолганди. Бир томондан қонунчилик узоқ Англиядан, яъни Британия мустамлакачилари томонидан импорт қилинган, иккинчи томондан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар уюшган жиноятчиликка курашиш қобилиятига эга эмасди. Амалдорларнинг аксарияти эса коррупция ботқоғига ботиб бўлганди. Аҳолининг кўпчилиги саводсиз бўлиб, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилолмасди. Мамлакат раҳбарлари коррупция ва ўзи бўларчиликни илдизи билан қўпориб ташлаш кераклигини, бусиз мамлакатнинг келажаги йўқлигини тушуниб етди. Бу эса қатъийлиги ва изчиллиги билан ажралиб турувчи бутун бир чоралар тизимини қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилди.

    Амалдорларнинг ҳаракатлари йўлга солинди, бюрократик тўсиқлар бартараф этилди, юқори ахлоқ-одоб стандартларига риоя этиш устидан кучли назорат таъминланди. Мазкур чораларни ҳаётга татбиқ этган ва ўз ваколатларини бугунгача сақлаб қолган орган – коррупция ҳолатларини тергов қилувчи махсус Бюро иллатни маҳв этишда улкан роль ўйнади. Фуқаролар Бюрога давлат хизматчиларининг ҳаракатлари устидан шикоят билан мурожаат қилишар ва зиённи ундириб беришни талаб қиларди.

    Бир вақтнинг ўзида коррупция ҳаракатлари учун жиноий жазо кучайтирилди, суд тизими мустақиллиги оширилди, судьяларнинг маошлари кескин оширилди, уларнинг ижтимоий мақоми таъминланди, пора берганлик ёки коррупцияга қарши терговда иштирок этишдан бўйин товлаганлик учун сезиларли иқтисодий жазо жорий этилди. Кўплаб давлат ташкилотларида барча ходимларни ишдан ҳайдашгача бўлган қаттиқ чоралар кўрилди. Ушбу чоралар давлатнинг иқтисодиётга аралашувини камайтириш, амалдорларнинг маошини ошириш, малакали маъмурий кадрларни тайёрлаш орқали амалга оширилди. “Фоиз”, “тақдирлаш”, “бакшиш” – маҳаллий жаргонда коррупцияни қандай аташмасин, у осиёча турмуш тарзининг кўринишларидан биридир. Вазирлар ва амалдор шахслар эҳтиёжлари талаб қилаётган даражада маошларига яшай олмайди. Мансаби қанчалик юқори бўлса, уларнинг уйлари ҳам шунча кўп. Бу ҳам етмаганидек, уларнинг хотинлари, жазманлари кўп. Эрларининг мансабларига қараб тилла тақинчоқлари ҳам қимматбаҳо. Бундай мамлакатларда бизнес қилувчи сингапурликлар ярамас одатларни уйга олиб кирмасликлари керак, деб ёзган эди мамлакат бош вазири, Сингапурдаги ислоҳот ташаббускорларидан бири Ли Куан Ю.

    Ҳозирги пайтда кучли авторитар бошқарувли давлат - Сингапур коррупция кўлами камлиги, иқтисодий эркинлик ва тараққиёт даражаси бўйича жаҳон рейтинггида етакчи ўринда бормоқда. Атиги 4 миллион аҳоли истиқомат қилаётган Сингапур тажрибаси сиёсий ирода, самарали антикоррупцион қонунчилик ва пулга сотилмас мустақил агентлик эвазига атиги бир неча йилда коррупцияни жуда паст даражага тушириш мумкинлигини намойиш этди.

    Сингапур давлати амалдорлари тижорий сектор ходимларидан ўз шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиши, аҳоли саводхонлигининг паст даражаси, ҳуқуқий маданиятнинг етишмаслиги курашни қийинлаштирди. Натижада пора мақсадга эришишнинг ягона усулига айланди.

    Масаланинг яна бир мураккаб томони шунда эдики, инглизлар даврида ташкил этилган Коррупция ҳолатларини тергов қилувчи Бюро хизматчилари маҳаллий полициядан иборат бўлиб, улар руҳий жиҳатдан ушбу иллатга қарши курашга тайёр эмасди.

    “Божхона амалдорлари контрабанда ва таъқиқланган маҳсулотларни ташийдиган транспорт воситаларини текширишни “тезлаштириш” учун пора олардилар. Марказий таъминот хизмати ходимлари муайян чақа эвазига манфаатдор шахсларга тендерга келиб тушган аризалар ҳақида маълумот берарди. Импорт-экспорт департаменти амалдорлари рухсатномани тезлаштириб берганлари учун пора олишарди. Клерклар камчиликларга кўз юмишлари учун пудратчилар пора таклиф қилишарди. Дўкондорлар ва уй эгалари ахлатни олиб кетгани учун Жамоат соғлиқни сақлаш департаментига ҳақ тўлашарди. Мактаб директор ва ўқитувчилари канцелярия маҳсулотлари келтирувчиларидан фоиз олишарди. Ҳокимият тизгинидан шахсий манфаат йўлида фойдаланишга ўтишганида инсон ихтирочилик қобилиятининг чегараси йўқолади”. (Ли Куан Ю).

    Мамлакат жуда оғир аҳволга келиб қолганини тушунган ҳукумат жамиятда очиқлик ва тозалик муҳитини яратишга, коррупцияни ижтимоий номақбул ҳодиса деб талқин этилишига эришиш учун қатъий қарор қилди. Ўз ишининг асосига “тоза ва сотилмас бўлиб қолиш” принципини устувор қўйди. Стратегия муаллифлари коррупция устидан назорат миллий тараққиёт учун муҳимлигига ишонишарди.

    Сингапур ҳукумати ўз олдига Сингапурни Жануби-Шарқий Осиёнинг молиявий ва савдо марказига айлантириш, шунингдек, мамлакатга хорижий сармоядорларни жалб этиш мақсадини қўйганди. Раҳбарларининг сиёсий иродаси ва кучли антикоррупция қонунчилиги ҳисобига Сингапур порахўрликни енгишга ва жаҳоннинг иқтисодий етакчилари қаторидан жой олишга эришди. Биринчи навбатда коррупцион ҳаракатлар содир этиш имконияти қисқартирилди. 1960 йилда коррупцияга қарши кураш стратегияси коррупция олдини олиш ва коррупция тергови бўйича Бюрони алоҳида ваколатлар билан таъминлаш тўғрисидаги қонунда мустаҳкамлаб қўйилди.

    1989 ва 1994 йилларда давлат олий хизматчиларининг иш ҳақини қайта кўриб чиқиш жараёнида маошлар шу қадар оширилдики, дунёнинг бошқа ҳар қандай давлат хизматчиси буни орзу қиларди холос. Бироқ мазкур формула иш ҳақининг ҳар йили автоматик тарзда оширилишини англатмайди, чунки хусусий секторнинг даромадлари гоҳ тушар, гоҳ кўтариларди. 1995 йилда хусусий секторнинг даромади пасайган бўлса, 1997 йилда бунга мувофиқ равишда барча вазирлар ва мансабдорларнинг маоши камайтирилади.

    Сингапур раҳбарияти сайловолди кампаниясига катта харажатларни сарфлаш кўплаб Осиё мамлакатлари учун беҳуда эканига ишонарди. Сайловга катта пул тиккан ғолиблар нафақат сарфланган маблағни қайтариши, балки келгуси сайлов учун маблағ тўплаши зарур эди. Бу ҳолат коррупцион операцияларни амалга оширишга йўл очарди. Шунинг учун Сингапур халқ ҳаракати партияси етакчилари сайловолди кампанияга сарфланадиган харажатларни қисқартиришга уринди.

    Сингапурнинг коррупцияга қарши сиёсатининг асосий ғояси "инсонни коррупцияга ундайдиган ҳолатларни йўқ қилиш"дан иборат.

    Бунга бир қатор принциплар орқали эришилади:

    1) давлат хизматчиларининг иш ҳақини хусусий секторда муваффақиятли ишлаётган шахсларнинг ўртача ойлик иш ҳақи билан тенглаштириш; 2) давлат органлари мансабдорларининг мулки, активлари ва қарзлари бўйича йиллик ҳисоботларини назорат қилиш (хусусан, прокурор коррупцияга қарши қонунчиликни бузганликда гумон қилинган шахсларнинг ҳар қандай банк ҳисоб рақамларини, акцияларини текширишга ҳақли); 3) юқори лавозимдаги мансабдорларнинг маънавий юксаклигини таъминлаш; 4) иқтисодий ривожланишда дуч келинадиган маъмурий тўсиқларни бартараф этиш.

    Япония давлати тажрибасида мухим масала шундан иборатки, ўтган асрнинг 90-йилларида япон тадқиқотчилари коррупциявий жиноятчиликни камайтиришда: ҳокимият тузилмалари фаолияти тўғрисида маълумотларни ошкоралаштириш, мансабдор шахсларни назорат қилиш учун марказий ва маҳаллий миқёсда мустақил омбудсман институтини жорий этиш, шу турдаги жиноятларга қаттиқ жазо тайин-лаш (депутатликка сайланишдан маҳрум қилиш, умрбод юқори лавозимга кўтарилишдан маҳрум қилиш, сайлов гуруҳидаги шунга алоқадор кишиларни жазолаш), сайлов компанияларини молиялашни тўла давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширишни таклиф этган эдилар.

    Японияда коррупцияга қарши курашиш билан бирга нотўғри(туҳматдан) пора олиш ҳақида хабар бериш ҳам, пора олувчиларга нисбатан белгиланган жазога – уч йил муддатга каторга жазоси ёки жарима жазосига тортилиши мумкин. Жиноят қонунчилигида амалга оширилган ислоҳотлар орқали бир қатор мансабдорлик жиноятларига бериладиган жазолар оғирлаштирилди. Масалан, давлат ва жамоат арбобларининг мансабдорлик ваколатлари билан ҳокимиятни суистеъмол қилишига 2 йилгача каторга ёки турма қамоғи жазоси белгиланди. Илгари бундай жиноят учун шахс 6 ойгача шундай жазога тортиларди.

    Нидерландия коррупция даражаси энг паст давлатлар қаторига киради. Нидерландияда коррупцияга қарши кураш тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:

    - Коррупция ҳолати аниқлангач, коррупцион ҳаракатнинг оқибатлари муҳокама қилинади ва уларга қўлланган жазолар мунтазам равишда эълон қилиб борилади. Ички ишлар вазири ҳар йили коррупция фактлари ва коррупцияга алоқадор шахсларни жазолаш чоралари тўғрисида парламентга ҳисобот беради.

    - Коррупцион амалиётлар юзага келиши мумкин бўлган “нуқта”ларни кузатиб бориш ва бу жойларда шахсларнинг фаолиятини назорат қилиш тизими ишлаб чиқилган.

    - Расмий ахлоқ қоидаларининг бузилиши учун жавобгар мансабдорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тизими яратилган.

    - Коррупцион ҳаракатлар учун асосий жазо давлат ташкилотларида ишлаш ҳуқуқидан ва барча ижтимоий имтиёзлардан маҳрум бўлишдир. Шунингдек, жарима ва ўз вазифасидан вақтинча четлатиш жазоси ҳам қўлланади.

    - Энг муҳим ташкилотларда, хусусан, вазирликларда ички хавфсизлик хизмати мавжуд бўлиб, уларнинг вазифаси амалдорларнинг хатосини аниқлаш, уларнинг қоидаларни қасддан ёки тасодифан бузишини аниқлаш ҳисобланади.

    - Коррупция содир этиши мумкин бўлган лавозимларга шахсларни танлаш тизими яратилган.

    - Миллий хавфсизлик тизимига тегишли бўлмаган, коррупцияга оид барча материаллар оммага эълон қилинади.

    - Коррупциянинг зарарини тушунадиган мансабдорларни тайёрлашнинг махсус тизими яратилган.

    - Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат хавфсизлиги тизими яратилган ва у коррупцияни аниқлаш учун катта ваколатларга эга.

    - Барча даражадаги мансабдорлар ўзларига маълум бўлган коррупцияни рўйхатга олишлари шарт, бу маълумотлар ички ишлар ва адлия вазирликларига юборилади.

    - Коррупцияга қарши курашда оммавий ахборот воситалари катта рол ўйнайди. Чунки улар коррупция ҳолатларини фош этади ва улар ҳақида суриштирув олиб боради.

    Германияда муайян функциялардан қатъи назар, давлат хизматчилари ўз вазифаларини бутун жамият манфаати учун холис ва адолатли бажаришлари шарт.

    Германияда коррупцияга қарши курашнинг биринчи вазифаси расмий сирларни сақлашдан иборат. Давлат хизматчиси, шунингдек, ўз фаолияти давомида унга маълум бўлган маълумот ва ҳақиқатларни яшириши керак. Давлат хизматчиси рухсат олмасдан туриб гувоҳлик беришга, ҳатто судда ҳам баёнот беришга ҳақли эмас.

    Давлат хизматчиси хизмат кўрсатишдан бошқа ҳар қандай иш учун олдиндан юқори даражадаги раҳбарининг розилигини олиши талаб қилинади. Давлат хизматчиси учун рухсатномалар фақат илмий муассасаларда ва ўқитиш ҳамда тадқиқотлар билан боғлиқ фаолият учун талаб қилинмайди.

    Давлат хизматчилари бирон-бир тадбиркорлик фаолияти билан шахсан ёки ваколатли вакиллари орқали шуғулланиш ҳуқуқига эга эмас.

    Федерал ҳукумат қонун кучига эга қарор чиқариш йўли билан давлат хизматчиларининг ўриндошлик асосида ишлаш тартибини белгилайди. Унда қайси фаолият давлат хизмати деб ҳисобланади ёки унга тенглаштирилади; давлат хизматчиси қўшимча иши учун ҳақ оладими; давлат хизматчиларининг қайси тоифалари рухсатнома олишга мажбур каби масалалар аниқлаштирилади. Ишчиларнинг турли тоифалари бир йилда оладиган энг кўп ҳақ миқдори ва уни ҳисоблаш тартиби белгиланади.

    Агар хизматга оид муносабатлар тугатилгандан сўнг давлат хизматчиси ўзининг охирги беш йиллик хизмат фаолияти билан боғлиқ ишда ишласа, охирги хизмат жойида буни эълон қилиши керак. Унинг фаолияти, агар хизмат манфаатлари учун зарар етказиши мумкин бўлса, тақиқланади. Бу тақиқ давлат хизматининг энг юқори инстанцияси томонидан жорий этилади ва хизмат муносабатлари тугаганидан кейин 5 йил ўтгач тугайди.

    Давлат хизматчиларининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги оқибатлари батафсил тартибга солинади. Давлат хизматчиси (Федерал интизомий ҳуқуқ ҳақидаги низомга мувофиқ) ўз вазифаларини бажариш тартибини бузган деб топилса, жиноят содир этган деб ҳисобланади.

    Давлат хизматига боғлиқ бўлган юқори талаб ва чекловларга яраша Германияда юқори маош ва бошқа тўловлар, иш жойининг барқарорлиги ва юқори турмуш даражасини таъминлаш кафолатланади.

    Австралияда коррупцияга қарши махсус курслар курашади. Австралияда федерал тузилма ёки коррупцияга қарши кураш органларининг марказлаштирилган тизими йўқ. Ҳукумат тузилмалари фаолиятини назорат қилиш Австралия миллий жамоат ташкилотлари, парламент ва оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилади. Ҳар қандай фуқаро бундай комиссияга шикоят қилиш ёки давлат мансабдор шахси томонидан содир этилган коррупция ҳаракати ҳақида хабар бериш ҳуқуқига эга.

    Бу ерда коррупцияга қарши асосий таълим дастури Австралия Миллий университети (Канберра) давлат сиёсати факультетида бўлиб ўтадиган “коррупция ва унга қарши кураш усуллари” мавзуидаги махсус курсдир. Тренинг давомида тингловчилар коррупция ҳодисасига турли ёндашувлар ва унинг намоён бўлишига қарши кураш усуллари билан танишиш имкониятига эга бўладилар.

    Бундан ташқари, олий ўқув юртлари ўқитувчилари ва мактабларнинг юқори синф ўқитувчилари учун махсус курслар ҳам мавжуд. Ушбу таълим дастури глобал таълим маркази томонидан таклиф этилган.

    Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги элчихоналарида коррупцияга қарши кураш бўйича семинарлар ташкил этади (шу каби тадбирлар сўнгги йилларда Буюк Британия, Хитой, Россия, Аргентина, Таиланд, Сингапур, Мексика, Испания ва Бирлашган Араб Амирликларининг дипломатик миссияларида ўтказилди).

    Дипломатик лавозимларга тайинланган дипломатлар учун икки кунлик интенсив курслар ташкил этилади, улар доирасида коррупцияга қарши кураш соҳасидаги мутахассислар ТИВ ходимлари билан шахсий интервьюлар ўтказадилар ва коррупцияга қарши кураш бўйича ёзма ишларни текширадилар.

    Халқаро тараққиёт вазирлиги ва Буюк Британия савдо ва инвестициялар агентлигининг қўшма лойиҳаси доирасида коррупция фактларини аниқлаш бўйича махсус дарслик чоп этилди, бу мажбурий равишда хорижий мамлакатлардаги савдо ваколатхоналари ва элчихоналарга юборилади.

    Буюк Британияда коррупцияга қарши курашнинг бош органи — катта миқдордаги фирибгарлик бўйича кураш бошқармаси (СФО, Serious Fraud Office) ҳисобланади.

    Буюк Британия коррупцияга қарши кураш сиёсатида давлат таълимининг яна бир хусусияти аҳолининг эътиборини ички коррупция муаммосидан қасддан чалғитишдир. Давлат коррупцияга қарши курашиш соҳасида таълим дастурларининг ташқи йўналишини сўзсиз қўллаб-қувватлайди.

    “Британия коррупцияга қарши кураш форуми”, “Transparency international”, “Қашшоқликка қарши муҳандислар”, “Бош инфраструктура коррупцияга қарши кураш маркази” ва бошқалар каби нодав¬лат ташкилотлари Лондоннинг коррупцияни глобал бартараф этиш ғоясининг энг фаол намоёндалари ҳисобланади. Кўпинча Британия нодавлат ташкилотлари давлат органлари, бизнес ва хорижий давлатларнинг фуқаролик жамияти институтлари учун коррупцияга қарши таълим дастурларини беғаразлик асосида амалга оширмоқдалар.

    Ҳиндистонда коррупция муаммоси узоқ вақт давомида ўз аҳамиятини йўқотмаган. Мутахассисларнинг фикрича, коррупцияга қарши курашнинг кам самарадорлиги сабабларидан бири аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги етарли эмас. Ҳиндистон мактабларида коррупцияга қарши таълим дастурлари мавжуд эмас. Юридик коллеж ва университетларда коррупцияга қарши қонунлар, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиёти асосан ижтимоий-иқтисодий жиноятлар бўйича ўқув курслари доирасида ёки “оқ ёқа” жиноятлари ёки жиноят-процессуал кодекси доирасида, яъни алоҳида курслар сифатида ўқитилмайди.

    Муаммони ҳал этишнинг таъсирчан механизмларини яратиш мақсадида Марказий комиссия томонидан миллий коррупцияга қарши кураш стратегияси лойиҳаси тайёрланди. Ушбу ҳужжатда коррупциянинг олдини олиш ва аҳоли ўртасида порахўрликка нисбатан муросасизлик муносабатларини шакллантириш учун тегишли таълимнинг ўрни муҳимлиги таъкидланади.

    Марказий тергов бюроси Академиясида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари учун коррупцияга қарши кураш бўйича махсус курслар ўқитилади.

    Комил Ҳакимов,

    Тошкент давлат юридик университети Жиноят ҳуқуқи,

    криминология ва коррупцияга қарши курашиш кафедраси мудири,

    юридик фанлар доктори (DSc)

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates