Ҳар қандай давлат сиёсатининг асосини  ватанпарварлик тарбияси ташкил этади        

    Ҳарбий ватанпарварлик маънавий фазилатлар орасида муҳим ўринга эга. Ушбу фазилат биринчи ўринда инсоннинг Ватан олдидаги бўрчини ҳис этиши, унинг манфаатларини ҳимоя қилишга шахсий жонбозлик, фидоийлик кўрсатишини, керак бўлса қаҳрамонликка тайёрлигини англатади.

    Ватанимиз мустақиллиги, халқимиз тинчлигини таъминлашнинг ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучлар салоҳиятини ошириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун янада муносиб шароит яратишга алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир даврнинг долзарб масалаларидан бўлиб қолади.

    2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида юртимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантиришни устувор йўналишлардан бири этиб белгиланди.

    Ҳарбий-жанговар ва юксак маънавий салоҳият Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчига айланиб, ҳозирги вақтда “Халқ ва армия – бир тану бир жондир” деган эзгу тамойил асосида ҳарбий-маъмурий секторлар фаолияти самарасида ҳарбий шаҳарчалар инфратузилмаси тўлиқ янгиланди, янги ўқув полигонлари барпо этилди.

    Бугунги шиддатли геосиёсий қарама-қаршиликлар шароитида иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ахборот хавфсизлиги ва бошқа соҳаларда кескин муаммолар пайдо бўлаётган бўлиб, бундай мураккаб халқаро вазият, хавфсизликка нисбатан хавф-хатар ва таҳдидларнинг кучайиши Марказий Осиёда ҳам кузатилмоқда.

    Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев “Энг катта бойлигимиз бўлган тинч ҳаётни асраш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, келажак режаларимизни белгилашда ана шу ҳолатларнинг барчасини инобатга олишимиз зарур. Биз ҳар қандай вазиятда ҳам Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, унинг сарҳадлари дахлсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашимиз шарт. Бу – бизнинг тарих ва келажак авлодлар олдидаги муқаддас бурчимиз ва мажбуриятимиздир” деб таъкидлаган эди.

    Ҳарбий хизматчиларнинг ахлоқий-руҳий ва жанговар тайёргарлигини кучайтириш, ёшларда ватанпарварлик туйғусини юксалтириш тизимдаги долзарб масалалардан бўлиб, бу борада шонли тарихимиз, бой илмий ва маданий меросимиз, баҳодир аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолияти биз учун чинакам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши лозим.

    Ҳарбий ватанпарварлик руҳидаги тарбия – тарбиявий ишларнинг таркибий қисми бўлиб, ёш авлодда Ватанни асрашга зарур бўладиган юқори мудофаа ҳиссини, сиёсий, ахлоқий, психологик сифатларни шакллантириш, ҳарбий-техник билимларни эгаллаш, шахснинг жисмоний такомиллашуви жараёнидир.

    Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида қуйидаги босқичлар муҳим аҳамият касб этади.

    Биринчи босқич: (3-7 ёшдагилар) атрофдаги олам, Ватан ҳақида дастлабки тасаввурлар пайдо бўладиган босқич ҳисобланади, унда оила ва мактабгача таълим муассасаларида болаларга тегишли йўналишлар бўйича шеърлар, қўшиқлар ўргатиш, эртак ва ҳикоялар айтиб бериш, расмлар чиздириш. ҳарбий музейлар, маданият ва истироҳат боғларига экскурсиялар, спорт мусобақалари ташкил этиш, давлат рамзлари ( байроқ, герб, мадҳия) билан таништириш асосида уларда она-юртига муҳаббат туйғуларини шакллантиришни ўз ичига олади;

    Иккинчи босқичда: (7-16 ёшдаги болалар) ўқувчиларнинг Ватанга муҳаббати ва садоқатини мустаҳкамлаш, Она юрт олдидаги фарзандлик бурчини юксак масъулият билан бажариш, уларда Миллий гвардия, Қуролли Кучларимизга бўлган ишонч ва ижобий фикрларни янада кучайтириш, ҳарбий хизмат нуфузини ошириш, ёшларнинг жисмоний соғлом, маънавий этук, мустақил фикр юритадиган баркамол инсон сифатида шакллантириш каби эзгу ишларга даъват этилади.

    Учинчи босқичда: (16-18 ёшдаги ўсмирлар) ёшларга Ватанга ва унинг ҳимояси учун муносиб хизмат қилишга руҳан ва жисмонан тайёрликни таъминлашга йўналтирилади. Миллий армиямиз учун жисмоний бақувват ва маънан етук ёшлар зарурлиги, ҳарбий хизматнинг аҳамияти. Қуролли Кучларимизда ва миллий гвардия тизимларида олиб борилаётган чуқур тизимли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотлар бериб борилади.

    Тўртинчи босқичда: (18-30 ёшдагилар) ёшларнинг жисмоний ва маънавий қобилияати, етакчилик кўникмалари ва интеллектуал салоҳияти, профессионал малакасини ошириш, эгаллаган касбига садоқати ва фидойилиги билан Ватан равнақи ва юрт тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиши ва бунга эргашиш назарда тутилади.

    Ташкил этилаётган ва ўтказилаётган тадбирларнинг ёшлар онги ва қалбига ижобий таъсир этиб, уларнинг интеллектуал, ижобий ва касбий салоҳиятини рўёбга чиқаришдаги фаоллиги ошгани, мустақил Ватанини ҳимоя қилиш ҳамда хавфсизлиги учун фуқаролик бурчи ва масъулиятини англаб етгани, давлат ва жамият манфаатлари йўлида ҳар қандай хизматга доимо шай туриш позицияси шаклланганлиги билан белгиланади.

    Бир сўз билан айтганда бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли Кучлари мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир бўлган, ҳаракатчан ва пухта қуролланган қудратли кучга айланди, десак муболаға бўлмайди.

    Шуҳрат ХОТАМОВ,

    Алишер ИКРАМОВ,

    Жамоат хавфсизлиги университети доцентлари

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates