Фавқулотда вазиятлар вазирлиги аҳолини сел хавфидан огоҳлантирди

    Сел оқими йўлидаги барча биноларни, аҳоли яшайдиган уйларни, гидротехник иншоотларни бузиб, қишлоқ хўжалик экинларини, боғларни пайҳон қилади.

    ФВВ республикада кузатилаётган ўзгарувчан об-ҳаво шароити сабабли аҳолини сел хавфидан огоҳлантирмоқда.

    Сел — катта миқдорда тоғ тошлари, қум ва тупроқ жинслари билан биргаликда тоғдан оқиб тушувчи сув оқими бўлиб, мунтазам жала қуйиши (85 фоиз ҳолатларда), тоғ қорларининг эриши (4 фоиз ҳолларида), тоғ сув ҳавзалари, сув омборлари, музлаган сув ҳавзалари қирғоқларининг ўпирилиб кетиши (1,3 фоиз ҳолларида) ва бошқа сабаблар (9,7 фоиз ҳолларда) олиб келиши мумкин.

    Катта ҳажмга ва юқори тезликка эга бўлган сел оқими, йўлидаги барча биноларни, аҳоли яшайдиган уйларни, гидротехник иншоотларни бузиб, қишлоқ хўжалик экинларини, боғларни пайҳон қилади. Одамлар ва ҳайвонларни нобуд қилади.

    Ўзбекистон Республикасидаги барча тоғ ва тоғ олди ҳудудлари сел хавфи бўлган зоналарга киритилган. Республиканинг Наманган (19 фоиз), Фарғона (14 фоиз), Сурхондарё (13 фоиз), Тошкент (12 фоиз), Самарқанд (12 фоиз) ва Қашқадарё вилоятлари (12 фоиз) ҳудудлари сув тошқини-сел хавфи мавжуд ҳудудлардан ҳисобланади.

    Сел оқими вужудга келиши апрель ва май ойларига тўғри келади, бу даврда тоғ ва тоғ олди ҳудудларида кўп ёмғир ёғиши кузатилган.

    Сел хавфи бўлганда аҳолининг ҳаракати бўйича тавсиялар

    • Сел хавфи бўлган ҳудудларда яшовчи ҳар бир киши унинг уйи, хўжалигини сел келиш ҳудудида жойлашганлиги ҳақидаги маълумотга эга бўлиши керак ва Ўзгидромет, ФВВ/ФВБ, ҳокимиятлар вакиллари томонидан берилган кўрсатмалардаги сел ва сув тошқинидан ҳимоя қилиш йўл-йўриқларига албатта амал қилиши лозим.
    • Сел оқимининг ўтиши ва унинг оқибатлари катта моддий зарар келтириб, одамлар ҳаёт ва соғлиғига хавф туғдириши мумкин (сел оқибатида одамларнинг қурбон бўлганлиги бир неча марта қайд қилинган).
    • Сел оқимларидан фақат қочиб қутилиш мумкин. Сел хавфи тўғрисида хабар эшитгандан сўнг дарҳол хавфсиз жойга кўчиш ҳаракатларини қилиш керак. Сел оқимининг тез фурсатда шаклланиши, унинг тезлигини ҳисобга олган ҳолда, хабар тарқатиш ва муҳофаза тадбирларини бажариш учун вақт жуда чегараланганлигини (бир неча дақиқадан 10-20 дақиқагача бўлиши мумкин) доимо ёдда тутиш лозим.
    • Сел оқимидан халос бўлишнинг иложи бўлмаса, баландроқ тепалик устига, дарахтга ёки бирор баландроқ мосламалар устига чиқиш керак. Одатда сел 3-5 соат вақт давом этиши мумкин.
    • Сел оқими ўтгандан сўнг девор ва устунларнинг ҳолатини, газ, электр ва сув таъминотининг созлигини текшириш зарур.

    Сел оқибатларини камайтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар

    • Доимо сел-сув тошқини рўй бериши эҳтимол бўлган ҳудудларда жойлашган уй-жойлар ва бошқа объектлар рўйхати аниқланиб турилади, аҳоли ва объектларни муҳофаза қилиш учун ўтказиладиган тадбирларнинг йўл-йўриқлари кўрсатилган тегишли тавсияномалар тарқатилади.
    • Сел оқими хавфи бўлган ерларда ишлаб чиқариш муассасалари ва уй-жойларини ишончли муҳофаза иншоотлари бўлмаган ва Ўзгидромет билан келишилмаган ҳолда қуриш қатъиян ман этилади.
    • Сел хавфи юзага келганда кузатув ва хабар бериш хизмати ташкил этилади.
    • Қуйидаги агротехник тадбирлар амалга оширилади: ёнбағирларда эрга кўндалангига ишлов бериш, тоғ ёнбағирларини поғона-поғона қилиш, тоғ адирларида сув йўллари очиш, эр ҳайдалиб экиладиган экинларни экишга йўл қўймаслик, емирилишга қарши тадбирларни амалга ошириш, дарё ўзанлари, тоғ адирларида ўрмончиликни ташкил этиш ва уларни сақлаш.
    • Сел омборлари, селни ушлаб турувчи, селни бошқарувчи ва селга қарши гидротехник иншоот, селхоналарни қуриш ишлари амалга оширилади.

    Гидрометеорологик ҳодисаларни кузатиш ва назорат қилиш Ўзгидромет ва унинг бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳузуридаги сел-тошқин ва қор кўчкилари эҳтимоли мавжуд зоналарни аниқлаш, текшириш ва дала кузатишлар йўли билан амалга оширилади.

    Кўп йиллик кузатишлар мобайнида Ўзбекистон ҳудудида сел тошиш эҳтимоли апрель июнь ойларида бир мунча фаоллашуви қайд этилган ва содир бўлган ҳодисалар қуйидагича тақсимланган: апрель ойида 30 фоиз, май ойида 36 фоиз, июнь ойида 14 фоиз.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates