Ҳуқуқбузарлик содир этган шахс қандай ҳолларда жавобгарликдан озод қилиниши мумкин?

    Биласизми? 1 ноябр 2022 1651

    12 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс жавобгарликдан озод қилиб, иш тугатилиши мумкин.

    Ярашганлиги муносабати билан шахсни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш асослари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-2-модда белгилаб қўйилди. Аниқроқ айт­ганда, 12 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, суд уни маъмурий жавобгарликдан озод қи­либ, ишни тугатиши мумкин.

    Ушбу норма Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг:

    40-моддасида — туҳмат;

    41-моддасида — ҳақорат қилиш;

    45-моддасида — фуқароларнинг турар жойи дахл­сизлигини бузиш;

    46-моддасида — фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш;

    46-1-моддасида — шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш;

    52-моддасида — енгил тан жароҳати етказиш;

    61-2-моддасида — мулк­ни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш;

    104-моддасида — экинзорларни пайҳон қилиш, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиш ёки уни йўқ қилиб юбориш, кўчатларга шикаст етказиш;

    133-моддасида — транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабр­ланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши;

    134-моддасида — ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қои­даларини бузиши транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши;

    183-моддасида — майда безорилик;

    200-моддасида назарда тутилган ўзбошимчалик каби маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар бўйича ярашув шартлари бажарилган ҳолларда татбиқ этилиши мумкин.

    Эслатиш жоизки, ушбу ҳуқуқбузарликни бир йил ичида такроран содир этган шахс томонларнинг ярашганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилинмайди.

    Илгари биринчи марта ҳу­қуқбузарлик содир этган шахс ўз вақтида жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ҳамда жабрланувчи билан ярашган тақдирда ҳам маъмурий жавобгарликдан озод қилиш тартиби қонунчиликда мавжуд эмас эди.

    Лекин ҳуқуқни қўллаш амалиётида эр-хотин, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, таниш-билиш ва ҳамкасблар ўртасида келишмовчилик рўй бергандан сўнг ўзаро ярашиб, зарарлар қопланиб, ўрталарида адоват қолмаган ҳолатлар тез-тез учраб турар, аксарият­ ҳолларда тарафлар ярашган бўлса ҳам ҳуқуқбузарлар маъмурий жазога тортилар эди. Табиийки, бу яқин инсонлар орасида адоват давом этишига, уларнинг муносабатларига совуқлик тушишига сабаб бўларди.

    Эндиликда қонунчиликда ярашув институтининг жорий этилиши натижасида бу каби салбий оқибатларнинг олди олинади.