Яширин материя нима дегани?
“Яширин материя” атамаси аслида астрономия ва космологияга бундан юз йил аввал киритилган бўлиб, материянинг қандайдир кўринмас шаклини англатади. У фаразларга кўра, бутун коинотнинг тўртдан бир қисмини ташкил этади. Бундай яширин субстанциянинг мавжудлиги бутун коинотда юз бераётган кўплаб жараёнлар моҳиятини, сир-асрорларини очиб беришга хизмат қилади. Масалан, галактиканинг ташқи (чекка) ҳудудлари коинотда уларнинг оғирлиги имкон берадиган даражадан тезроқ айланади.
Яширин, кўринмас материя мавжудлиги ҳақида фикр ҳавола қилинганидан буён у кўп жиҳатдан жумбоқлигича қолаётир. Шу кунгача олимлар яширин, қоронғу материяни билвосита кузатишга муваффақ бўлди. Яъни, унинг кўринадиган материяга таъсирига оид хулосаларга эга бўлди. Жумладан яширин материя галактикани бутунликда тутиб туриш учун сайёраларнинг бир-бирини тортиб турувчи тортишиш майдонини юзага келтира олади, деб хабар берди vokrugsveta.ru.
Уни нима учун кўриб бўлмайди?
Тўғридан-тўғри сабабларидан бири шундаки, материяни ташкил этувчи саноқсиз улкан зарралар электромагнит майдони орқали бир-бирига таъсир кўрсатмайди, яъни қоронғу материя нурларни ютмайди, акс эттирмайди ва нур тарқатмайди. Шу сабаб яққол кўринмайди.
Қоронғу материя нималардан ташкил топган?
Бу борада кўплаб назария мавжуд, бироқ кўпчилик тадқиқотчилар унинг ўзаро кучсиз таъсир кўрсатадиган, ҳажм ва оғирлиги жиҳатидан улкан зарралар (вимплар – инглизча weakly interacting massive particle, WIMP) иборат деб тахмин қилишади. Вимплар протондан кўра оғирроқ, аммо бошқа зарралар билан кучсиз таъсирлашади.
Бу материядаги ўзига хос гамма-нурларини астрофизиклар узоқ йиллардан буён қидиришади. Ўрганилаётган минтақалардан бири “сомон йўли” галактикаси маркази саналади. Токио университети профессори Томонари Тотани охирги 15 йиллик тадқиқотлари натижасини таҳлил этиб, қоронғу материяда гамма-нурларни топишга муваффақ бўлди. Бу астрономия ва физика соҳасини ривожлантиришда ҳам ўзига хос қадам бўлди ва коинотдаги кўплаб жумбоқлар сирини очишга ёрдам беради, дея таъкидлайди профессор.








