Элу юрт билан ҳамдард яшаган доимо элда азиз

    Касбий ғурур, профессионал маҳорат ва шахсий масъулият – сув хўжалигидаги маъмурий ислоҳотлар ва ижро интизомининг мустаҳкам пойдевори.

    Сув ҳайвонот ва наботот олами, бутун инсониятга берилган энг улкан неъматдир. У – ҳаёт, тириклик манбаи.

    Улуғ ва мўътабар китобларимизда ҳам, даҳо ижодкорларимиз асарларида ҳам сувнинг яратувчанлик хусусиятлари, осмондан тушаётган ёмғирнинг ерга жон бағишлаши, обиҳаёт қатрасини исроф этиш ҳам гуноҳ эканлиги ҳақида кўп ва хўп битилган.

    Буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида шундай сатрлар бор:

    Ариққа қўйдилар “Наҳр ул-ҳаёт” исм,

    Фалакваш ҳавзға “Баҳр ун-нажот” исм.

    Шоир бу билан Фарҳод минг машаққатлар ила сув келтирган ариқ ва ҳовуз эл-юртга ҳаёт ва нажот бағишлаганини эътироф этган. Навоий бобомиз нафақат ўз асарларида сувга юксак эътибор қаратган, шу билан бирга вазир бўлган даврида Ҳиротда ободончилик ишларига бош бўлиб янги ариқ ва каналлар ҳам қаздирган.

    Обиҳаёт қадри ва сув келтирганлар қадри ўша замонларда қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундан кам эмас. Зеро, улар йил бўйи бобо деҳқонларимизга елкадош бўлиб, беминнат сув етказиб беради, пахта, ғалла, мева-сабзавот, умуман, барча экинлардан олинаётган ҳосилга, яратилаётган улкан хирмонларга, мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигига катта ҳисса қўшмоқда.

    Давлатимиз раҳбари шу боисдан ҳам сувдан самарали фойдаланиш, исроф қилинишининг олдини олишга ҳар доим алоҳида эътибор қаратиб келади. Жумладан, халқимизни тараққиётга етакловчи муҳим дастур ҳисобланган Мурожаатномада ҳам ушбу йўналишга доир қатор устувор муҳим вазифалар белгиланган. Ресурслардан самарали фойдаланиш ҳисобига камида 7 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш, сув хўжаликларида электр энергияси истеъмолини камайтириш, соҳа объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида бошқариш кабилар шулар жумласидан.

    Мурожаатномадан келиб чиқиб, барча мироблар ушбу соҳа халқимиз учун ниҳоятда муҳим эканлигини, шу билан бирга, юксак ишонч ва масъулиятни, ўз вазифасини сидқидилдан, ҳалол ва виждонан бажариши зарурлигини ҳис этди, десак муболаға бўлмайди.

    Сўнгги 15 йилда ёғингарчилик миқдори 25 фоизга қисқарди. Ёзда жазирама кунлар давомийлиги ортгани олдинда ҳали катта синовлар борлигидан далолат беради. Лекин, ҳозирги вақтда экин майдонларига сув етказиб беришда сезиларли йўқотишлар бор. Шу боис, сув хўжалиги тизими ислоҳ қилинади.

    Давлатимиз раҳбари сувнинг ҳисобини очиқ-ошкора юритиш тизимини жорий этиш ва келгуси уч йилда 13 мингга яқин сув хўжалиги объектини рақамлаштириш вазифасини қўйди. Шу билан бирга, 16 та йирик насос станциясини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва муқобил энергияга ўтказиш, буларга қўшимча равишда сув солиғи бўйича тушумларнинг бир қисмини туманларда суғориш хизматларини ривожлантириш, ариқ, зовур ва каналларни бетонлаштиришга йўналтириш зарурлиги белгилаб берилди.

    Юксак эътиборни ҳис этган, савобли меҳнатлари билан элда эъзоз топаётган сувчиларнинг бугун том маънода дунёқараши ўзгарган, масъулияти ошган. Улар янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларининг натижадорлиги аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга қаратилганлигини, бунга эришиш эса қабул қилинган ҳужжатлар, қарорларни ижро этиш бўйича интизомнинг қатъийлигига боғлиқ эканини яхши англайди.

    Мамлакатимиздаги маъмурий ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи фақатгина давлат бошқаруви тизимини ихчамлаштириш ва мақбуллаштиришдан иборат эмас, энг устувор мақсад халққа хизмат қилиш, аҳоли розилигига эришиш, қуйи тизимга тушиб, одамлар билан ишлаш, улар билан мулоқот қилиш, муаммоларига ечим топишдир. Шу маънода, сув хўжалигидаги маъмурий ислоҳотлар негизи қуйи бўғиндаги тизимни мустаҳкамлашга қаратилган. Хусусан, энг қуйи бўғин ҳисобланган туман ирригация бўлимлари таркибидаги сув хўжалигининг махсус хизматлари билан истеъмолчилар муносабатларини такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсад қилиб қўйилган.

    Ўтган йили амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Сув хўжалиги вазирлиги мамлакатимизда сувни манбадан то далагача етказиб бериш бўйича масъул орган қилиб белгиланиши сувни самарали бошқариш, сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини тўлиқ юритишга замин яратди.

    Ислоҳотларни изчил давом эттирган ҳолда “вазир-мироб-фермер” занжири амалда самарали ишлашига эришиш ва сув ресурсларини бошқаришдаги бюрократик тўсиқларни тўлиқ бартараф этиш зарур. Истеъмолчининг мурожаати, унинг сув билан боғлиқ муаммоси қуйи тизимда ҳал этилмайдиган бўлса, ўрта ва юқори бўғин муаммони тезкорлик билан биргаликда ҳал этиш механизмини йўлга қўйиши керак.

    Содда тилда айтганда, махсус хизмат яхши ишласа, истеъмолчига сувни вақтида етказиб берса, ҳисоб-китоб дафтарларини тўғри юритса, тақсимотда доим адолат билан иш тутса, ана шунда халқ сувчилардан рози бўлади. Бунинг учун сув хўжалигининг махсус хизматларини ёш, фидойи, билимли, ташаббускор ва интилувчан кадрлар билан мустаҳкамлаш, энг сара мутахассисларни жалб этиш, шунингдек, суғориш мавсумида масалаларни оқилона ечиши орқали ўзини кўрсатганларнинг лавозимда ўсишини йўлга қўйиш орқали махсус хизмат ходимлари фаолиятига мотивация бериш лозим.

    Ана шу талаблардан келиб чиқиб, тизимдаги маъмурий ислоҳотлар доирасида 2023 йилда Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятининг 10 та асосий йўналишлари белгилаб олинди.

    Булар: ихчам ва самарали бошқарувга ўтиш, сув ресурсларини бошқариш, трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш, таълим, илм-фан ва тармоқ интеграциясини таъминлаш, кадрлар салоҳиятини ошириш, соҳани рақамлаштириш, давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ирригация ва мелиорация тадбирлари, инвестиция ва техник кўмак маблағларини жалб қилиш йўналишларидир.

    Ҳар бир йўналиш замирида залворли рақамлар турибди. Мисол учун, давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг йўналишида умумий қиймати 1,24 триллион сўм бўлган 52 та лойиҳа амалга оширилади, 1 минг 920 километр канал, 19 минг 154 километр коллектор-дренаж тармоқлари, 66 та насос станцияси ва 108 та вертикал суғориш қудуқ агрокластерлар бошқарувига берилади.

    Электр энергияси харажатларини тежаш вазирлик олдидаги муҳим устувор йўналишлардан бири бўлиб, эскирган насос ва электродвигателларни энергиятежамкор бўлган янгисига алмаштириш ҳар йили босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, 2017 йилда электр энергияси сарфи 8,3 миллиард киловатт соатни ташкил этган бўлса, охирги беш йилда электр энергиясининг йиллик сарфини қарийб 1,5 миллиард киловатт соатга камайтиришга эришилди ва 2022 йил якуни бўйича бу кўрсаткич 6,8 миллиард киловатт соатга тенг бўлди.

    Олдинги йилларда бошланган ишлар давом эттирилган ҳолда, жорий йилда 174 та насос ва 234 та электродвигатель янгиланади, 97 та конденсатор қурилмаси ва 147 та частота ўзгартирувчи қурилма ўрнатилади, 18 минг 350 метр эскирган кабеллар янгиланади.

    Шу билан бирга, бу йил муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга кенг кўламда киришилади. Йил охиригача 300 киловатт соат қувватли 47 та қуёш электр панели ҳамда 16 минг 350 литр ҳажмли 132 та қуёш сув иситиш қурилмаси ўрнатилади. Натижада 121,9 миллион киловатт соат электр энергияси иқтисод қилиниб, 97,5 миллиард сўм давлат бюджети маблағи тежалади ҳамда у сув хўжалиги объектларини рақамлаштиришга йўналтирилади.

    Сўнгги йилларда мамлакатимизда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган майдонлар салкам бир миллион гектарга етказилди. Шундан томчилатиб 398 минг гектар, ёмғирлатиб 31 мин, дискрет усулда суғориш 16 минг гектарни ташкил этади.

    2023 йилда 260 минг гектарда томчилатиб, 25 минг гектарда ёмғирлатиб, 15 минг гектарда дискрет усулда суғориш технологиясини жорий этиш режалаштирилмоқда.

    Ушбу технологияларни ишлатиш орқали 1,9 миллиард куб метр сув, 100 минг тонна минерал ўғит, 13 минг тонна ёқилғи мойлаш материаллари иқтисод қилинади. Ўз навбатида, ҳосилдорлик ўртача 15–20 центнерга оширилиб, 300 минг гектар майдонда такрорий экинларни суғориш имконияти яратилади.

    Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ҳар қандай мамлакат ташаббускор, интизомли, шижоатли ва ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси билан меҳнат қиладиган, масъулиятни теран ҳис қила оладиган кадрлар билан тараққиётга эришади. Кадрлар салоҳиятини ошириш йўналишида “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислар институти” Миллий тадқиқот университети билан ҳамкорликда тизим ташкилотларидаги кафедра филиаллари фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Ҳар йили 500 нафардан ортиқ ёш мутахассислар вазирлик тизимига ишга қабул қилиняпти. Уларга яратилган шароитлар таҳлил қилиб борилади ва кадрларнинг “Олтин захираси” яратилади. Шу тариқа 2023 йил якунигача соҳадаги ёш раҳбарлар салмоғи 30 фоизга етказилади.

    Бугунги кунда республикамиздаги барча давлат органлари ва ташкилотлари каби Сув хўжалиги вазирлиги ҳам Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар ва ижро этувчи органлар трансформацияси жараёнларининг фаол иштирокчисига айланган. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамиятга эга. Негаки, ислоҳотларнинг самарадорлиги ва кўзланган мақсадларга эришиш ҳар бир ташкилотда мустаҳкам ижро интизомининг йўлга қўйилганлигига узвий боғлиқ.

    Сўнгги беш йилда сув хўжалигини ривожлантириш бўйича 100 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 1 та қонуни, Президентимизнинг 5 та фармони, 20 та қарори ҳамда 1 та фармойиши, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 60 дан ортиқ қарор ва фармойишлари қабул қилинди.

    Соҳа ривожида сувчи мутахассисларга дастуриламал бўлаётган энг асосий ҳужжатлар, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021–2023 йилларга мўлжалланган стратегияси, десак муболаға эмас.

    Мазкур йўналишда “Ijro.gov.uz” тизими орқали электрон ҳужжат алмашинуви вазирлик ва унинг ҳудудий ташкилотларида ҳам йўлга қўйилган бўлиб, ҳужжатлар ва топшириқлар ижро этилиши ўз вақтида назорат қилиб борилмоқда. Хусусан, 2022 йилда “Ijro.gov.uz” тизимига киритилган 557 та ҳужжат ижроси ўз вақтида таъминланди. Ушбу даврда вазирлик марказий аппаратига жами 10 минг 503 та ҳужжат, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан 2 минг 702 та ариза ва мурожаат келиб тушган бўлиб, барчаси белгиланган тартибда назоратга олинган.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ҳужжатларида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича 28 та назорат ва ҳаракатлар режаси, 32 та “Йўл харитаси” ва чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, тасдиқланган.

    Сув келтирган элда азиз. Аҳоли сувчиларнинг меҳнатига ариқлардан оқиб турган зилол сувга қараб, даласидан олаётган ҳосил чўғидан келиб чиқиб, дастурхонидаги ноз-неъматнинг тўкислиги ва сифатини ҳисобга олиб, ўзининг ҳаққоний баҳосини беради.

    Шу ўринда Хоразм вилояти Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналларини қайта тиклаш лойиҳасини ҳаётий мисол сифатида келтириш ўринли. Илгари Амударёдан очилган сув Тошсоқа тизими орқали Шовот туманига уч кунда, Янгибозор туманига эса беш кунда зўрға етиб борган. Каналлар бетонлаштирилганидан сўнг сув 10 соатда етиб борадиган бўлди ва катта ҳажмдаги обиҳаёт йўқотилишига барҳам берилди. Бунинг қадрини, қилинган ишларнинг аҳамиятини ўша каналлардан сув оладиган фермерлар, ҳудуд аҳолиси ўз ҳаёти мисолида яхши сезяпти. Олдинги аҳвол билан ҳозирни таққослаб, бу каби ҳаётбахш, инсонлар оғирини енгил, турмушини фаровон қилишга қаратилган ислоҳотлар ташаббускорини дуо қилаётир.

    Имом Мотуридий бобомизнинг “Элу юрт билан ҳамдард бўлиб яшагин, токи халқ ҳамиша сен билан бирга бўлгай”, деган пурмаъно ҳикмати бор. Соҳадаги маъмурий ислоҳотларнинг мақсад-муддаоси ҳам шундай: сувчилар элу юрт билан ҳамдард бўлиб яшаса, астойдил хизмат қилса, халқ ичида доим азиз бўлади.

    Рустам ҚАРШИЕВ,

    сув хўжалиги вазири ўринбосари