Мазкур маҳалла ҳудудида оқар сув неча ўн йилдан бери муаммо бўлиб келаётган эди. Ҳудудда яшовчи аҳолига ичимлик суви ҳам вақти-вақти билан етиб борарди. Шу боис кўча бўйларида яшил дарахтлар кам, борлари ҳам сувсизликдан ривожланмай қолган.
Аҳвол маҳаллада истиқомат қилувчи ички ишлар фахрийси, айни кунда тадбиркорлик билан шуғулланаётган Каромаддин Ибодуллаевни ҳам ўйлантириб келаётган эди. У ҳудуддаги тадбиркорлар Озод Қурбонбоев, Жамбул Боймуродов билан бирга маҳалла фуқаролар йиғини идорасига бориб, муаммоларнинг ечими бўйича ўз фикрларини билдирди.
Маҳалла раиси Турсунбой Серикбоев ҳам уларни қўллаб-қувватлаб, керакли идораларга мурожаат қилди.
Қисқа фурсатда маҳаллага оқар сув олиб келиш йўли харитаси, лойиҳа-смета ҳужжатлари тегишли идоралар томонидан тайёрлаб берилди.
Шу тариқа Манғитнинг “Дурунки” маҳалласи бўйлаб “Юсуфхўжа” фермер хўжалиги экин майдонларига сув етказиб бериб турган ариқни 1,5 чақиримча узунликда қазиб, туманнинг аввал “Телман йўл” деб номланиб келган улкан асфальт йўлини кесиб ўтиб, “Чордара” маҳалласига оқар сув олиб келиш ишлари бошлаб юборилди.
Шу тариқа “Чордара” маҳалласининг Нодирабегим, Зебунисо, Завқий ва бошқа кўчаларига оқар сув келтириш учун ариқ қазиш ишлари бошланиб кетди. Ариқнинг улкан асфальт йўлни кесиб ўтувчи қисмига чидамли труба ташланди.
Энди яқин кунларда ариққа сув юборилади. Эл бирлашиб, ушбу хайрли ишнинг уддасидан чиқди.