Қарорга кўра, Кадастр агентлигининг “Е-YER NAZORAT” тизими давлат ер назоратини юритишнинг ягона электрон платформаси ҳисобланади.
2026 йил 1 январдан махсус ваколатли давлат органларининг ер қонунчилигига риоя қилмаслик, жумладан, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, уларга тегишли чоралар кўришга оид вазифалари фақатгина “Е-YER NAZORAT” тизими орқали амалга оширилади.
Ерга оид ҳуқуқбузарлик даражасига кўра ҳудудларни қуйидагича тоифаларга бўлиш белгиланди:
- “қизил” тоифадаги ҳудуд – ер участкаларидан самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш эҳтимоли юқори ҳудудлар;
- “сариқ” тоифадаги ҳудуд – ер участкаларидан самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш эҳтимоли ўрта ҳудудлар;
- “яшил” тоифадаги ҳудуд – ер участкаларидан самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш эҳтимоли паст ҳудудлар.
Бунда “қизил” тоифадаги ҳудудларда махсус дронлардан фойдаланган ҳолда ҳар чоракда камида 1 маротаба, “сариқ” тоифадаги ҳудудларда махсус самолёт ёрдамида ҳар 6 ойда камида 1 маротаба мониторинг кузатувлари олиб борилади.









