Депутатлар «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилди. Бош вазир ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров лойиҳа бўйича маъруза қилди.
Маърузада қайд этилганидек, 2026 йилда ялпи ички маҳсулот реал ўсиши 6,6 фоизни ташкил этиши, аҳоли жон бошига ЯИМ 4 686 долларга етиши прогноз қилинмоқда. Саноат соҳасида 6,4 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,2 фоиз, бозор хизматларида 14,5 фоиз ва қурилишда 10,2 фоиз ўсиш кутиляпти. Инфляция даражасининг пасайиши ҳам режалаштирилган.
Келгуси йил учун консолидациялашган бюджет даромадлари 515,4 трлн сўм, харажатлари 567 трлн сўм этиб белгиланган. Бюджет тақчиллиги ЯИМга нисбатан 3 фоизни ташкил қилади. Ташқи қарзнинг чекланган ҳажми эса 5 млрд доллар этиб белгиланмоқда.
Депутатлар бюджет лойиҳаси «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган тамойиллар асосида ишлаб чиқилганини таъкидлаб, иқтисодий барқарорлик, инфляцияни жиловлаш, «яшил» тамойилларни жорий этиш, камбағаллик ва ишсизликни камайтиришга қаратилган чораларни қўллаб-қувватладилар.
Қонун лойиҳасида келгуси йилда асосий солиқ ва божхона ставкалари ўзгармасдан қолиши белгиланган. Бюджет даромадлари иқтисодий ўсиш ва солиқ базасининг кенгайиши орқали таъминланиши қайд этилди.
Депутатлар пенсия, нафақа ва стипендияларни инфляциядан юқори суръатларда ошириб бориш сиёсати давом эттирилишини ҳам маъқулладилар.
2026 йил Давлат бюджети ижтимоий йўналтирилганлик даражаси юқори бўлиб, ижтимоий соҳага ажратилган маблағлар 220 трлн сўмни (умумий харажатларнинг 55 фоизи) ташкил этмоқда. Унда таълим ва фан соҳасига 25,5 фоиз, соғлиқни сақлашга 12,1 фоиз, ижтимоий ҳимояга 4,2 фоиз маблағ ажратилиши белгиланган.
Муҳокамаларга бой бўлган мажлисда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси кўламини кенгайтириш, сунъий интеллектни ривожлантириш, маҳалла институтини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббусларни депутатлар маъқулладилар.
Муҳокамаларда халқ вакиллари бюджетдан ажратилаётган маблағлардан самарали, оқилона фойдаланиш борасида давлат органлари ва ташкилотларининг масъулияти ва жавобгарлигини таъминлаш мақсадида парламент ва депутатлик назоратини олиб бориши лозимлигини таъкидладилар.
Мажлис давомида бюджет даромадларини ошириш, солиқ базасини янада кенгайтириш, «яширин иқтисодиёт»ни қисқартириш, бюджет маблағларидан фойдаланишда коррупция омиллари ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.
Мажлисда сиёсий партиялар фракцияларининг фикрлари эшитилиб, Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.








