Электротехника саноатини янада ривожлантириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

    Ҳужжатлар 2 март 2021 9178

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Республикада электротехника саноатини ривожлантириш ва модернизация қилиш, янги турдаги замонавий электротехника ва электромаиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, тармоқнинг инвестициявий ва экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

    Мазкур йўналишлардаги ишларни янада жадаллаштириш,
    маҳаллий электротехника ва электромаиший маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, маҳсулот сотиш учун янги бозорларни ўзлаштириш, тармоқ корхоналарининг илмий-технологик, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ривожлантириш мақсадида:

    1. 2021-2022 йиллар учун электротехника тармоғи самарадорлигининг қуйидаги асосий мақсадли кўрсаткичлари белгилансин:

    мис хом ашёсини чуқур қайта ишлаш ҳажмини 2021 йилда 55 минг тоннага, 2022 йилда 70 минг тоннага етказиш;

    маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2021 йилда 15 триллион сўмгача, 2022 йилда 19 триллион сўмгача ошириш;

    маҳсулотлар экспорти ҳажмини 2021 йилда 450 миллион АҚШ доллари, 2022 йилда 600 миллион АҚШ доллари миқдорида таъминлаш;

    тармоқдаги иш ўринлари сонини 2021 йилда 27 мингтага, 2022 йилда 34 мингтага етказиш.

    Электротехника саноатини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳи (Д.Ш.Султанов) ушбу бандда белгиланган асосий мақсадли кўрсаткичлар бажарилишини таъминлаш ва уларни 2023 йилда камида 30 фоизга ошириш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга оширсин.

    1. 2021-2022 йилларда электротехника саноатида янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш дастури 1, 1а ва 1б-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

    Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига (С.У.Умурзаков) ушбу бандда назарда тутилган дастурга, зарур ҳолларда, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.

    1. 2021 йил 1 мартдан бошлаб электротехника ва электромаиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, айланма маблағларни тўлдириш учун электротехника тармоғи корхоналарига Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган фоиз ставкаси билан миллий валютада бериладиган кредитларнинг 20 миллиард сўмгача бўлган қисми бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисмини, бироқ 5 фоизли пунктдан
      кўп бўлмаган миқдорда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан уч йил муддатгача компенсация қилиш тартиби ўрнатилсин.
    2. Электротехника тармоғи корхоналарини Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги чоралари жорий этилсин:

    2024 йил 1 январга қадар электротехника ва электромаиший маҳсулотларни барча мамлакатларга, шу жумладан, қўшни давлатларга экспорт қилишда автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизини, бироқ маҳсулотлар экспорт қийматининг (транспорт харажатларисиз) автомобиль транспортида 15 фоизидан, темир йўл транспортида 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда қоплашга субсидиялар тақдим этиш;

    молиялаштириш манбаларидан қатъи назар танловлар (тендерлар) доирасида аванс тўловларини амалга ошириш (қайтариш), хорижий валютадаги шартнома шартларини бажариш ва етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича кафолат муддатларини таъминлаш юзасидан маҳаллий тижорат банкларидан кафолатлар олишда гаров таъминоти сифатида кафолат суммасининг 50 фоизигача, бироқ 3 миллион АҚШ долларидан ошмаган миқдорда кафилликлар бериш.

    Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (С.У.Умурзаков) бир ой муддатда ушбу бандда назарда тутилган қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш тартибини тасдиқласин.

    1. 2021 йил 1 апрелдан 2024 йил 1 январга қадар муддатга ҳисобот даври якунлари бўйича электротехника маҳсулотларини сотишдан тушган тушуми миқдори умумий тушумининг 80 фоизидан кам бўлмаган электротехника тармоғи корхоналарига фойда солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича ставкаларни 50 фоизга камайтириш тарзида солиқ имтиёзлари берилсин.

    Белгилаб қўйилсинки, ушбу бандда назарда тутилган солиқ имтиёзларининг берилиши муносабати билан бўшаган маблағлар:

    корхоналар томонидан дивидендлар кўринишида тақсимланмайди;

    янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва мавжуд қувватларни модернизация қилишга йўналтирилади.

    1. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва “Ўзэлтехсаноат” уюшмасининг:

    “Олмалиқ КМК” АЖ томонидан ишлаб чиқарилган мис катодини биржа савдоларига қўйишда унинг бошланғич нархини қўшилган қиймат солиғисиз Лондон металл биржаси нархидан 2021 йил 1 апрелдан – 8 фоиз, 2022 йилда – 6 фоиз ва 2023 йилда – 4 фоиз миқдорида чегирма билан, 2024 йил 1 январдан эса Лондон металл биржаси нархида (экспортга реализация қилинадиган нархда) белгилаш;

    2021 йил 1 апрелдан бошлаб мис хом ашёсини биржа савдолари орқали харид қилишда юқори технологияли ишлаб чиқариш жараёнини жорий этган тармоқ корхоналари томонидан тўловнинг 25 фоизини аванс тарзида ва қолган 75 фоизини мис хом ашёси олинганидан сўнг 90 иш куни ичида ҳар ойда тенг улушларда амалга ошириш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.

    Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Б.К.Абдиназаров) “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси (М.М.Юнусов) билан биргаликда икки ҳафта муддатда юқори технологияли ишлаб чиқариш жараёнини жорий этган тармоқ корхоналарининг рўйхатини тасдиқлаб, “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ га киритсин ва ушбу рўйхатни зарур ҳолларда янгилаб борсин.

    1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

    мазкур қарорнинг 3 ва 4-бандларида назарда тутилган қўллаб-қувватлаш чоралари мис катоди ва мис катанкасини ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилишга татбиқ этилмайди;

    “Ўзэлтехсаноат” уюшмасининг кафолатига асосан юқори технологияли ишлаб чиқариш жараёнини жорий этган корхоналарга товарларни экспорт қилишда ноль даражали солиқ ставкаси қўлланилиши натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммаси уч кун ичида қоплаб берилади. Бунда, солиқ суммаси қоплаб берилганидан сўнг, камерал солиқ текшируви белгиланган тартибда амалга оширилади;

    экспорт қилувчи электротехника саноати корхоналари томонидан товарлар улар бўйича тўловларни кечиктириб тўлаш шарти билан экспорт қилинганда, уларнинг айланма маблағларини тўлдириш учун револьвер кредитларни молиялаштиришга Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан тижорат банкларига фоизсиз молиявий ресурслар тақдим этилади. Бунда, ушбу ресурслар ҳисобидан кредитлар тўловлар кечиктирилган муддатга ва экспорт қилинаётган маҳсулотлар қиймати миқдорида, бироқ 3 миллион АҚШ доллари эквивалентидан кўп бўлмаган миқдорда йиллик 2 фоизли ставка (банк маржаси) билан ажратилади.

    1. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (А.Б.Воитов) “Ўзстандарт” агентлиги (Д.Н.Саттаров) ва “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси (М.М.Юнусов) билан биргаликда:

    2021 йил 1 октябрга қадар электротехника ва электромаиший маҳсулотларнинг техник регламентлар ва халқаро талабларга мувофиқлигини (хавфсизлик кўрсаткичлари ва энергия самарадорлигини) баҳолаш бўйича замонавий синов лабораторияси ва сертификатлаштириш марказини ташкил этиш ишларини якунласин;

    2022 йил 1 мартга қадар синов лабораторияси фаолиятини халқаро меъёрлар асосида ривожлантириш ва тармоқнинг экспорт салоҳиятини оширишни инобатга олган ҳолда, уни халқаро аккредитациядан ўтказиш чораларини кўрсин.

    “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси (М.М.Юнусов) Иқтисодий тараққиёт
    ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Б.К.Абдиназаров), “Ўзстандарт” агентлиги (Д.Н.Саттаров) билан биргаликда уч ой муддатда синов лабораторияси учун зарур асбоб-ускуналар рўйхати шакллантирилиши, уларнинг хариди бўйича лойиҳаолди ҳужжатлари ишлаб чиқилиши
    ва белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилишини ташкил этсин.

    Вазирлар Маҳкамаси (Ж.А.Қўчқоров, С.У.Умурзаков) “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси (М.М.Юнусов) билан биргаликда синов лабораториясини ташкил этиш учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан “Ўзстандарт” агентлигига зарур маблағлар (35 миллиард сўмгача) ажратилишини, синов лабораторияси “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси биносида жойлаштирилишини ва унинг асбоб-ускуналари “Ўзэлтехсаноат” уюшмасига оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилишини таъминласин.

    1. Қуйидагилар Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча йўналишлар сифатида белгилансин:

    юқори қўшилган қийматли мис маҳсулотларини экспорт қилувчи тармоқ корхоналарининг маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни ташқи бозорларда сотиш билан боғлиқ харажатларини маҳсулот турларидан келиб чиқиб, экспорт қийматининг 6 фоизигача миқдорда қоплаш;

    электротехника ва электромаиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш мақсадида, ҳудудларда электротехника саноатига ихтисослаштирилган индустриал технопарклар ташкил этиш;

    тармоқ корхоналарининг ташқи бозорларда ўз маҳсулотларининг жозибадорлигини ошириш бўйича маркетинг тадқиқотлари олиб бориши, тармоқ лойиҳаларининг лойиҳаолди ҳужжатларини (бизнес-режалар, техник-иқтисодий асослар ва бошқалар) ишлаб чиқиши, шунингдек, жаҳон бозорини ўрганиш ва маркетинг таҳлилларини амалга ошириш учун халқаро маълумотлар базаларига (ахборот ресурсларига) уланиши
    билан боғлиқ харажатларини 50 фоизигача қоплаш;

    “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ижро аппаратига хорижий мутахассис ва экспертларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларни қисман ёки тўлиқ молиялаштириш.

    Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармасига республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 2021 йилнинг биринчи, иккинчи ва учинчи чоракларида тенг улушларда 75 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилишини таъминласин ва кейинги йилларда бюджет параметрларида ушбу мақсадлар учун маблағларни назарда тутсин.

    1. “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг 2022 йил март ойидан бошлаб ҳар йили маҳаллий
      ва хорижий корхона вакиллари, салоҳиятли инвесторлар, экспертлар
      ва тармоққа алоқадор бошқа мутахассисларни жалб қилган ҳолда, Электротехника ва электроника халқаро савдо кўргазмасини
      (“Uzbek International Electrotechnics & Electronics Fair”) ташкил қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

    “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси (М.М.Юнусов), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (А.Б.Воитов) бир ой муддатда электротехника ва электроника халқаро савдо кўргазмасига тайёргарлик кўриш ҳамда уни юқори савияда ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва амалга оширишни бошласин.

    1. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Ш.А.Вафаев) 2021 йил 1 декабрга қадар электротехника саноатини ривожлантириш ва тармоқда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағларини жалб қилиш чораларини кўрсин.
    2. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

    давлат дастурлари доирасида халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан, шунингдек, давлат-хусусий шериклик шартларида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича танлов (тендер) ўтказилганда маҳаллий маҳсулотлар сотиб олинишини назарда тутувчи “миллий контент” тизимини жорий этиш юзасидан таклифларни;

    илмий тадқиқотларга ва тажриба-конструкторлик ишланмаларга доир харажатларни фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базадан 2 коэффициент қўлланилган ҳолда чегириш тартибини назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

    1. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Б.К.Абдиназаров), “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси (М.М.Юнусов):

    Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда уч ой муддатда ушбу ҳудудларда электротехника саноатига ихтисослаштирилган индустриал технопарклар ташкил қилиш юзасидан;

    манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига
    таклифлар киритсин.

    1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
    2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари
      3-иловага мувофиқ 2021 йил 1 апрелдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
    3. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров ва С.У.Умурзаков белгилансин.

    Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

    Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чорак якуни бўйича ахборот бериб борилсин.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2021 йил 2 март

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates