Мамлакатимизда глобал иқлим ўзгаришлари кескинлашувидан келиб чиққан ҳолда атроф-муҳит муҳофазаси масалаларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Ўтган йилларда соҳанинг мукаммал ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилди. Ҳар бир экологик тадбирнинг молиявий манбалари аниқланди. Сув, ер, биохилма-хиллик ресурслари ва атмосфера ҳавоси муҳофазасини таъминлашга йўналтирилган концепция ва стратегиялар ишлаб чиқилди. Уларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш ҳисобига муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдони кейинги 5 йилда 8-14 фоиз, ўрмон фондидаги ер 12 фоиз кенгайтирилди. Биргина Орол денгизининг қуриган 2 миллион гектарга яқин майдонида яшил қопламалар барпо этилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатини экиш том маънода яхши анъанага айланди. Атроф-муҳитга антропоген таъсир этувчи саноат корхоналари ва транспорт воситалари устидан самарали давлат ва жамоатчилик назорати ўрнатилди. Электромобиль саноатини ривожлантиришга устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда.
“Яшил” энергетикани ривожлантириш борасидаги йирик инвестиция лойиҳалари ҳисобига катта натижаларга эришилмоқда. Жорий йил якуни бўйича мамлакатимизнинг жами электр энергияси таркибида экологик тоза энергия салмоғини 30 фоизга етказиш мўлжалланган.
Муаммо ва камчиликлар
Бирор соҳа ривожи, аввало, унинг ҳуқуқий асоси қай даражада мукаммал эканига узвий боғлиқ. Шу маънода, бундан чорак аср илгари қабул қилинган “Экологик экспертиза тўғрисида”ги қонун нормалари бугунги кун талабларига жавоб бермай қўйди. Жумладан, ундаги бўшлиқлар ва ҳаволалар, қонуности ҳужжатларнинг тарқоқлиги ҳамда экологик экспертиза халқаро нормаларига мос келмаслиги экологик экспертизадан ўтказиш жараёни самарадорлигини оширишга тўсқинлик қилиб келаётганди.
Амалдаги қонунда давлат дастурлари, концепциялари лойиҳалари ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатларини давлат экологик экспертизасидан ўтказиш тартиби белгиланмагани сабабли мазкур стратегик ҳужжатлар амалда экологик экспертизадан ўтказилмаган. Бу, ўз навбатида, яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегик ҳужжатларда кўрсатилган тадбирларни амалга оширишда қатор ижтимоий-иқтисодий муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлган.
Ушбу қонун билан атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш материаллари ва экологик нормативлар лойиҳаларини ишлаб чиқувчининг фаолияти тартибга солинмагани ҳамда лойиҳачининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмагани тақдим этилаётган лойиҳа ҳужжатларининг сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бугун 100 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъектнинг барчаси ҳам экологик экспертиза хулосасига эга ҳолатда фаолият юритяпти деб бўлмайди. Қонунчиликда ушбу ҳуқуқбузарликка маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлса-да, бу борадаги ҳуқуқбузарликлар давом этмоқда.
Шунингдек, амалдаги қонун билан хўжалик юритувчи субъектларнинг атроф-муҳитга таъсир даражаси бўйича тоифа кўплиги ва улар ўртасидаги фарқлашнинг аниқ мезонлари мавжуд эмаслиги нормани қўллаш жараёнида тадбиркорлик субъектларининг эътирозига сабаб бўлмоқда.
Қолаверса, соҳанинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда экологик экспертиза йўналишини рақамлаштиришнинг ҳуқуқий асослари ҳамда жамоатчилик экологик экспертизаси институти мавжуд эмаслиги ҳам соҳани демократик тамойиллар асосида юритиш имконини бермаяпти. Ўз навбатида, бу каби муаммо ва камчиликлар атмосфера ҳавоси ифлосланишига сабаб бўлмоқда.
Ҳуқуқий асос ва галдаги устувор вазифалар
Шу йил 24 февралда қабул қилинган “Экологик экспертиза, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш тўғрисида”ги қонун бугунги глобаллашув жараёнида атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида муҳим ҳуқуқий ҳужжатдир.
Янгиланган қонун билан экологик экспертизадан ўтказишнинг халқаро скрининг ва скоупинг механизмлари жорий этилиши орқали атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича объектлар тоифалари 4 тадан 3 тага туширилмоқда. Бу, ўз навбатида, хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик ва савдо хизматларига йўналтирилган минглаб субъектлар фаолиятига бюрократик тўсиқлар қўйилишининг олдини олади. Вақт ва молиявий харажатларни қисқартиришга олиб келади.
Амалдаги қонунда давлат дастурлари, концепциялари, шаҳарсозлик ҳужжатлари каби стратегик ҳужжатлар экспертиза объектлари ҳисобланса-да, бундай лойиҳаларни экологик экспертизадан ўтказишнинг ҳуқуқий механизмлари мавжуд бўлмаган. Янги қонунга мувофиқ, стратегик экологик баҳолаш тизими жорий этилиши мазкур ҳужжатларда назарда тутилган фаолият оқибатларини олдиндан аниқлаш, баҳолаш ва тегишли чоралар кўришга замин яратади.
“Электрон ҳукумат” принципларига кўра, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш бўйича ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг ҳуқуқий асослари белгилаб берилмоқда. Ушбу механизм тадбиркорлик субъектлари учун давлат экспертизасига оид материалларни онлайн тарзда тақдим этиш ва шу тартибда хулоса олишга имкон беради. Бу эса соҳада инсон омилини чеклаш орқали тадбиркорлик субъектлари оворагарчилигининг олдини олиш, тизим шаффофлигини таъминлаш, пировардида коррупцион ҳолатларга барҳам беришга хизмат қилади.
Шу билан бир қаторда, экспертизани ўтказиш билан боғлиқ муаммоли ва баҳсли масалаларни ҳал этиш учун доимий фаолият юритувчи Экспертлар кенгашини ташкил қилиш нормаси киритилмоқда. Мазкур норма коллегиал келишув асосида қарор қабул қилиш имкониятини яратади. Соҳанинг холислик ва асосланганлик принципларини таъминлайди.
Қонунда буюртмачи, лойиҳачи ва эколог-экспертнинг ваколатларига аниқлик киритилиб, масъулияти кучайтирилмоқда. Лойиҳачиларга нисбатан малака сертификати жорий этилиши ва ташкилотлар рейтинги юритилиши самарадорликни оширишга замин яратади.
Давлат экологик экспертизаси органлари томонидан 2024 йилда қарийб 32 мингта экологик экспертиза хулосаси берилган бўлса, шундан 673 та лойиҳа экологик талабларга жавоб бермагани сабабли рад этилган. Мана шу жиҳатдан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, янги қонунда лойиҳачиларга нисбатан малака сертификатини жорий этиш ва лойиҳа ташкилотларининг рейтингини шакллантиришнинг ҳуқуқий асослари белгилангани, ўз навбатида, экологик талабларга жавоб бермайдиган лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашнинг олдини олади.
Қонун янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланган фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга ҳамда унинг ҳолати тўғрисида ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқларини таъминлаш, шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, бир сўз билан айтганда, экологик барқарорликни таъминлашда дастуриламал бўлади.
Давлат дастурида глобаллашув жараёнида “яшил” технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш каби масалалар экологик экспертиза фаолиятининг устувор йўналиши сифатида белгилаб берилди. Кейинги босқичда экологик экспертиза фаолиятининг қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш вазифалари белгилангани давлат экспертиза органларига катта мажбурият юклайди. Хусусан, Давлат экологик экспертизаси марказига мамлакатимизда фаолият юритаётган барча саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари қамровини тўлиқ таъминлаш ҳамда давлат экологик экспертизаси хулосалари ижросини таъминлаш борасида самарали мониторинг юритиш вазифаси юкланган. Ушбу мақсадларга эришиш экологик барқарорликни таъминлаш, Париж келишувига асосан олинган мажбуриятларни тўлиқ бажариш, давлатимизнинг халқаро майдондаги имижини оширишга хизмат қилади.
Янгиланган қонун умумбашарий экологик хавфлар кучайиб бораётган бир вақтда қабул қилинди. Бу мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга замин яратади. Бошқа томондан эса марказимизнинг ҳар бир ходими зиммасига катта масъулият юклайди.
Ғайрат МУҲАМЕДОВ,
“Давлат экологик экспертизаси маркази”
давлат муассасаси бош директори