У ижтимоий мақсадларни кўзлайдиган бизнес бўлиб, бунда даромадлар корхона эгаларининг даромадларини кўпайтиришга йўналтирилмайди. Бундай корхоналарнинг ишига асосан ижтимоий жиҳатдан нобарқарор ҳолатда бўлган ёки ногиронлиги бўлган шахслар жалб этилади.
Амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари учун иш ўринларини яратиш, ногиронлиги бўлган шахслар учун маҳсулот ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарадиган корхоналар учун солиқ ва бошқа турдаги имтиёзлар белгиланган. Лекин ижтимоий тадбиркорликнинг ҳуқуқий тушунчаси ва унга оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш механизмлари аниқ назарда тутилмаган.
Бу борада АҚШ, Буюк Британия, Полша, Бельгия, Италия ва бошқа давлатлар қонунчилиги ўрганилганда, ушбу тадбиркорлик фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари иш билан таъминланиши билан бирга, ижтимоий товарлар ишлаб чиқариш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш борасида юқори натижага эришилганини кўриш мумкин.
Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда ҳам «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунни қабул қилишга зарурат туғилди. Унинг асосий мақсади — аҳолининг ижтимоий заиф қатлами турмуш даражасини яхшилаш, уларни иш билан таъминлаш, ижтимоий товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишдан иборат.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ҳужжатлардан бири ҳам «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлди.
Таъкидлаш жоизки, бугун ижтимоий тадбиркорлик институтини яратиш ва уни ривожлантириш учун давлат томонидан тўлақонли қўллаб-қувватлаш тизимини амалиётга жорий этиш энг асосий масала ҳисобланади. Агар уларга субсидиялар ва грантлар ажратилмаса, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилмаса, келгусида бир марталик ёрдам ва бошқа чора-тадбирларга ундан-да кўпроқ маблағ сарф этилиши мумкин.
Шу жиҳатдан қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда амалдаги қонунчиликда белгиланган ўз ресурсларини ижтимоий соҳага йўналтирган корхоналарни аниқлаш мезонлари, ижтимоий соҳага инвестиция жалб қилганлик учун тақдим этиладиган имтиёз ва преференциялар ҳисобга олинган. Қолаверса, ижтимоий корхонани аниқлаш мезонларининг ва ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги шакллари ўз аксини топган.
Бугунги кунда бошқа ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам ҳал қилиниши керак бўлган ижтимоий муаммолар борлиги ҳеч кимга сир эмас. Ижтимоий тадбиркорлик эса бу муаммоларни юмшатиш ва ҳал қилишнинг энг самарали усулларидан бири бўлиши мумкин. Ҳар қандай бизнес каби ижтимоий тадбиркорлик ҳам бюджетга даромад келтиради ҳамда мамлакатдаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда иштирок этади.
Бир сўз билан айтганда, ижтимоий тадбиркорлик мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал қилишнинг энг самарали усулларидан бири саналади. Бу борада мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда ижтимоий тадбиркорлик фаолияти ва ижтимоий корхоналар ишини рағбатлантиришга хизмат қилишига аминман.
Ботирбек ТЎРАЗОДА,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси