«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунига қандай ўзгаришлар киритилади?

    Мамлакатимизда 1 феврал 2022 3188

    Жорий йил 1 февралда Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

    Унда Сенат ва Комиссия аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

    Мажлисда Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқиладиган масалалар дастлабки тарзда муҳокама этилди.

    Хусусан «Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

    Таъкидланганидек, Қонун билан Меҳнат, Фуқаролик ва Солиқ кодексларига ҳамда «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.

    Хусусан, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунда болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақтининг ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 6 йиллик даврни иш стажига қўшиб ҳисоблаш кўзда тутилаётгани (бу илгари 3 йил эди) қайд этилди.

    Фуқаролик кодексининг 565-моддасига кўра, автомототранспорт воситалари электрон савдо платформаси воситасида электрон онлайн-аукцион орқали ижарага берилганда ижарага бериш шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлаш талаб этилмайди. Бунда электрон онлайн-аукцион натижаларига кўра расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эгалиги тўғрисида қоида киритиляпти.

    Шунингдек, мажлисда мамлакатимизда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурининг иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

    Хусусан, коронавирус пандемиясининг республикадаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсирини юмшатиш борасида ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида 2021 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилга нисбатан 7,4 фоизга, шундан ялпи ички маҳсулот таркибида саноат 8,7 фоизга, қурилиш ишлари 6,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги 4,0 фоизга, чакана савдо айланмаси ҳажми 12,0 фоизга ўсишига эришилган.

    Давлат бюджети даромадлари 164,7 триллион сўмга ижро этилиб, шундан 127,9 триллион сўм (77,6 %) солиқ тушумлари, 33,2 триллион сўм (20,2 %) божхона тўловлари ҳиссасига тўғри келган.

    Фуқаролар томонидан билдирилган таклифларни молиялаштириш учун туман ва шаҳар қўшимча даромад манбаларининг 30 фоизини ҳамда 14 та туман (шаҳар) бюджети харажатининг 5 фоизини
    (ҳар бир ҳудуддан 1 тадан), жами 407,1 миллиард сўм маблағ 1 600 га яқин лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилган.

    Мажлис давомида қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ҳамда шу мақсадда ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлиги тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ш.Ғаниевнинг ахбороти дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги
    Фармони ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йилда жами 515,2 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар, шундан 197,5 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш жорий қилиниб, сув тежовчи технологиялар жорий қилинган жами ерлар 917,0 минг гектарга ёки суғориладиган майдонларнинг 20 фоизига етказилганлиги қайд этилди.

    Сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш орқали пахта хомашёсини етиштириш мақсадида 2021 йил январь-сентябрь ойларида 754,4 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилган.

    Муҳокамалар жараёнида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, янги узумзорларни барпо этиш учун бурғуланган қудуқлар қазиш ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий этишга Давлат бюджети ҳисобидан ажратилган субсидия маблағларидан, сув ресурслари ҳамда сувни тежайдиган технологиялардан самарали фойдаланиш тартиб қоидалари бўйича бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги қайд этилди.

    Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган бўлсада, айрим ҳолатларда ерларни анъанавий усулда суғориш, сувдан самарасиз фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилган. Мазкур камчиликлар асосан Жиззах, Фарғона ва Хоразм вилоятларида қайд этилган.

    Шунингдек, сув тежовчи технологияларни жорий қилишда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда ҳудудий ва туман ишчи гуруҳлари масъулиятсизлиги оқибатида кўп ҳолларда жорий этилган сувни тежайдиган технологияларнинг лойиҳа ҳужжатлари техник талабларга жавоб бермаслиги ва қурилиш-монтаж ишлари сифатсиз бажарилганлиги таъкидланди.

    Мажлис якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates