Тадбирда, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ҳамда икки мамлакат ишбилармон доираларининг 1000 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.
Маълумот учун: Афғонистон Ўзбекистон учун бешинчи йирик экспорт бозори ҳисобланади. Охирги беш йилда икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб бир ярим баробар ошиб, 2023 йилда 866 миллион долларга етди. Бугунги кунда мамлакатимизда афғон сармояси иштирокидаги 550 та корхона фаолият кўрсатиб келяпти. Уларнинг 443 таси 100 фоиз афғон капитали иштирокида. Озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, туризм, тўқимачилик каби соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга ошириб келиняпти.
Лазиз Кудратов бизнес-форум иштирокчиларига қутлов сўзи билан мурожаат қилар экан, ҳамкорликни ривожлантиришнинг бир қатор истиқболли ва долзарб йўналишларини қайд этди. Шу жумладан, икки давлатнинг тегишли идоралари ва тармоқ бирлашмалари кўмагида ўзаро савдо таркибидаги товарлар рўйхатини кенгайтириш, ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар ўртасидаги ҳамкорликни ошириш масалалари тилга олинди.
Икки томонлама савдони кенгайтириш ҳамда минтақа мамлакатларига маҳсулот етказиб бериш ҳажмини ошириш мақсадида давлат чегара пунктларининг 24 соатлик иш режимига ўтиши, савдо уйларини ташкил этиш, йирик транспорт ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш каби чора-тадбирлар кўрилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбиркорлар учун барча қулай шарт-шароитлар яратилган, жумладан, 15 кунлик визасиз режим жорий этилган ва солиқдан тўлиқ холи ҳудуд мақомига эга Термиз халқаро савдо марказида ишларни янада фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Икки томонлама муносабатлар ривожининг ҳозирги босқичида тадбиркорлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада фаоллаштириш, икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокидаги қўшма тадбирлар ва ташрифлар сонини кўпайтириш чора-тадбирлари долзарблиги таъкидланди. Шу ўринда, янги шартнома ва битимлар тузиш, ўзаро бизнес-форум, кўргазма ва B2B форматида учрашувлар ташкил этиш муҳим аҳамият касб этяпти.
Ўз навбатида, Афғонистон саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий Афғонистон делегациясининг ташрифи дастурига киритилган тадбирлар юқори савияда ташкил этилгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди ва Ўзбекистоннинг икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шароит яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
Шу билан бирга, маърузачи афғон ва ўзбек тадбиркорларни янада фаол ҳамкорликка чақириб, иккала томон ҳам янги лойиҳа ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашга ўзаро тайёр эканига ишонтирди.
Тадбир доирасида делегациялар Афғонистоннинг заргарлик, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника, тоғ-кон саноати, транспорт ва логистика соҳаларида фаолият юритаётган 75 та йирик компанияси маҳсулотлари намойиш этилган «Made in Afghanistan» саноат маҳсулотлари кўргазмасига ташриф буюрди.
Кўргазма доирасида «B2B» ва «G2B» музокаралари ташкил этилди, унда тадбиркорлар янги фойдали алоқалар ўрнатдилар ҳамда қўшма лойиҳалар ва савдо шартномаларининг техник жиҳатларини муҳокама қилди.
Форум якунлари бўйича кимё саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасида қатор савдо шартномалари ҳамда логистика марказини ташкил этиш бўйича келишувлар имзоланди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.