Янги йил байрами олдидан Тошкент – Андижон поездига билет топиш анча қийин бўлади, автомашинада қайтиш учун эса байрам арафасида йўлкира бирмунча қиммат бўлиб кетади. Бу айниқса, талабаларни қийин аҳволга солиб қўяди.
Шундан келиб чиқиб, талабаларга қулайлик яратиш, уларга кўмаклашиш мақсадида бошқарма ушбу хайрли ишга қўл урди. Бу ҳақда ЎзА хаьар қилди.
Андижон Транспорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Машраповнинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрида таҳсил олаётган, янги йил байрами ва қишки таътилни ўтказиш учун уйларига келадиган андижонлик талабаларни олиб келиш мақсадида 25 та автотранспорт воситаси ажратилади.
Бундан ташқари, имкон қадар кўпроқ талабаларни олиб келиш учун йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи автомобиль эгаларини ушбу хайрли ишга қўшиш таклифи билдирилди.
Автомашиналар 27 декабрь сешанба куни пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” меҳмонхонаси олдидан соат 12.00 да Андижонга жўнайди. Тошкент шаҳрида таҳсил олаётган андижонлик талабалар ушбу имкониятдан фойдаланишлари мумкин.