баннер
15 мар 2025
00:30

    Файзиқул ака ўз маҳалласини қандай ўзгартира олди?

    Бу тиниб-тинчимас ҳожи яна бир нарсани бошламоқчи, демоқда маҳалладагилар. Файзиқул ака бедорми, демак, яна бир ­янгилик, яхшилик бўлади.

    Дўстлик, Пахтакор, Жиззах (ҳозирги Шароф Рашидов) туманларида кўп йиллар агроном, хўжалик раҳбари бўлиб ишлаган Файзиқул Муртазоқулов пенсияга чиқсам, бир кун ҳам ишламайман, шогирдларимга йўл бераман деб аҳд қилган эди. Аҳдининг устидан чиқди. Ишдан бўшагани ҳақидаги буйруқдан кўчирма олиб уйига келди. Эрталаб фарзандлари ишга, набиралари ўқишга кетади. Файзиқул ака нима қилишни билмай маҳаллага чиқди. У ерда ўзига ўхшаган уч-тўрт бекорчи кимнингдир тўйини ёки оиласидаги кўнгилсизликни муҳокама этиб ўтирганини кўриб, жаҳл билан чопони этагини қоқди-да, уйига қайтди.

    Бозордан 3-4 та қўй олиб, шуларнинг ем-хашагини бериб, тагини супуриб, эрмак қиларди. Ҳовлисидаги дарахтларга бошқа турлардан пайванд солиб, ҳосилини яхши ўқиган набираларига мукофот қилиб берарди. Мудом қайноқ меҳнат қучоғида юрган, вилоятдаги хўжаликларга минглаб кўчат тайёрлаб берган, ҳудудларни кўкаламзорлаштиришда иштирок этган, юз гектарлаб иссиқхоналар бунёд қилган одамга шу ҳам иш бўлибдими?! Пенсияга чиққанимдан кейин ҳеч ерда ишламайман, деб катта гапириб қўйганига пушаймонда эди у. Бирорта ташкилотга боғбонликка ўтиб, қимирлаб турса бўларкан! Шу орада йиққан-терганини жамлаб, ҳаж зиёратига ҳам бориб келди.

    Эсида, 2018 йилда у яшаётган Тошкентлик маҳалласида Шароф Рашидов туманига Президент келиб, ижтимоий-иқтисодий вазият билан танишар экан, деган гап тарқалди. Бу гап рост экан, меҳнат фахрийси сифатида давлат раҳбари билан бўладиган учрашувга уни ҳам таклиф қилишди.

    Шавкат Мирзиёев машинадан тушиб, тўғри нуронийлар саф бўлиб турган томонга юрди. Президент жиззахлик кексаларнинг ҳар бирини танирди, шунинг учун улар билан қалин сўрашди. Навбат Файзиқул акага келганида унинг саломлашиш учун узатган қўлини қўйиб юбормай, бир чеккага бошлади.

    — Кўринишингиздан ҳали жуда бардамсиз! — деди Президент салом-аликдан сўнг. — Маҳаллангиздан ер ажратиб берсак, чиройли иссиқхона қурсангиз. Сизни кўриб бошқалар ҳам ҳаракатга тушиб қоларди. Вилоят, туман раҳбарлари техникадан ёрдам қилади. Иссиқхона бўлганда ҳам кирган одам баҳра оладиган жой бўлсин. Сиз бундай иншоотларнинг қанчасини қургансиз ёки қўлингиздан келмайдими, тортинмай айтаверинг.

    — Қураман, керак бўлса, бошқаларникидан ўн баравар яхши иссиқхона қураман, — деб жавоб берганди Файзиқул ака ҳаяжон билан.

    — Президент билан нима ҳақда гаплашдингиз? — дея сўраганларга у сирли жилмайиб қўярди.

    Давлатимиз раҳбари ташрифидан кейин вилоят ва туман ҳокимликлари вакиллари келди. Унга уйидан анча узоқ жойдан ер ажратишибди. Файзиқул ака у ердан иссиқхона қуришга рози бўлмади. Негаки жой уйидан анча узоқ бўлиб, бориб-келгунча бир кун ўтади.

    — Берсанглар, мана бу жойдан қураман, — деган Файзиқул Муртазоқулов ўз ҳовлисининг орқа томонидаги чиқиндихонани кўрсатиб.

    “Бу ерни чиқиндидан тозалашга бир йил кетади, эплай олмайсиз”, деган туман мутасаддилари уни қароридан қайтаришга анча уриниб кўрди. Аммо у сўзида қатъий туриб олди, ноилож шу жойни ҳужжатлаштириб беришди.

    Иссиқхонани қуриб битказаётганда Президентимизнинг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, томорқаларда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, ишламаётганларга ўзини ўзи банд қилиш имкониятлари яратилди.

    Иссиқхона тупроғи алмаштирилиб, маҳаллий ўғит солинган ерга дастлаб помидор ва бодринг экилди. Ҳосилдорлик кўзланганидан ҳам юқори бўлди. Ҳосилнинг анча қисми деҳқончиликдан “капсан” деб маҳалладаги даромади камроқ оилаларга тарқатилди.

    Кейинги пайтда Файзиқул аканинг уйқуси қочди. Гоҳида ярим кечаси елкасига чопонини ташлаб, иссиқхонага кириб кетиб, қоғоз-қалам қиладиган одат чиқарди. Кундузлари эса кимларгадир қўнғироқ қилиб, қандайдир кўчатларни суриштиради. Фарзандлари ҳайрон.

    — Дадам иссиқхона қургандан бери биров кўтариб кетмасин деб қўриқлаб чиқаётганга ўхшайди, — дея кулишарди.

    Эҳ болалар-а, боғбон ўйларию ташвишларини сизлар қаердан ҳам билардингиз? Ҳақиқий боғбон ўз боғининг ягона ва гўзал бўлишини истайди. Шунинг учун турли ғоялар ортидан қувлайди, тунларни бедор ўтказади.

    Файзиқул ака ниҳоят излаган нарсасини топди. Шу куни иссиқхонани қайта қуришга тушди. Яна тупроғини алмаштириб, ўғитлади, бир текис қилиб пушта олди. Кейин 120 туп лимон, мандарин ва апельсин дарахтларининг ноёб турларини олиб келиб экди.

    — Дастлаб бу кўчатлар 10-15 килодан ҳосил берган бўлса, 2024 йилда ҳар тупидан 30 килодан мева териб олдик. Дарахтлар каттарган сари ҳосилдорлиги ҳам ошиб бораверади. Яқинда телевизорда Асака туманида бананнинг серҳосил турини етиштираётган юртдошимиз ҳақида кўрсатув берилди. Қани энди қанотим бўлса-ю, учиб бориб, шу кўчатдан 4-5 тупини олиб келсам, — деди биз билан суҳбатда Файзиқул ака.

    Унинг айни пайтда ҳосилни қайси бозорларда, қандай нархларда сотаётганини суриштирдик.

    — Иссиқхонада етиштирилаётган мевалар тўлиқ мактабгача таълим ташкилотларига берилмоқда. Фарзандларимиз табиий тоза маҳсулотлар истеъмол қилса, соғлом бўлади. Янги иссиқхона қурганларга кўчат тайёрлаб беряпман, уларни парваришлаш йўлларини ўргатаман, тушунтираман, — дейди Файзиқул ака.

    Ишлаган одамнинг танаси яйрайди, миясида янги ғоя ва ўйлар чарх ура бошлайди.

    — Бир куни маҳалла гузарига чиқиб, одамларни кузатдим. Мендан ўн ёш кичик маҳалладошларимнинг мункиллаб қолганини кўриб ҳайратга тушдим. Менга қолса, уларнинг ҳаммасини сафга тизиб, кунига юргизардим. Ҳаракатсизликдан айримлари семирибди, айримлари эса ҳасса ушлаб олибди. Шунда янги қурилаётган бинога тренажёрлар олиб келиб ўрнатишга қарор қилдим.

    Ҳақиқатан, Файзиқул ака 5-6 хил тренаж­ёр олиб келиб ўрнатибди. Тез орада уни ишга тушириб, маҳалладошларини соғломлаштиришга ҳисса қўшади.

    — Ўзингиз ҳам кириб турар экансиз-да бу масканга, — деймиз унинг ғайратига тан бериб.

    — Мана менинг тренажёрим, — деди у иссиқхона ёнида турган кетмонни кўрсатиб. — Яқинда бир қариндошимиз шукроналик ошига таклиф этди. Ошдан олдин барча меҳмонлар олдига бир донадан Жиззах сомсасидан уч баробар кичик сомсалар қўйиб чиқишди. Сомса жуда мазали, барчага манзур бўлди.

    Ўша куниёқ у янги сомсахона қурилишини бошлаб юборди. Рамазон ойи арафасида сомсапазлик шохобчаси ҳам ишга туширилди.

    — Маҳалладошларим ифторликда бизнинг сомсани тановул қиляпти, — дейди тадбиркор бобо.

    Файзиқул Муртазоқуловнинг қадамидан ўт чақнаётганини кўрган одамлар унинг етмишдан ошиб, саксонни қоралаётганига ишонмайди. Бир қарасанг, ҳовлисидаги янги экилган кўчатлар орасида токқайчи ушлаб юрган, бир оздан кейин эса қўйларга хашак ташлаётган бўлади.

    — 2024 йилнинг сўнгги кунлари ўтаётган эди, дадам бизни йиғиб, янги йилни қандай кутиб оламиз, деган саволни ўртага ташлади, — дейди катта ўғли Пўлатжон. — Ҳар биримиз таклифларимизни айтдик. “Болаларим, Яратганга шукр, ўзимизда ҳамма нарса етарли. Лекин маҳалламизда фарзандларига байрам дастурхони тузашга қийналаётганлар ҳам бор. Улар шундай аҳволда бўлса-ю, биз қандай қилиб хурсандчилик қиламиз?” деди дадам. Ҳаммамиз ўтириб, шундай оилалар рўйхатини тузиб чиқдик. Кейин бозорга бориб, озиқ-овқат маҳсулотлари, болалар учун ширинликлар олиб келиб, рўйхатимиздаги 50 та оилага тарқатиб чиқдик.

    Кейинги пайтда Файзулла ака яна уйқусини йўқотди. У ёнидан қўймайдиган дафтарида нималарнингдир ҳисобини қила бошлади.

    Бу тиниб-тинчимас ҳожи яна бир нарсани бошламоқчи, демоқда маҳалладагилар.

    Файзиқул ака бедорми, демак, яна бир ­янгилик, яхшилик бўлади.

    Асад МУСТАФОЕВ,

    журналист



    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech